Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Мамлакат иқтисодиётини жадал ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва аҳоли сонининг ўсиб бориши ичимлик сувига юқори талабни, ундан оқилона фойдаланиш заруратини, шунингдек, республиканинг сув ресурслари чекланган шароитда замонавий сув тежамкор технологияларни жорий этишни тақозо қилади.

Шу билан бирга, тўпланиб қолган тизимли муаммо ва камчиликлар дебитор қарздорликни камайтиришга, тўлов интизомини мустаҳкамлашга
ва тармоқнинг янада ривожланишига тўсиқ бўлмоқда. Жумладан:

биринчидан, сувни ишлаб чиқариш, етказиб бериш, сарфлаш ва истеъмол қилишни ҳисобга олиш тизимининг амалда мавжуд эмаслиги, оқибатда унинг етказиб берилиши, тўловлар ўтказилиши ва ўзаро ҳисоб-китоблар ҳолати ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилиги таъминланмаяпти;

иккинчидан, водопровод-канализация хўжалиги ташкилотлари томонидан, жумладан менежмент ва дебитор қарздорлик ундирувини ташкил этиш масалаларининг самарасиз бошқарилиши тармоқнинг тўлиқ зарар билан ишлашига олиб келмоқда;

учинчидан, водопровод ва канализация тармоқлари, сув таъминоти объектларининг эскирганлиги, кўпчилигидан қирқ йилдан ортиқ фойдаланилиши, шунингдек, уларни янгилаш ва модернизация қилиш суръатининг пастлиги, айниқса, жойларда кўплаб исрофгарчилик ва аварияларга, сувни етказишда катта йўқотиш ҳамда узилишларга олиб келмоқда;

тўртинчидан, водопровод-канализация хўжалиги ташкилотларининг электр энергияси учун қарздорлиги юқори даражада;

бешинчидан, водопровод-канализация хўжалиги ташкилотлари ходимларининг касбга тайёргарлик даражаси паст, малакали кадрлар тизимдан чиқиб кетган, ушбу соҳадаги ходимлар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этиш ҳолатлари мавжуд.

Мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича таъсирчан чораларнинг кўрилмаслиги аҳолини сув билан барқарор таъминлаш масаласини хавф остига қўяди, сув ресурсларидан ўта нооқилона фойдаланилишига олиб келади ва замонавий сув тежамкор технологияларни жорий этишга тўсқинлик қилади.

Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида бошқарув тизимини, назорат ва ҳисобга олиш механизмларини тубдан такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига (кейинги ўринларда Бюро деб юритилади) қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:

сувдан ноқонуний фойдаланиш, водопровод ва канализация тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;

сув учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш;

сув истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимини жорий этиш жараёнини мониторинг қилиш;

сувни сотиш ва истеъмол қилишнинг ҳисобини юритишда иштирок этиш.

2. Белгилансинки, Бюро ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ушбу Фармоннинг 1-бандида кўрсатилган вазифаларни бажаришда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5059-сон Фармони 4-бандида назарда тутилган ҳуқуқлар берилади.

3. Белгилаб қўйилсинки, сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида:

а) Бюро қуйидагилар учун жавобгардир:

сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш;

сувдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини, шунингдек, бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган сув ҳажми ва тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ҳажм ўртасидаги тафовутларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;

аниқланган тафовутларни бартараф қилиш механизми бўйича таклифлар киритиш ҳамда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўриш;

б) Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги қуйидагилар учун жавобгардир:

водопровод-канализация хўжалиги ташкилотлари томонидан тузилган шартномаларга мувофиқ сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатилишини, истеъмолчиларга сув барқарор етказилишини таъминлаш;

водопровод-канализация хўжалиги ташкилотлари томонидан кўрсатилган сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати ҳажмлари ҳақидаги ҳисобот ҳамда ахборотлар, дебитор ва кредитор қарздорлик тўғрисидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги;

