Бугунги кунда мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳа ва тармоқларда улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу борада жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, уларнинг қалбида она Ватанимиз ҳамда халқимизга муҳаббат ва садоқат туйғусини кучайтириш, баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қадимий ва бетакрор диёримиздан етишиб чиққан буюк аллома, адиб ва мутафаккирларимизнинг юксак гуманистик ғояларга асосланган бой маънавий мероси умумбашарий цивилизация ва маданият, дунёвий ва диний илм-фан тараққиётига улкан ҳисса бўлиб қўшилгани дунё жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда эътироф этилади.
Улуғ аждодларимизнинг ақл-заковати ва бадиий даҳоси билан яратилган ноёб асарлар, хусусан, математика, минералогия, астрономия, кимё, тиббиёт, фармацевтика, меъморлик, тарих, адабиёт, санъат, илоҳиёт, фалсафа ва бошқа соҳаларга оид манбалар нафақат бизнинг халқимиз, балки жаҳон аҳлининг бебаҳо бойлиги ҳисобланади.
Ана шундай беқиёс меросимиз асосида ташкил этилган “Ёш китобхон” танловида 250 минг нафарга яқин ёш иштирок этиб, танлов ғолибларига “Президент совғаси” – енгил автомашина топширилгани ёшлар ўртасида китобхонлик маданияти ривожланишига муҳим таъсир ўтказди.
Буюк адиб ва мутафаккирларимизнинг нодир мероси, ибратли ҳаёти
ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларимизни ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда жамоатчилик вакилларининг мамлакатимиз ёшлари ўртасида ўтказилган китобхонлик танловларини ижобий баҳолаган ҳолда, ушбу танловларни ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Буюк аллома, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида “Ёш китобхон” танловини (кейинги ўринларда танлов деб аталади) ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
а) танловни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
б) танловни юқори савияда ўтказиш учун:
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ташкилий-амалий ишлар бўйича;
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети илмий-ижодий ишлар бўйича масъул ташкилотлар ҳисобланади.
4. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан биргаликда ўн кун муддатда “Ёш китобхон” танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
5. Мазкур Низомда:
буюк аллома, адиб ва мутафаккирларимизнинг меросини чуқур ўрганиш мақсадида алоҳида номинациялар бўйича танловлар ташкил этиш;
2018 йилги танловларни Ватанимиз тарихи ва халқимизнинг маънавий ҳаётида беқиёс ўрин тутадиган Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Бердақ сингари буюк мутафаккирларимиз ижоди ва фаолияти, жаҳон адабиётининг дурдона асарлари, шунингдек, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” каби халқ достонлари бўйича ўтказиш;
кейинги танловларни даврлаштирган ҳолда давом эттириш учун тегишли рўйхатларни шакллантириш;
танлов ғолибларини мукофотлаш ва рағбатлантиришнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш, хусусан, республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган қатнашчиларни енгил автомобиллар билан тақдирлаш, иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари ва фаол иштирокчиларни ҳам муносиб рағбатлантириш чоралари назарда тутилсин.
6. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги танлов номинацияларида белгиланган буюк аллома, адиб ва мутафаккирларимизнинг асарларини, уларнинг ҳаёти ва фаолиятига оид китоб ва рисолаларни нашрга тайёрлаш, чоп этиш ҳамда таълим муассасалари кутубхоналарига, тегишли веб-сайтларга, ахборот-ресурс марказлари ва кенг ўқувчилар оммасига етказиш чораларини кўрсин.
7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига ушбу қарор ижроси билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари Х.М.Султонов ва Қ.К.Қуранбоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2018 йил 12 май