Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакат экспорт салоҳиятини кенгайтириш, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг тўлақонли ривожига тўсқинлик қилаётган ғовларни бартараф этиш, экспорт фаолиятининг давлат томонидан қўллаб-қувватланишини такомиллаштириш, шунингдек, маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқаришнинг комплекс тизимини ташкил этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг қуйидаги тартибни белгилаш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин:

юридик шахслар – мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар;

юридик шахслар – мева-сабзавот маҳсулотлари экспортидан тушумларни ўз вақтида таъминламаган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда 100 фоизлик олдиндан тўлов олиш талаблари уларга қўлланган ҳолда ноҳалол мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилар реестрига киритиладилар;

тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар.Бунда якка тартибдаги тадбиркорларнинг мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт тушумларига ягона солиқ тўлови тўланишини назарда тутувчи солиққа тортиш тартиби қўлланилади;

экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди, божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно. Бунда ҳужжатларда мавжуд маълумотларнинг ишончлилиги, шунингдек, товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтиш учун экспорт қилувчи жавобгардир;

тадбиркорлик субъектлари ўзларига ажратилган ер участкаларида мева-сабзавот маҳсулотларини бевосита уларни етиштириш жойларида суғориш, тайёрлаш ва сақлаш бўйича инфратузилма объектлари қуриш учун енгил конструкцияларни қуриш юзасидан қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишлари мумкин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Тадбиркорлик субъектларига ажратилган ер участкаларида мева-сабзавот маҳсулотларини бевосита уларни етиштириш жойларида суғориш, тайёрлаш ва сақлаш бўйича инфратузилма объектлари қуриш учун енгил конструкцияларни қуриш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини киритсин.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар муддатда мазкур қарорнинг 1-банди талабларини ҳисобга олган ҳолда Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими такомиллаштирилишини таъминласин.

3. Белгилансинки, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари ваколатли давлат органларига товар-йўл ҳужжатларидаги мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича ҳақиқатда амалга оширилган экспорт операциялари юзасидан ишончли маълумотлар тақдим этганликлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортидан тушадиган тушумлар муддатларини бузганликлари учун жавобгардирлар.

4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигига қуйидаги қўшимча функциялар юклатилсин:

мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш;

салоҳиятли ҳамкорлар излаш, анъанавий ва янги сотиш бозорларига чиқиш учун имкониятлар яратиш, шунингдек, зарурат бўлганда экспорт шартномаси бажарилишини услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш орқали мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширишга амалий ёрдам кўрсатиш;

ташқи бозорларда мева-сабзавот маҳсулотларининг нарх конъюнктурасини тизимли асосда ўрганиш, шу жумладан, ҳудудларга чиққан ҳолда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар билан ҳар ойда учрашувлар ўтказиш, шунингдек, ўрганиш натижалари, хусусан, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт нархлари даражаси тўғрисидаги маълумотларнинг ўз расмий веб-сайти ва бошқа оммавий ахборот воситаларида чоп этилишини ташкиллаштириш;

ҳар ойда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчиларга асосий сотиш бозорлари бўйича таҳлил натижалари ва прогнозларини, хусусан, нарх конъюнктурасининг ўзгаришлари, белгиланган пунктлар кесимида юклаш ҳажмлари ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини импорт қилишда техник талаблар тўғрисидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайти ва бошқа оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш орқали тақдим этиш.

5. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил икки ҳафта муддатда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчилар ҳамда экспорт қилувчиларга Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар уюшмасини ташкил этишларига кўмаклашсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 мартга қадар Интернет тармоғида Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан «TradeUzbekistan.com» электрон савдо майдончаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасининг ахборот тизимлари билан интеграциялашган, шу жумладан:

мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар, салоҳиятли импорт қилувчилар, янги узилган, қуритилган ҳамда қайта ишланган экспортга йўналтирилган мева-сабзавот маҳсулотлари турлари ва ҳажмлари, мева-сабзавот маҳсулотлари учун кўчатлар, уруғлар ҳамда ўғит етказиб берувчилар тўғрисидаги маълумот акс этувчи;

экспортга йўналтирилган мева-сабзавот маҳсулотларининг турлари, ҳажмлари, суммаси ва етиштириш ҳудудлари кесими тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, экспорт жараёнининг барча босқичларини реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ахборот порталини ишлаб чиқсин ва ишга туширсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, бошқа масъул вазирлик ва идоралар Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ахборот порталига доимий асосда ўз вақтида зарур маълумотлар киритилишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

масъул вазирлик ва идоралар томонидан тегишли маълумотларнинг Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ахборот порталига ўз вақтида киритилиши устидан мониторингни амалга оширсин;

Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ахборот порталини такомиллаштириш, узлуксиз фаолият кўрсатиши ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш юзасидан доимий асосда чоралар кўрсин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, давлат органларининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига экспорт қилувчининг ҳудудий мансублигига қараб тўсқинлик қилганлиги учун шахсан жавобгарлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар етакчи хорижий компаниялар билан музокаралар олиб борсин ва якунлари бўйича республика бўйлаб ҳамда чет элда маҳаллий мева-сабзавотларни реализация қилиш замонавий транспорт-логистика мажмуалари – “хаб”ларни ўз ичига олган савдо майдончаларини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартларида яратиш бўйича дастлабки лойиҳасини ишга тушириш борасида аниқ таклифлар киритсин.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда 2018 йил якуни бўйича экин майдонларини оптималлаштириш доирасида, жумладан, қисқартирилаётган пахта ва дон экинлари майдонлари негизида яратилаётган, мева-сабзавотларни етиштириш, тайёрлаш, саралаш, калибрлаш, қадоқлаш ва экспортга йўналтиришга мўлжалланган кластерларнинг манзилли рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги республикада мева-сабзавот етиштириш бўйича кластер тизимининг ҳолатини, жумладан, илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, чуқур таҳлил қилсин, натижаси юзасидан 2019 йил 1 декабрга қадар кластерлар самарали фаолият юритишида мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва ушбу соҳани янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритсин.