водопровод-канализация хўжалиги ташкилотлари томонидан сув таъминоти объектлари, водопровод ва канализация тармоқларининг ҳолати, эксплуатацияси ва уларга таъмирлаш хизмати кўрсатилиши устидан назоратни таъминлаш;

истеъмолчиларга ўрнатилган сув истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарининг алмаштирилиши, ўрнатилиши ва эксплуатация хизмати кўрсатилишини, шунингдек, Бюро билан биргаликда улар пломбаланишини таъминлаш;

техник шартлар берилишини, сув таъминоти ва сув чиқариш тизимига истеъмолчиларни улаш ишларининг амалга оширилишини таъминлаш;

Бюронинг мажбурий талабномасига асосан айрим истеъмолчиларнинг магистрал сув қувурларидан белгиланган тартибда узилишини таъминлаш.

4. 2018 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилсин, унга мувофиқ:

барча гуруҳ истеъмолчиларига сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Олдиндан ҳақ тўланмаган ҳолларда, мазкур истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда сув таъминоти ва сув чиқариш тизимидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилади;

сув таъминоти ва сув чиқариш тизимидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улашда I гуруҳ истеъмолчиларидан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида, II ва III гуруҳ истеъмолчиларидан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида тўлов қайта улашни амалга оширган ташкилот ҳисобига маблағларни ўтказиш орқали ундирилади;

истеъмолчи сув истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарининг лозим даражада эксплуатация қилиниши ва созлиги учун жавобгар бўлади.

5. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги:

2017 йил 1 декабрга қадар муддатда туман(шаҳар)лар кесимида 2017 йил 1 ноябрь ҳолатига сув таъминоти ва сув чиқариш хизматидан қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчиларнинг шахсий рўйхатини, шу жумладан истеъмолчи – юридик шахслар билан қарздорликни таққослаш бўйича мавжуд далолатномаларни Бюрога тақдим этсин;

2017 йил 1 декабрга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда тушумларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш ва пул маблағларининг ҳаракатини Бюро томонидан мониторинг қилишни таъминловчи, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматидан тушган маблағларни ягона банк ҳисобрақамларида жамлаш тизимини жорий этсин;

икки ой муддатда тегишли функцияларнинг Бюрога ўтказилишини ҳисобга олган ҳолда “Сувоқова” ва “Сувсоз” давлат унитар корхоналарининг назоратчи штат бирликлари қисқартирилишини таъминласин;

бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Бюро билан биргаликда Бюро томонидан сув истеъмолчиларидан ундириладиган пул маблағларидан Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасига ўтказиладиган ажратмалар миқдорларини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

2017 йил 10 декабрга қадар муддатда Истеъмолчиларга сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидаларига ушбу Фармон талабларини инобатга олган ҳолда ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда сувни ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва тақсимлашда йўқотишларни аниқлаш тартибини тасдиқласин;

2018 йил 1 январга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда сувни ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва тақсимлашни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг ягона автоматлаштирилган тизимини яратиш ҳамда жорий этишни, шу жумладан сув тақсимлаш тармоқларида ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

2018 йил 1 январга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси, Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда сув таъминоти ва сув чиқариш тизими объектларини муҳофаза қилишни кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

2018 йил 1 апрелга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси, Бюро, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда сув таъминоти ва сув чиқариш хизматларининг барча гуруҳ истеъмолчиларини инвентаризация қилсин, шунингдек, истеъмолчилар ҳақида ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларга тузатишлар киритиш билан бир вақтда сув таъминоти ва канализация тизими объектларини технологик аудитдан ўтказсин;

2019 йил 1 январга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Бюро, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда водопровод-канализация хўжалиги объектлари ва иншоотларига кадастр ҳужжатларини расмийлаштирган ҳолда уларни инвентаризациядан ўтказсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

бир ой муддатда водопровод-канализация хўжалиги ташкилотларининг рентабеллигини таъминловчи қулай тарифларни белгилаш механизмларини назарда тутган ҳолда Сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун тарифларни белгилаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин;

2018 йил 1 январдан бошлаб сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун янгиланган тарифларни жорий қилишни таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Сув истеъмолчилари – бюджет ташкилотларини замонавий сув истеъмолини ҳисобга олиш ускуналари билан босқичма-босқич жиҳозлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда хўжалик-ичимлик сув таъминотини таъминлаш учун ер усти сувлари чиқарилишининг ўз вақтида амалга оширилиши устидан назоратни таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бир ой муддатда мазкур Фармон талабларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ташкилий-штат тузилмаси ва Низомига ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича таклифларни киритсин.

