Фан ва олий таълим соҳаси ходимларининг меҳнат ҳақи миқдорини янада ошириш, илмий ва илмий-техник фаолият натижалари жорий этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
 
қ а р о р и
Фан ва олий таълим соҳаси ходимларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, уларнинг касби обрўси ва нуфузини ошириш, малакали кадрларни илмий ва педагогик фаолиятга жалб этиш учун меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг муносиб шарт-шароитларини яратиш, шунингдек, олимлар ва ўқитувчиларнинг иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқларида кенг кўламли таркибий ўзгаришларни амалга оширишда иштирокини таъминлаш мақсадида:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги “Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3655-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фундаментал, амалий тадқиқотлар илмий-техник дастурларини ва инновация ишларини амалга оширишда иштирок этаётган илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ва илмий ходимлари, шунингдек, олий таълим муассасалари раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар таркибининг базавий лавозим маошлари миқдорлари 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб табақалаштирилган ҳолда ўртача 25 фоизга оширилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг:
2018 йил 1 августдан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси бошқарув аппарати ходимларининг иш ҳақи миқдорини 2 баравар ошириш;
2018 йил 1 сентябрдан илмий фаолиятни конструктор-технологик таъминлаш, илмий лаборатория ускуналарига хизмат кўрсатиш вазифалари юклатилган илмий-тадқиқот муассасалари муҳандис-техник ходимларининг иш ҳақи миқдорини эгаллаб турган лавозими ва илмий фаолият соҳасидан келиб чиқиб, 30 фоиздан 100 фоизгача табақалаштирилган миқдорда ошириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фундаментал, амалий тадқиқотлар илмий-техник дастурларини ва инновация ишларини амалга оширишда иштирок этаётган илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ва илмий ходимлари, илмий фаолиятни конструктор-технологик таъминлаш, илмий лаборатория ускуналарига хизмат кўрсатиш вазифалари юклатилган илмий-тадқиқот муассасаларининг муҳандис-техник ходимлари, шунингдек, олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар таркибининг иш ҳақи миқдори қуйидаги икки босқичда оширилсин:
2019 йил 1 январдан – 20 фоизга;
2019 йил 1 июлдан – 25 фоизга.
4. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги 2018 йил 25 июлгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси бошқарув аппарати ходимлари ва илмий-тадқиқот муассасалари муҳандис-техник ходимларининг иш ҳақи миқдорини ушбу қарор талабларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқсин.
5. Вазирлар Маҳкамаси мазкур қарор талабларига мувофиқ 2018 йил
1 ноябргача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фундаментал, амалий тадқиқотлар илмий-техник дастурларини ва инновация ишларини амалга оширишда иштирок этаётган илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ва илмий ходимлари, шунингдек, олий таълим муассасалари раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар таркибининг базавий лавозим маошларини тасдиқласин.
6. Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар академияси, Молия вазирлиги ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси билан биргаликда икки ой муддатда илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш Президент жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма) унинг “Ипотека банк” АТИБда 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ҳисобрақамларини очган ҳолда ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин.
7. Жамғарманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
ижтимоий-иқтисодий соҳани янада ривожлантириш мақсадида илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини жадал ва кенг жорий қилиш;
илмий ва илмий-техник фаолиятни юқори технологик тадбиркорлик стартап-лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш орқали амалий натижаларга эришиш учун йўналтириш;
тадқиқотларни амалга оширилаётган стартап-лойиҳаларда таъсисчи сифатида иштирок этиш орқали тижоратлаштириш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар ва технологияларни жадал ишлаб чиқишга йўналтириш.
8. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар академияси, Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, шу жумладан, Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириш учун илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини баҳолаш ва танлашнинг аниқ мезонларини назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда мазкур қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни ўз вақтида молиялаштирилишини таъминласин;
Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С.Қосимов ва Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон Республикасининг молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2018 йил 20 июль
ПҚ-3876