Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини ташкил этишда самарали ҳамкорликни таъминлаш, замонавий ахборот- коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда қарздорликни ундириш чораларининг тезкорлиги ва таъсирчанлигини ошириш мақсадида:
1. Бош прокуратуранинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида (кейинги ўринларда – Бюро) қуйидагиларга мўлжалланган Ижро ҳужжатлари юзасидан қарздорликларни ундириш масалалари бўйича ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини (кейинги ўринларда – Ягона электрон ҳамкорлик тизими) яратиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин:
қарздор-жисмоний шахслар ва уларнинг мол-мулклари, шунингдек, олиб берилиши лозим бўлган болани қидиришда Бюро ва давлат органлари, банк муассасалари ва бошқа ташкилотлар ўртасида тезкор ахборот алмашиш;
давлат ижрочиларининг қарорлари, топшириқлари, кўрсатмалари, билдиришномалари ва бошқа хабарномаларини, шунингдек, уларга жавобларни тегишли давлат органлари, банк муассасалари ва бошқа ташкилотларига электрон ҳужжат кўринишида юбориш (қабул қилиш);
суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишдан бўйин товлаётган қарздорларга, шу жумладан уларнинг мол-мулклари ва мулкий ҳуқуқларига нисбатан чеклов чораларини ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўз вақтида қўллаш.
2. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этишда Бюро билан электрон ҳамкорликни амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар (кейинги ўринларда – ҳамкорлик қилувчи ташкилотлар) рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бюрога мазкур рўйхатни бошқа давлат органлари ва ташкилотлар билан кенгайтириш, шунингдек, улар бўйича қарздорликларни ундириш масалалари бўйича идоралараро электрон ҳамкорлик схемасини келишилган ҳолда белгилаш ҳуқуқи берилсин.
3. Белгилансинки, Бюро ва ҳамкорлик қилувчи ташкилотлар ўртасидаги қарздорликларни ундириш бўйича идоралараро электрон ҳамкорлик:
2-19-иловаларга мувофиқ схемалар бўйича;
мавжуд маълумотларнинг тезкорлиги ва ҳаққонийлигини таъминлаган ва қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирларни кўрган ҳолда рухсатсиз фойдаланишга имкон бермайдиган ҳимояланган телекоммуникация тармоқлари орқали;
ҳамкорлик қилувчи ташкилотларнинг ахборот тизимларига тўғридан-тўғри уланиш ёки ҳамкорлик қилувчи ташкилотларнинг маълумотлар базаларини Бюронинг ахборот тизимида такрорлаш ва мунтазам янгилаб бориш ёхуд ҳамкорлик қилувчи ташкилотларнинг ахборот тизимларини Бюронинг ахборот тизими билан интеграция қилиш йўли билан;
Бюро ва ҳамкорлик қилувчи ташкилот ўртасида тузиладиган электрон ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар ва технологик йўриқномаларга мувофиқ амалга оширилади.
4. Белгилансинки, ҳамкорлик қилувчи ташкилотларнинг ахборот тизимларидаги ёки маълумотлар базаларидаги такомиллаштиришлар ёхуд электрон ҳамкорлик тўғрисидаги технологик йўриқноманинг ўзгаришига олиб келаётган ҳар қандай ўзгартириш Бюро билан келишилган ҳолда амалга оширилади ва Ягона электрон ҳамкорлик тизимига интеграция қилинади.
5. Бюро Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда ҳамкорлик қилувчи ташкилотлар билан биргаликда 2018 йил 1 сентябрга қадар:
ҳамкорлик қилувчи ташкилотлар билан электрон ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар ва технологик йўриқномалар тузилишини;
ҳамкорлик қилувчи ташкилотларнинг ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари билан интеграция қилишни инобатга олган ҳолда Ягона электрон ҳамкорлик тизими ишга туширилишини таъминласин.
Белгилансинки, ҳамкорлик қилувчи ташкилотларнинг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини интеграция қилиш бўйича ишлар, шу жумладан дастурий таъминотни яратиш, ўз ходимларини электрон рақамли имзо билан таъминлаш Бюро ва ҳамкорлик қилувчи ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни киритсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2018 йил 13 март