Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 январдаги “Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5643-сон Фармони ижроси юзасидан, шунингдек, чет эл инвестициялари кенг жалб этилишини таъминлаш ҳамда республика ташқи савдо фаолиятини ривожлантириш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик) ҳузурида:
Идоралараро божхона-тариф кенгашини тугатган ҳолда Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши;
чет эл инвесторларини маълумотлар билан таъминлаш ва ҳуқуқий кўмак бериш, шунингдек, юзага келган муаммоларни ҳал этиш, зарурий ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича уларга хизмат кўрсатиш учун Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги;
маҳаллий хомашё негизида юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун илғор хорижий технологияларни излаб топиш, жалб қилиш ва жорий этишга, илмий ишланмаларни экспертиза қилиш, уларнинг миқёсини кенгайтириш ва тижоратлаштиришнинг самарали тизимини яратиш, илғор технологияларни ишлаб чиқувчи ва жорий этувчи корхоналарга давлат томонидан кўмак бериш механизмларини шакллантириш мақсадида Технологик ривожланиш агентлиги ташкил этилсин.
Белгилансинки, Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгашининг таркиби 1-иловага кўра намунавий таркибга мувофиқ шакллантирилади.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ташкилий тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг марказий аппарати тузилмаси 3-иловага мувофиқ;
Вазирлик ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳамда Технологик ривожланиш агентлиги тузилмалари 4, 5 ва 6-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Вазирлик, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги ва Технологик ривожланиш агентлиги бошқарув ходимларининг чекланган сони 1 183 нафар, шу жумладан, Вазирликнинг марказий аппарати бошқарув ходимлари – 200 нафар этиб белгилансин.
3. Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирига:
зарур ҳолларда, бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида Вазирлик марказий аппарати, Вазирлик ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳамда Технологик ривожланиш агентлиги тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;
Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари тузилмаларини ва бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида уларнинг бошқарув ходимлари чекланган сонини тасдиқлаш;
Вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан бошқарув ходимларининг қўшимча штат бирликларини киритиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар, хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини, шунингдек, экспертларни маслаҳатчи сифатида жалб қилиш;
малакали хорижий мутахассисларни ишга қабул қилиш ва уларга иш ҳақи миқдори ҳамда бошқа тўловларни чет эл валютасида белгилаш ҳуқуқи берилсин.
4. Белгилансинки:
Вазирлик ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги ва Технологик ривожланиш агентлиги директорлари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири тақдимномасига асосан;
Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги ва Технологик ривожланиш агентлиги директорлари ўринбосарлари – Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири томонидан;
Қорақалпоғистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири, унинг ўринбосари – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири билан келишган ҳолда;
вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар инвестициялар ва ташқи савдо бошқармалари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари – вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири билан келишган ҳолда;
туманлар ва шаҳарлар инвестициялар ва ташқи савдо бўлимлари бошлиқлари – тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири, вилоятлар, шунингдек, Тошкент шаҳар инвестициялар ва савдо бошқармалари бошлиқлари тақдимномасига кўра ҳамда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
5. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда инвестиция шартномаларини тузиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни қайта кўриб чиққан ҳолда инвестиция шартномаларида хўжалик юритувчи субъектларни бозорда устун мавқега олиб чиқувчи алоҳида ҳуқуқ ва қоидалар киритилишига йўл қўймаслик бўйича аниқ механизмларини белгилаб берувчи намунавий инвестиция шартномалари ҳамда уларни тузиш ва имзолаш қоидаларини тасдиқласин.
6. Белгилансинки, 2019 йил 1 июлдан бошлаб инвесторлар билан ўзаро алоқалар “ягона дарча” тамойили асосида амалга оширилади, унинг доирасида салоҳиятли инвесторларга консультация бериш, уларнинг давлат хизматларидан фойдаланиши, шу жумладан, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасига уланишида ёрдамлашиш, шунингдек, инвестиция шартномаларини тузишда кўмаклашиш борасидаги ишлар бажарилади.
