Республикамиз ўрмон ресурсларининг бой салоҳиятидан тўла-тўкис ва оқилона фойдаланишни таъминлаш, ўрмон хўжалиги бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, соҳага илғор илмий-техника ютуқларини жорий этиш, ўрмон хўжаликларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, шунингдек, хорижий инвестицияларни янада фаол жалб этиш ва экологик туризмни ривожлантириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси негизида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда бўлинмаларига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ташкил қилинсин.
Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари комплекси таркибига киради.
2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
ўрмон хўжалиги соҳасида ўрмон бойликларини ҳар томонлама кенгайтириш ва улардан оқилона фойдаланишга қаратилган ягона давлат сиёсатини юритиш;
ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларга риоя этилишини амалий назорат қилиш;
ўрмон фонди ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни самарали бошқаришни ташкил этиш, ўрмон барпо этиш, уларни қайта тиклаш, қўриқлаш, муҳофаза қилиш, ўрмонлардан оқилона ва тежамли фойдаланиш;
республикамизда ўрмонларни тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тоғ ёнбағирлари, жарликлар ва ташландиқ ерларда эрозияга қарши дарахтзорлар барпо этиш ишлари бажарилишини ташкил қилиш;
ўрмон фондини, фауна ва флорасини ўрганиш ҳамда уларнинг қатъий ҳисобини юритиш, ўрмон хўжалигини юритиш амалиётига фан ютуқлари ва илғор тажрибани жорий этиш;
ўрмонларни ёнғинлардан, зараркунанда ва касалликлардан, ноқонуний дарахт кесишдан ва бошқа ўрмон қонунчилиги бузилишларидан муҳофаза қилиш;
манзарали ўсимликлар кўчатлари ва уруғларини сертификатлаш ва стандартлаштиришнинг ягона тизимини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилишни ташкил этиш;
ўрмон хўжаликларида бир-бирига боғлиқ бўлган хўжалик фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантириш, кўчат етиштириш, доривор ўсимликлар тўплаш, асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳамда уларни чуқур қайта ишлаш, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
тармоққа халқаро молия институтлари грантларини жалб этиш ва экологик туризмни кенг кўламда ривожлантириш;
ўрмон хўжалиги соҳасида ўрта махсус ва олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармасининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир;
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланади ва лавозимдан озод этилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси таркибида қуйидагилар:
Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги бошқармаси негизида Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси;
Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ўрмон хўжалиги бошқармалари ташкил этилсин.
Белгилансинки, Андижон, Сирдарё ва Хоразм давлат ўрмон хўжаликлари бевосита Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига идоравий бўйсунади.
Белгилаб қўйилсинки:
Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси ва вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармалари Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига ва тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликларига ҳисобот беради;
Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитасининг раиси Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади;
вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармаларининг бошлиқлари, шунингдек, Андижон, Сирдарё ва Хоразм давлат ўрмон хўжаликлари бошлиқлари вилоят ҳокимларининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
5. Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ташкил этилсин.
Қуйидагилар Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
ички ва ташқи бозорлар эҳтиёжини тизимли ўрганиш асосида республикада манзарали боғдорчиликни ривожлантиришнинг ягона стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
манзарали, мевали дарахтлар ва бута кўчатлари етиштириш, доривор ўсимликлар плантацияларини яратиш, тоғ ёнбағирларида, чўл ва лалми ерларда етиштириладиган, қурғоқчиликка, касаллик ва зараркунандаларга чидамли бўлган ўсимликлар селекцияси ва уруғчилиги бўйича илмий-тадқиқотлар олиб бориш;
ўрмон фонди ерларининг экологик ҳолатини яхшилаш, ўрмонларни кенгайтириш ва қайта тиклаш, чўлга айланишининг олдини олиш, иҳота ўрмонлари барпо этиш бўйича самарали инновацион усулларни ишлаб чиқиш;
манзарали ўсимликлар кўчатлари етиштиришнинг илмий асосларини ҳамда истиқболли технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
минтақаларнинг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда қурғоқчиликка, зараркунанда ва касалликларга чидамли ўсимликлар турларини танлаш, манзарали ўсимликларни районлаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;
эрозияга қарши дарахтзорлар барпо этишнинг илмий асосланган технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
импорт ўрнини босадиган доривор ўсимликлар уруғлари, шунингдек, манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари етиштиришни ташкил этиш;
манзарали ўсимликлар кўчатларини сертификатлаш ва стандартлаштиришнинг ягона тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишни ташкил қилиш.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат ўрмон қўмитасини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармасига айлантириш тўғрисида” 2000 йил 7 февралдаги ПФ-2536-сон Фармони ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси В.А.Голишев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2017 йил 11 май