10. Бюро ва Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг водопровод-канализация хўжалиги ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом;

Истеъмолчиларни сув қувурлари, водопровод ва канализация тармоқларидан узиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Молия вазирлигининг Давлат молия назорати бош бошқармаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Марказий банк ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда водопровод-канализация хўжалиги ташкилотлари фаолиятини:

бошқарув ва назорат тизимининг самарадорлиги, ташкилий-штат тузилмаси ҳамда ходимлар сонининг асослилигига;

сувни ишлаб чиқариш, етказиб бериш ҳамда хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш бўйича амалдаги техник регламентларга;

амалдаги ишлаб чиқариш-техника инфратузилмаси ва қувватларининг ҳолатига;

сув водопровод-канализация хўжалиги ташкилотларининг рентабеллиги, замонавий сув ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш даражасига;

сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун нарх-навони шакллантириш ва тарифларнинг асослилиги, ўзаро ҳисоб-китобларнинг ҳолатига;

сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатишдан келиб тушадиган пул маблағларидан мақсадли фойдаланилганлигига;

дастурлар, инвестиция ва бошқа лойиҳаларни рўёбга чиқариш ҳолати, амалга оширилаётган молиявий қўйилмалар ва жалб этилаётган, биринчи навбатда, хорижий инвестицияларнинг самарадорлигига;

кредит маблағларидан мақсадли фойдаланилишига;

молия-хўжалик фаолияти натижалари, дебитор ва кредитор қарздорлик ҳолати, уларни камайтириш бўйича кўрилаётган чораларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда танқидий ўргансин.

Ўрганиш натижалари бўйича 2018 йил 10 январга қадар муддатда сув таъминоти ва сув чиқаришни бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига киритсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ёш авлодда сувга нисбатан тежамкорона муносабатда бўлиш ва ундан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар кўрсин.

13. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Бош прокуратураси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур Фармоннинг мазмун-моҳияти, шу жумладан сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун тўловларни ўз вақтида тўлаш зарурлиги, шунингдек, ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Бюро ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

15. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 16 ноябрь

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига
ШАРҲ

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аҳолига уй-жой коммунал хизмат, жумладан сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш сифатини тубдан оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Уй-жой коммунал соҳасини ислоҳ қилиш доирасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, бу масала сув ресурслари чекланган, сувга талаб ошиб бораётган ва мамлакат аҳолиси сони ўсиб бораётган шароитда янада долзарб аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, сўнгги йилларда водопровод-канализация хўжалигида тўпланиб қолган тизимли муаммо ва камчиликлар сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун қарздорликнинг ошиб боришига ва тўлов интизомининг пасайишига сабаб бўлиб, охир-оқибатда тармоқнинг умуман ривожланишдан ортда қолишига олиб келмоқда.

Энг аввало, сўз республика водопровод-канализация хўжалигида сувни ишлаб чиқариш, сарфлаш ва истеъмол қилишни ҳисобга олиш тизимининг амалда мавжуд эмаслиги ҳақида бормоқда.

Масалан, бугунги кунда республика бўйича сув олиш иншоотлари, сув қувурлари, водопровод тармоқлари ҳамда сув таъминоти ва сув чиқаришнинг бошқа объектларида сувни ҳисобга олиш ускуналари билан таъминлаш атиги 29,4 фоизни, истеъмолчиларни қамраб олиш эса 42 фоизни ташкил этади.