Вазирлик икки ой муддатда инвесторлар билан “ягона дарча” тамойили асосидаги ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини, шунингдек, туманлар, шаҳарлардаги Вазирлик ходимларининг тегишли давлат хизматлари марказларига юборилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Белгилаб қўйилсинки:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг инвестицияларни жалб қилиш ва ташқи савдони ривожлантириш учун масъул ўринбосарлари ҳар чоракда Вазирликка иқтисодиётнинг асосий соҳаларига тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ва илғор технологияларни жалб қилиш ва инфратузилмани ривожлантириш ҳамда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг техник кўмаги воситалари (грантлари) ва имтиёзли кредитлари ҳисобидан лойиҳаларнинг амалга оширилиши бўйича қилинган ишлар тўғрисида таҳлилий материаллар ва ҳисоботлар тақдим этади;
Вазирлик ходимлари учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан белгиланган тартибда ажратиладиган кўп йиллик хизматлари учун устамалар ва қўшимча тўловлар, шунингдек, аввалги иш жойида берилган махсус унвонлар, даражали унвонлар, дипломатик ва бошқа мартабалар сақлаб қолинади.
Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг жорий таъминоти ва молиялаштириш харажатлари (иш ҳақи, мукофотлар, устамалар ва бошқа тўловларни ўз ичига олган ҳолда) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг тегишли бюджетлари маблағлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
Вазирлик ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳамда Технологик ривожланиш агентлиги ходимларига Вазирликнинг марказий аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя шарт-шароитлари жорий этилади;
Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 январдаги “Ҳудудий давлат бошқаруви органлари ходимларининг фаолиятини янада такомиллаштириш ва уларни моддий рағбатлантиришни кучайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2722-сон қарорининг 1-бандида назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.
9. Вазирлик томонидан маҳаллий ҳамда хорижий инвесторлар ва ташқи савдо фаолияти иштирокчилари учун ноқулай шароитлар мавжудлиги тўғрисида келиб тушган ахборотлар бўйича тезкор чоралар кўрилсин.
10. Вазирлик ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг:
фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш объектларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан биргаликда хусусий тадбиркорлик субъектларининг бўш турган ва қурилиши тугалланмаган объектлари ишлаб чиқариш фаолиятини тиклашга қаратилган инвестиция лойиҳалари (“йўл хариталари”) ни ишлаб чиқиш бўйича идоралараро комиссиянинг ишчи органи функцияларини амалга ошириш;
Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази қошида ташқи савдо ва экспорт асослари бўйича бепул курсларни ташкил этиш ҳамда келгусида бундай курсларни тадбиркорликка кўмаклашиш марказларида ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Вазирлик, Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва бошқа масъул вазирлик ва идоралар ташқи савдо ва экспорт асослари бўйича курсларни ташкил этиш ва ўтказишда Савдо-саноат палатасига кўмаклашсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг давлат ривожланиш дастурларини молиялаштириш функциясини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига юклаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасини 2019 йил 1 февралдан бошлаб тугатиш ва тугатилаётган Жамғарманинг 14 нафар бошқарув ходимларини ҳудудий молия органлари тузилмасига бериш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
а) бир ой муддатда:
ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий имкониятларини жорий этишни таъминлаган ҳолда тан олинадиган мамлакатларда Ўзбекистон Республикаси маҳсулотларини ўзини ўзи сертификатлаш тизимини жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг мансублик сертификатини расмийлаштириш функциясини Савдо-саноат палатасига бериш бўйича тадбирлар режасини тасдиқласин;
Вазирлик ходимларининг моддий таъминотини яхшилаш бўйича, жумладан, улар учун турар жойлар ва хизмат уйлари қуриш ва Вазирликни жойлаштиришни назарда тутувчи таклифлар киритсин;
б) уч ой муддатда экспорт маҳсулотларини тизимли равишда етказиб беришни ташкил этиш ва келгусида уларни минтақавий бозорларда сотиш мақсадида давлат-хусусий шериклиги асосида хорижда улгуржи-тақсимлаш марказларини ташкил этиш бўйича чоралар кўрсин.
13. Вазирлик Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда экспорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сертификатлаш, етказиб бериш ва сотиш масалаларига оид кўрсатувлар туркумини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Вазирликни белгиланган тартибда телефон алоқаси, шу жумладан, ҳукумат алоқаси, Интернет тармоғига улаш ҳамда Вазирликнинг самарали ишлаши учун зарур бўлган дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини таъминласин.
