Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг биометрик ҳужжатига эга бўлган чет эл фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига киришда визасиз режимни белгилаш ва виза режимини енгиллаштириш тўғрисида

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (кейинги ўринларда – БМТ) билан ўзаро ҳамкорлиги доимий равишда кенгайиб, чуқурлашиб бормоқда. БМТ билан ўрнатилган олий ва юқори даражадаги алоқалар мунтазам ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон БМТнинг Бош ассамблеяси ва бошқа ихтисослаштирилган муассасалари фаолиятидаги ўз иштирокини фаоллаштирди.

Ўзбекистон Республикасининг БМТ ва унинг тузилмалари билан барча долзарб йўналишларда ўзаро муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ҳар томонлама ривожлантириш, халқаро молия институтлари билан алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, БМТ ходимларининг Ўзбекистон Республикасига ташриф буюриши учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

1. 2020 йил 1 январдан бошлаб БМТнинг биометрик ҳужжатига (қизил рангли Laissez-Passer паспорти) эга бўлган чет эл фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгилансин.

2. Белгилансинки:

БМТнинг биометрик ҳужжатига (мовий рангли Laissez-Passer паспорти) эга бўлган чет эл фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига кириш визалари Ўзбекистон Республикасидаги таклиф қилувчи томоннинг таклифнома хати асосида 2 иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан расмийлаштирилади;

БМТнинг биометрик ҳужжатларига (қизил ёки мовий рангли Laissez-Passer паспорти) эга бўлган ва Ўзбекистон Республикасига ташриф буюраётган чет эл фуқароларида бир вақтнинг ўзида амал қилиш муддати БМТнинг биометрик ҳужжатлари амал қилиш муддатидан кам бўлмаган миллий паспорти (ҳаракатланиш ҳужжати) бўлиши лозим.

3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

бир ой муддатда мазкур Фармон қоидалари тўғрисида БМТни хабардор қилсин, шунингдек, БМТнинг биометрик ҳужжатлари (қизил ва мовий рангли Laissez-Passer паспортлари) намуналарини, бундай ҳужжатлар ва уларнинг ҳимоя элементлари батафсил тавсифини сўраб олсин;

икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти имтиёзлари ва иммунитетлари тўғрисидаги конвенциясига (Нью-Йорк, 1946 йил 13 февраль) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши мақсадга мувофиқлигини ўрганиб, натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифлар киритсин.

4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Махмудов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                       Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 24 декабрь

ЎзА