Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 15 июлда қабул қилинган
Сенат томонидан 2022 йил 13 сентябрда маъқулланган
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга йўналтирилган ижтимоий ҳимоя сиёсати доирасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ушбу ислоҳотлар доирасида пенсия тизимини такомиллаштиришга, пенсиялар миқдорини мунтазам ошириб боришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, фуқароларнинг оворагарчилигини бартараф этиш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш, шунингдек қонунчилик базасини такомиллаштириш мақсадида фуқаронинг 2005 йил 1 январдан аввалги давр учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида, ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан белгиланиши, пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланиши ва тўланиши, уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсияларнинг текширилишига йўл қўйилмаслиги ҳамда аёлларга пенсия ҳисоблашда уларнинг болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтидаги қўшиб ҳисобланадиган иш стажи даври икки баробарга, яъни уч йилдан олти йилга оширилганлиги пенсия тизими ислоҳотидаги муҳим қадамлар бўлди.
Шу билан бирга, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ҳамда фуқароларнинг пенсия миқдорлари мамлакатнинг иқтисодий кўрсаткичларига мувофиқ изчил ошириб борилишини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Ушбу Қонунда ёшга доир, ногиронлик ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг кўп миқдорини пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача ошириш назарда тутилмоқда.
Қонунда таклиф этилаётган янги нормалар пенсионерларнинг моддий фаровонлигини янада оширишга ва ижтимоий адолат принципларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги 938-XII-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 9, 338-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 12, 269-модда; 1997 йил, № 4-5, 126-модда; 1998 йил, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 5, 112-модда; 2001 йил, № 5, 89-модда; 2002 йил, № 4-5, 74-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 5, 152-модда; 2007 йил, № 12, 590, 608-моддалар; 2008 йил, № 12, 640-модда; 2010 йил, № 5, 178-модда, № 9, 334-модда, № 12, 472-модда; 2012 йил, № 1, 4-модда; 2013 йил, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 12, 341-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда, № 12, 383, 384-моддалар; 2018 йил, № 1, 1-модда, № 10, 676-модда, № 12, 783-модда; 2019 йил, № 5, 265-модда, № 8, 469-модда, № 9, 592-модда, № 11, 792-модда, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 11, 652-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 10, 973-модда; 2022 йил, № 2, 79-модда, № 5, 464-модда) қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:
1) 27-модданинг иккинчи қисмидаги«ўн» деган сўз «ўн икки» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
2) 31-модданинг олтинчи қисмидаги«ўн» деган сўз «ўн икки» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
3) 66-модданинг учинчи қисмидаги«Аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашувчи жамғарма» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонун 1-моддасининг 1 ва 2-бандлари2023 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 19 сентябрь,
ЎРҚ-791-сон