Оқибатда, амалиётда сувнинг етказиб берилиши, тўловлар ўтказилиши ва ўзаро ҳисоб-китоблар ҳолати, шунингдек, истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилиги таъминланмаяпти.

Бундан ташқари, уй-жой коммунал соҳасида сув таъминоти корхоналарини, жумладан менежмент ва дебитор қарздорлик ундирувини ташкил этиш масалаларини бошқаришда самарали тизим мавжуд эмас.

Бунинг оқибатида юзага келган водопровод-канализация хўжалиги корхоналарининг зарар билан ишлаши, шунингдек, мазкур корхоналарда катта миқдордаги кредитор ва дебитор қарздорликнинг мавжудлиги уларнинг молиявий аҳволини ички имкониятлар ҳисобидан яхшилаш имконини бермайди.

Водопровод-канализация тармоқлари ҳамда сув таъминоти ва сув чиқариш объектларининг аксарият қисмининг эскирганлиги, шунингдек, уларни янгилаш ва модернизация қилиш суръатининг пастлиги ҳам жиддий муаммолардан ҳисобланади.

Хусусан, республиканинг мавжуд водопровод-канализация тармоқлари ва сув таъминоти объектларидан қирқ йилдан кўп муддат давомида фойдаланилмоқда, сув қувурлари ва сув таъминоти тармоқларининг 35 фоизидан ортиғи эса кечиктириб бўлмайдиган таъмирга муҳтож.

Сув таъминоти ва сув чиқариш объектларининг ачинарли аҳволи, айниқса, жойларда сувни истеъмолчиларга етказиб бериш ва сотишда кўплаб фалокат ва бошқа салбий ҳолатларни, узилишларни келтириб чиқараётган, деярли 40 фоизга етаётган жиддий йўқотишларга олиб келмоқда.

Водопровод-канализация хўжалиги ташкилотларининг етказиб берилган электр энергияси учун юқори даражада қарздорлиги ҳам тармоқнинг ривожланишига салбий таъсир этаётган жиддий муаммолардандир.

Масалан, жорий йил 9 ойида сув таъминоти корхоналарининг электр энергиядан қарздорлиги 43,2 миллиард сўмга кўпайиб, 276,1 миллиард сўмни ташкил этган.

Водопровод-канализация хўжалиги ташкилотлари ходимлари касбий даражасининг пастлиги, шунингдек, малакали кадрларнинг тизимдан кетиб қолгани, сув таъминоти ва сув чиқариш корхоналари ходимлари ўртасида ҳуқуқбузарлик содир этиш ҳолатларининг мавжудлиги хавотир уйғотмай қолмайди.

Мисол учун, фақат 2015-2017 йиллар давомида ушбу корхоналар мансабдор шахсларига нисбатан талон-торож, қарздорликни ҳисобдан чиқарганлик учун моддий манфаатдорлик, ноқонуний равишда сувдан фойдаланганлик ва сув таъминоти тизимларига уланганликни яшириш ҳолатлари бўйича 47 та жиноят иши қўзғатилган.

Республика аҳолисини сув билан барқарор таъминлашни хавф остига қўядиган юзага келган вазиятни, шунингдек, уни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриш заруратини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди.

Фармонда республиканинг водопровод-канализация хўжалигини бошқариш тизимини, сув истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олиш механизмларини тубдан такомиллаштиришни, шунингдек, сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашни таъминлашга қаратилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар назарда тутилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг (кейинги ўринларда Бюро деб юритилади) вазифалари доираси кенгайтирилмоқда.

Эндиликда, Бюро электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш билан бир қаторда сув таъминоти ва сув чиқариш соҳасида тўловлар ундирилишини таъминлайди.

Шу муносабат билан, Бюрога:

биринчидан, сувдан ноқонуний фойдаланиш, водопровод ва канализация тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;

иккинчидан, сув учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш;

учинчидан, сув истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимини жорий этиш жараёнини мониторинг қилиш;

тўртинчидан, сувни сотиш ва истеъмол қилишнинг ҳисобини юритишда иштирок этиш каби қўшимча вазифалар юклатилди.

