Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Чет тилларини ўқитиш бўйича илғор хорижий тажрибани таълим тизимига жорий қилиш, чет тилларини мукаммал эгаллаган олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ҳамда хорижий тиллар бўйича филологлар, педагоглар, таржимонлар ва гид ҳамроҳларини тайёрлаш тизимини янада кенгайтириш мақсадида:
1. Андижон шаҳрида Андижон давлат чет тиллари институти (кейинги ўринларда – Институт) ташкил этилсин.
Белгилансинки, Институт юридик шахс мақомига эга бўлган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида фаолият юритади.
2. Қуйидагилар Институт фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
хорижий тиллар соҳаси бўйича олий маълумотли, илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш;
ўқув жараёнида халқаро баҳолаш дастурлари (TALIS, PIRLS, PISA) ва стандартларидан фойдаланиш, ўқитиш ва баҳолашнинг замонавий шакллари, методлари ва технологияларини жорий этиш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлган педагогларни тайёрлаш;
етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари жорий этиш ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш;
халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг амалдаги рейтингида олий таълим муассасалари орасида юқори 1 000 талик ўринни эгаллаган хорижий олий таълим муассасасининг дастури асосида ўз таълим дастурларини шакллантириш, етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан мустақил равишда қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни жорий этиш;
таълимни замонавий педагогик технологиялар асосида ташкил этиш, жумладан, ўқув жараёнига рақамли технологияларни татбиқ қилиш, шунингдек, ўқув жараёнини талабаларда мустақил таълим олиш ва амалий, жумладан, синхрон, бадиий, кетма-кет ва илмий-техник таржима кўникмаларини шакллантиришга йўналтириш;
Институтнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш, жумладан, профессор-ўқитувчилар стажировкаси ва малака оширишини нуфузли республика ва хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларида ташкил этиш.
3. Қуйидагилар:
Андижон давлат чет тиллари институти фаолиятини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ;
Андижон давлат чет тиллари институтини 2026 йилга қадар ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ;
Андижон давлат чет тиллари институтида ташкил этиладиган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
а) Институтда ўқув жараёни 2022/2023 ўқув йилидан бошланади ҳамда талабаларга иккита хорижий тил бўйича квалификация берилади;
б) Андижон давлат университети ва унинг Педагогика институтига хорижий тиллар йўналишларида бакалавриат ва магистратура босқичларида кадрлар тайёрлаш бўйича ажратиладиган давлат буюртмаси квотаси 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Институтга йўналтирилади;
в) Институтга талабаларни қабул қилиш параметрлари ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси ва қўшимча қабул параметрлари доирасида аниқланади;
г) Институтнинг бакалавриат таълим йўналишларига 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб кириш имтиҳонларида фанлар мажмуасидаги чет тили фанидан 4 та кўникмани (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон ўтказилади. Бунда:
чет тилини билиш даражаси B2 ва ундан юқори миллий сертификатга ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан ўқишга кириш синовларида имтиҳонсиз максимал балл берилади;
чет тили фанидан касбий (ижодий) кириш имтиҳонлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади;
д) Институтнинг магистратура мутахассисликларига киришда хорижий тилни билиш даражаси бўйича С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификат ва бакалавриат диплом баллининг ўртача кўрсаткичи инобатга олинади ҳамда қўшимча имтиҳонлар ўтказилмайди;
е) Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан мутахассислик фанларидан хорижий тилда дарс берадиган С1 даражасидан кам бўлмаган миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга ўқитувчиларига уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида қўшимча устама ҳақи тўлаб борилиши мумкин.
5. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
а) 2022 йил 1 июлга қадар Институтни танлов асосида амалий тажриба ва (ёки) илмий даражага эга бўлган юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан тўлдириш чораларини кўрсин;
б) 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Институтнинг хорижий тиллар ўқитувчилари С1 даражасидан кам бўлмаган миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга бўлишини ҳамда дарс машғулотларини тегишли тилларда олиб борилишини таъминласин;
в) 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб:
Институтнинг мутахассислик фанлар (хорижий тилдан ташқари) ўқитувчиларининг B2 даражадан кам бўлмаган миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга бўлишини;
Институтнинг ўқув жараёнига тил эгаси бўлган малакали хорижий мутахассисларни жалб қилинишини ташкиллаштирсин. Бунда, хорижий мутахассисларнинг ойлик иш ҳақи бозор конъюнктураси асосида аниқланади ҳамда Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади;
г) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрга қадар Институтни зарур телекоммуникация воситалари билан жиҳозлаш ҳамда юқори тезликдаги Интернет тармоғига улаш чораларини кўрсин.
6. Андижон вилояти ҳокимлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Институт талабаларини амалиёт ўташ учун ҳудуддаги корхоналар, туризм ва маданий мерос объектлари, таълим ва бошқа ташкилотларга бириктириш ҳамда юқори курс талабаларини иш ҳақи тўланадиган тизим орқали банд қилиш чораларини кўрсин.
7. Инновацион ривожланиш вазирлиги филология фанлари тармоғининг тегишли ихтисосликлари бўйича юқори малакали илмий ва илмий-педагог кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, 2023 йилдан бошлаб Институтга докторантура бўйича квота ажратилишини таъминласин.
8. Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги қуйидаги йўналишларда Институтга яқиндан кўмаклашсин:
хорижлик экспертларни жалб этган ҳолда профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар учун малака ошириш, жумладан, синхрон таржима қилиш кўникмаларини шакллантириш бўйича курсларни ташкил қилишда;
профессор-ўқитувчиларнинг замонавий ўқитиш кўникмаларини ривожлантиришда ва чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича сертификат олишида;
Институтнинг бўш аудиторияларида хорижий тилларни ўқитиш курсларини ташкил этиб, талабаларга қўшимча даромад топишлари учун зарур шароит яратишда;
аҳоли ва таълим муассасалари учун чет тилларини ўрганишда кўмак берувчи контентларни шартнома асосида яратишда.
9. Белгилансинки:
Институт фаолияти Давлат бюджети маблағлари, тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар, ҳомийлик хайриялари ва грантлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
Институтнинг бошланғич фаолиятини самарали ташкил этиш, хусусан унинг бино ва иншоотларини таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади;
мазкур қарорни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш 2022 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2023 йилдан бошлаб – Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
10. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Андижон вилояти ҳокимлигининг қуйидаги бино ва иншоотларни тегишли ҳудуди билан биргаликда Институтга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
Андижон шаҳар, Бобуршоҳ кўчаси, 5-уй манзилида жойлашган Андижон давлат университетининг ўқув биноларини;
Андижон шаҳар, Бобуршоҳ кўчаси, 20-уй манзилида жойлашган Андижон давлат университетининг талабалар турар жойини;
Андижон давлат университетининг Андижон вилояти, Хонобод шаҳри, “Кампирровот” МФЙ ҳудудида жойлашган дам олиш масканини.
11. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Институтнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, янги ўқув биноси ва талабалар турар жойини қуриш ҳамда уларни жиҳозлаш лойиҳаларини Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил ва келгуси йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.
12. Андижон вилояти ҳокимлиги Институт фаолиятини самарали ташкил этиш учун бошқа ҳудудлардан жалб этилган профессор-ўқитувчиларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида Институтга яқин ҳудудда жойлашган кўп қаватли уй-жойлардан хизмат уйларини Институтга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратсин.
Институтга ўзининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан бошқа ҳудудлардан жалб этилган профессор-ўқитувчилар учун қулай шарт-шароит яратиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусан ижара тўловини компенсация қилишга рухсат этилсин.
13. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х.Тошкулов ҳамда Андижон вилояти ҳокими Ш.К.Абдурахмонов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 31 май