15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
ушбу қарор ижросини таъминлаш юзасидан Вазирлик харажатлари учун асосланган ҳисоб-китоблар бўйича 2019 йилга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида маблағ ажратсин ва 2020 йилдан бошлаб зарур бюджет маблағларини кўзда тутсин;
30 та, шу жумладан, 25 та шахсий бириктирилган ва улардан 14 таси Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари учун мўлжалланган хизмат енгил автомобилларининг таъминоти учун лимит белгиласин;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил учун тасдиқланган харажатлар сметасига ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб тегишли ўзгартиришлар киритсин.
16. Вазирлик:
а) 2019 йил 1 июнга қадар салоҳиятли инвесторларни қизиқтирувчи дастлабки ҳисоб-китобларга эга аниқ лойиҳалар ва бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда ҳар бир ҳудуднинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва инвестиция ҳажмига бўлган эҳтиёжини акс эттирувчи Ўзбекистон Республикасининг интерактив инвестициявий харитасиниишлаб чиқсин ва жорий қилинишини таъминласин;
б) бир ой муддатда:
Вазирликнинг марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмаларини зарур назарий билимлар ва амалий кўникмаларга эга, Вазирликка юклатилган вазифаларни профессионал даражада амалга ошириш қобилиятига эга бўлган юқори малакали кадрлар билан тўлдиришни;
Вазирликнинг таркибий ва қуйи бўлинмалари тўғрисидаги низомлар (уставлар), шунингдек, ходимларнинг лавозим йўриқномалари тасдиқланишини;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3978-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ахборот порталида республика ҳудудлари экспорт салоҳияти, истеъмол бозорлари ҳажми бўйича статистик ҳисоботлар, санитар ва фитосанитар талаблар, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг мева-сабзавот маҳсулотлари бозорларига киришнинг бошқа шартлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган эркин фойдаланиш имконини берувчи электрон каталогнинг чоп этилишини;
Ўзбекистон Республикаси миллий маҳсулотлари брендини, жумладан, оммавий ахборот воситаларида танлов ташкил этиш орқали ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминласин;
в) Вазирлик, унинг бўлинмалари ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини аниқ натижа ва мақсадли индикаторларга эришиш, ташқи савдо ва инвестицияларни ривожлантириш бўйича яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболларга мўлжалланган стратегия дастурлари сифатли ва самарали бажарилишини таъминлаш асосида баҳолашнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чораларини кўрсин;
г) Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан биргаликда доимий равишда ташқи бозорлар талабларини, жумладан, хорижий мамлакатлардаги ваколатли органларга доимий равишда сўровлар жўнатиш орқали ўргансин, хорижда юқори талабга эга маҳсулотлар рўйхатини шакллантирсин ва умумфойдаланадиган шаклда жойлаштирсин;
д) ташқи бозорларни таҳлил қилиш натижалари асосида маҳсулотга бўлган талабни, тегишли мамлакатга етказиб бериш рентабеллиги ва бошқа хусусиятларни инобатга олган ҳолда маҳсулотларни экспорт қилиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва рухсатномалар олиш масалаларини ҳал этиш мақсадида мамлакатлар ва маҳсулотлар рўйхатини ҳар йили 5 январга қадар ваколатли органларга тақдим этилишини таъминласин;
е) тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
ўзаро ҳамкорликнинг аниқ ва самарали механизмларини ва бозорларда юзага келувчи вазиятларга ўз вақтида таъсир чорасини кўришни назарда тутувчи Вазирлик ҳузуридаги Тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича Кенгаш фаолияти тўғрисидаги Низомни;
Вазирликнинг бўлинмалари ва бошқа ваколатли органларининг мазкур соҳадаги ваколатларини аниқ белгилаган ҳолда, шунингдек, давлат бошқаруви ва жойлардаги ижро ҳокимияти органлари билан ўзаро фаолият юритиш механизмларини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тўғрисидаги Низомни;
Вазирлик ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги ва Технологик ривожланиш агентлиги тўғрисидаги низомларни;
қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритсин;
17. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Вазирлик ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХКни тугатишчораларини кўрсин ва ушбу соҳада ўзини ўзи тартибга солувчи ташкилот тузиш бўйича таклифлар киритсин.
18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М.Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2019 йил 28 январь