Юклатилган қўшимча вазифаларни бажариш учун Бюрога илгари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5059-сон Фармони 4-бандига мувофиқ тақдим этилган ваколатларнинг барчаси берилмоқда.

Мисол учун, Бюро ходимлари нафақат электр энергияси ва табиий газ, шу билан бирга сув етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ҳамда ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан, шу жумладан хўжалик юритувчи субъектларда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши билан келишмаган ҳолда текшириш ўтказиш ҳуқуқига эга бўлди.

Сув учун қарздорлик мавжуд бўлганда ҳам, хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобрақамларига уни сўзсиз ундириш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган инкассо топшириқномалари қўйилади, жисмоний шахсларга нисбатан эса иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақида иш берувчиларга талабномалар юборилади.

Бундан ташқари, Бюро ходимлари сув учун ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаган, Бюро талабномалари ижро этилмаган ҳолларда, шунингдек, тармоққа ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатлари аниқланганда, истеъмолчиларни сув таъминоти ва сув чиқариш тармоғидан узиш ҳуқуқига эга бўлади.

Фармоннинг 3-бандида Бюро ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари соҳасида жавобгарлик доираси белгилаб берилган бўлиб, бу мазкур идоралар фаолиятида бир-бирининг ишини қайтариш ва такрорийлик ҳолатларини истисно қилади ҳамда ишониб топширилган фаолият йўналиши учун жавобгарликнинг “йўқолиб кетиши”га йўл қўймайди.

Фармон қабул қилиниши муносабати билан сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибига ҳам жиддий ўзгартишлар киритилди.

Хусусан, 2018 йил 1 январдан бошлаб бундай хизматлар учун 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш тартиби жорий этилди. Бунда сув таъминоти ва сув чиқариш тармоғидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улаш истеъмолчилар гуруҳларидан келиб чиқиб улардан энг кам ойлик иш ҳақининг икки ва ўн баравари миқдорида тўлов ундириш орқали амалга оширилади.

Сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш бўйича қўйилган вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш мақсадида масъул вазирлик ва идораларга қатор ташкилий тадбирларни ўтказиш ҳақида топшириқлар берилди.

Энг муҳим тадбирлардан бири сифатида Фармон қабул қилингандан кейин бир ой муддатда сувни ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва тақсимлашда йўқотишларни аниқлаш тартиби тасдиқланишини кўрсатиш мумкин.

Бундан ташқари, 2018 йил 1 январга қадар сувни ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва тақсимлашни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг ягона автоматлаштирилган тизимини яратиш ҳамда жорий этишни, шу жумладан сув тақсимлаш тармоқларида ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Шу билан бир қаторда, 2018 йил 1 апрелга қадар сув таъминоти ва сув чиқариш хизматларининг барча гуруҳ истеъмолчиларини инвентаризация қилиш, шунингдек, истеъмолчилар ҳақида ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларга тузатишлар киритиш билан бир вақтда сув таъминоти ва канализация тизими объектларини технологик аудитдан ўтказиш режалаштирилган. 2019 йил 1 январга қадар эса водопровод-канализация хўжалиги объектлари ва иншоотлари кадастр ҳужжатларини расмийлаштирган ҳолда инвентаризация қилинади.

Бундан ташқари, Давлат раҳбари томонидан масъул вазирлик ва идоралар олдига водопровод-канализация хўжалиги ташкилотлари фаолиятини танқидий ўрганиш ҳамда натижаси бўйича сув таъминоти ва сув чиқаришни бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини киритиш вазифалари қўйилди.

Фармонда ёш авлодда сувга нисбатан тежамкорона муносабатда бўлиш ва ундан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан, халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим вазирликларига тегишли топшириқлар берилди.

Фармоннинг амалга оширилиши, ҳеч шубҳасиз, сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади, бу эса тармоқнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини соғломлаштириш ва умуман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш сифатини ошириш имконини беради.