11. “Ўзстандарт” агентлиги:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда “Global GAP”, “Halal” ва “Organic” стандартлари талабларига мувофиқликка сертификатлаштириш бўйича халқаро тан олинган ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатсин;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК билан биргаликда 2019 йил 1 февралга қадар халқаро стандартлар талабларига мувофиқ бўлган органик ва бошқа маҳсулотларни етиштиришни ривожлантириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 мартга қадар мамлакатда “Global GAP”, “Halal” ва “Organic” стандартлари талабларига мувофиқ мева-сабзавот етиштирувчи маҳаллий корхоналарни сертификатлаш бўйича мутахассисларни тайёрлашни ташкил этсин.

12. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга чиқариш бўйича замонавий логистика менежменти механизмларини жорий этиш чораларини кўрсин, жумладан:

а) “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ 2019 йил 1 январга қадар:

“ягона дарча” тамойили асосида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича темир йўл ҳужжатларини жўнаш станциясида расмийлаштириш ишларини ташкил этсин;

мева-сабзавот маҳсулотларини юклаш ва тушириш бўйича тариф ва хизматларни маҳсулот хусусиятларини инобатга олган ҳолда соддалаштириш юзасидан қайта кўриб чиқсин;

юк жўнатувчилари ва юк эгалари буюртмалари асосида юк етиб бориш муддати ва ҳаракатланиш чоғида вагоннинг жойлашган ерлари тўғрисидаги маълумотларни узатиш бўйича механизмни ишлаб чиқсин ва жорий этсин;

мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари учун тегишли буюртма келиб тушган кунидан бошлаб уч суткадан ошмаган муддатда вагон ажратиш тартибини жорий этсин;

б) “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК 2019 йил 1 июнга қадар мева-сабзавот маҳсулотларини вақтинчалик сақлаш жойларини тагликда қадоқлашнинг халқаро стандартларга мувофиқ бўлган ва уларнинг ўтказиш қобилиятини таъминлайдиган замонавий музлатгич ва сканерловчи ускуналар билан қайта жиҳозласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда “Ўзагроэкспорт” АЖ фаолиятини танқидий ўрганиб чиқиб, унинг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар киритилишини таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

икки ҳафта муддатда мазкур қарор талабларини ҳисобга олган ҳолда, жумладан, ноҳалол мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар реестрини юритиш тартибини назарда тутувчи Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисидаги янгиланган низомнинг тасдиқланишини;

2019 йил 1 январига қадар мамлакатнинг чегара ҳудудларида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари учун замонавий ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт, ижтимоий инфратузилмалар, шунингдек, “ягона дарча” тамойили асосида зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва логистика хизматлари мавжуд бўлган махсус зоналарни тузиш масаласи ишлаб чиқилишини;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар товар омборхоналари томонидан бериладиган омборхона гувоҳномаларига мувофиқ мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилар ва етиштирувчилар учун тижорат банклари томонидан кредитлар бериш механизмини жорий этиш масаласи ишлаб чиқилишини;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 февралга қадар хорижда мева-сабзавот маҳсулотлари реализация қилиниши борасидаги реал ҳолатнинг, экспорт қилувчилар учун мавжуд ноқулай шароитларнинг, жумладан, улар билан мулоқот ўрнатиш орқали чуқур ўрганилишини;

2019 йил 1 мартга қадар ўтказилган ўрганишлар якуни бўйича экспорт қилувчилар учун мавжуд ноқулай шароитларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилишини ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилишини;

2019 йил 1 мартга қадар Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ахборот порталини юритиш тартиби тўғрисидаги низомнинг тасдиқланишини таъминласин.

15. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари (Отажонов) – тармоқнинг жадал ривожланишига ҳамда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчиларнинг барқарор фаолият юритишига тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиш учун;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари (Мирзаев) – рақобатбардош мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришни, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишнинг диверсификация қилинишини таъминлаш учун;

Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири (Ходжаев)
 – маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш бўйича экспорт қилувчиларга кўмаклашиш, шунингдек, мамлакат экспорт салоҳиятини юксалтириш учун;

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири (Юсупов)
 – табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва инновацион технологияларни жорий этиш, жумладан, интенсив етиштириш технологияларини қўллаш асосида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ҳамда экспорт қилиш ҳажмини оширишни таъминлаш учун;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси (Азимов) – экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотларини божхона ҳужжатларини ўз вақтида расмийлаштириш, шунингдек, ноҳалол мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар реестри юритилишни таъминлаш учун;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошлиғи (Иргашев) – экспорт қилинувчи мева-сабзавот маҳсулотларининг лаборатория экспертизаси ва карантин текширувини ўз вақтида таъминлаш учун;

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ (Сагдуллаев) ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК (Ҳакимов) раҳбарлари – мева-сабзавот маҳсулотларини ўз вақтида ва сифатли чет элга етказиб бериш учун халқаро стандартларга мос инфратузилма яратиш учун;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари – мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва экспорт қилувчилари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш, саралаш, калибрлаш, қадоқлаш ва экспортга жўнатиш кластер тизимини жорий этишга кўмаклашиш учун шахсий жавобгарлик юклансин.

16. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мазкур қарор талаблари ижросини тизимли назорат қилиб борсин ва айбдор шахсларга нисбатан қатъий жавобгарлик чораларини қўлласин.

17. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.

18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Н.С.Отажонов ва З.Т.Мирзаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 17 октябрь