Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, жойларда юзага келадиган муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал этишга қодир маҳаллий ижро этувчи ҳокимият тузилмасини такомиллаштиришга қаратилган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини яхшилаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, республика ҳудудларидаги ишларнинг реал ҳолатини ўрганиш натижаси уларни комплекс ва жадал ривожлантиришга тўсқинлик қиладиган тизимли камчиликлар мавжудлигидан далолат бермоқда.
Ижтимоий-иқтисодий ва институционал ислоҳотларни амалга оширишни назарда тутувчи давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг янги моделини ишлаб чиқиш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида белгиланган вазифаларга мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ва Жиззах вилояти ҳокимлигининг 2019 йил 1 мартдан бошлаб Жиззах вилоятида қуйидагиларни назарда тутувчи “Илғор ҳудуд” синов лойиҳасини (кейинги ўринларда – синов лойиҳа) амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:
норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш соҳасини таҳлил қилиш ва баҳолаш;
ҳудудни жадал ривожлантириш учун илғор қарорларни аниқлаш, шунингдек, республика ва ҳудудий ижро ҳокимияти органларининг жавобгарлик соҳасини аниқлаштириш;
ҳудуднинг стратегик мақсадлари, шунингдек, ҳудудий давлат бошқаруви органлари учун мақсадли кўрсаткичларни шакллантириш механизмларини ишлаб чиқиш;
ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш ва даромадларини ошириш;
таркибий ислоҳотлар ёрдамида инвестициявий муҳитни яхшилаш;
“Бир қишлоқ – битта маҳсулот” тамойили бўйича талаб юқори бўлган товарларни ишлаб чиқариш учун шарт-шароитларни жадаллик билан яратиш;
иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш ва саноатнинг янги тармоқларини ривожлантириш, Жиззах вилоятида ишлаб чиқариладиган маҳсулот ва хизматларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун шарт-шароитларни яратиш.
2. Белгилаб қўйилсинки:
Агентлик синов лойиҳани тизимли ва самарали тайёрлаш ҳамда амалга ошириш учун масъул орган ҳисобланади;
Агентликнинг синов лойиҳани амалга ошириш доирасида қабул қилган қарори, бошқарув хусусиятидаги топшириқлардан ташқари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар, хўжалик субъектлари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси вазирликлар, идоралар ва Жиззах вилояти ҳокимлигининг Агентлик билан ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлайди ҳамда синов лойиҳани амалга ошириш бўйича Агентликка юкланган вазифаларни бажаришда ҳар томонлама кўмаклашади;
Агентликка Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари ва бошқа хорижий ташкилотлар билан ўзаро тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш ваколати берилади.
3. Агентлик 2019 йил 1 мартга қадар:
а) Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда хорижий маслаҳатчилар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда Жиззах вилояти ҳудудини режалаштириш схемаси эскизини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритишни таъминласин;
б) Қурилиш вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Жиззах вилояти туманлари ва аҳоли пунктларининг бош режаларини режалаштириш схемалари, шунингдек, тегишли архитектура-режалаштириш тадбирлари мувофиқлигини назорат қилиш мақсадида ихтисослаштирилган Архитектура-режалаштириш эксперт кенгашини ташкил этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин;
в) Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қуйидагиларни назарда тутувчи Жиззах вилоятини ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин:
давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш соҳасини таҳлил қилиш ва баҳолаш, чора-тадбирларни амалга ошириш ва маъмурий тўсиқларни бартараф этишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш механизмини жорий этиш;
таркибий ислоҳотлар, шу жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш соҳасидаги таркибий ислоҳотлар бўйича таклифлар бериш;
инновацион лойиҳалар, шу жумладан, рақамли иқтисодиёт, ахборот-коммуникация технологиялари, истеъдодли болалар ва ёшлар имкониятларини, транзит йўлларидаги инфратузилмани ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар бериш;
урбанизация ва комплекс уй-жой қурилиши жараёнларини тартибга солиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
туризм тармоғини, шу жумладан, Зомин туманида туризм кластерларини ташкил этиш орқали ривожлантириш имкониятини яратиш;
сув, газ ва электр таъминоти, канализация тармоқлари, йўл инфратузилмаси, Интернет тармоқлари, ирригация ва мелиорация тизимлари соҳасида талаб қилинадиган ишларнинг устуворлиги бўйича инфратузилма ҳолатини баҳолаш ва янада ривожлантириш.
4. Агентлик икки ҳафта муддатда “Илғор ҳудуд” синов лойиҳасини амалга ошириш бўйича эксперт-таҳлил кенгашини шакллантирсин, шунингдек, унинг низомини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Агентлик Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда синов лойиҳани амалга ошириш тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
6. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Д.Р.Ли ва Жиззах вилояти ҳокими Э.А.Салиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2019 йил 3 январь