Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзининг бетакрор истеъдоди, юксак матонати ва халқпарварлиги билан ўзбек адабиётида ўчмас из қолдирган, мустабид тузум даврида сиёсий қатағон қурбони бўлган оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир халқимизнинг машҳур фарзандларидан биридир. Унинг эзгу инсоний фазилатлар, Ватанга муҳаббат ва садоқат, келажакка юксак ишонч туйғуси билан йўғрилган етук бадиий асарларининг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлод тарбиясидаги беқиёс ўрни ва аҳамиятини ҳисобга олиб ҳамда шоир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда жамоатчилик вакилларининг 2022 йилда Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш бўйича ташкилий қўмита таркиби (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ташкилий қўмита (А.Н.Арипов) бир ой муддатда Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш бўйича қуйидаги чора-тадбирларни назарда тутувчи дастурни, уни молиялаштиришнинг аниқ манбаларини белгилаган ҳолда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:

Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини мамлакатимизда адабиёт ва санъат байрами сифатида кенг нишонлаш;

Усмон Носирнинг ҳаёти ва фаолиятини, хусусан, унинг қатағон даврида кечган йилларини ўрганиш, ҳозирга қадар номаълум бўлиб келаётган қўлёзма асарларининг тақдири ҳақида маълумотлар тўплаш мақсадида тарихчи олимлар ва ижодкорлардан иборат ишчи гyруҳи тузиш ҳамда унинг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, шунингдек, Россия Федерациясидаги тегишли архив материаллари билан танишиши учун шароит яратиш;

Наманган шаҳрида Усмон Носир ҳайкалини ўрнатиш;

Тошкент ва Наманган шаҳарларидаги кўчаларга Усмон Носир номини бериш;

Усмон Носирнинг “Танланган асарлар” тўплами ҳамда “Усмон Носир замондошлари хотирасида” китобини нашр этиш;

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Ўзбекистон Фанлар академияси билан ҳамкорликда “Замонавий ўзбек адабиёти ривожида Усмон Носир ижодий меросининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказиш;

Усмон Носирнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм суратга олиш, спектакллар саҳналаштириш, мусиқа асарлари ва қўшиқлар, Интернет ва ижтимоий тармоқлар учун мўлжалланган аудиовизуал асарлар яратиш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида туркум материаллар эълон қилиш;

умумий ўрта таълим муассасалари, ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида Усмон Носир ҳаёти ва ижодига бағишланган “Унутмас мени боғим” мавзуида иншолар танловини ўтказиш;

мамлакатимиздаги таълим ташкилотлари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида Усмон Носир ижодига бағишланган учрашувлар, давра суҳбатлари ҳамда китобхонлик кечаларини ташкил этиш;

2022 йил ноябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида Ўзбек Миллий академик драма театрида Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигига бағишланган адабий-бадиий хотира кечасини ўтказиш.

4. Ташкилий қўмита (А.Н.Арипов)га Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигига бағишланган тадбирларни юксак савияда ташкил этиш, мазкур қарор ва чора-тадбирлар дастурининг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ амалга оширилишини мувофиқлаштириб бориш вазифаси юклатилсин.

5. Ташқи ишлар вазирлиги (А.Ҳ.Камилов):

Маданият вазирлиги, Бадиий академия, Ёзувчилар уюшмаси ва “Шаҳидлар хотираси” жамғармаси билан биргаликда белгиланган тартибда Россия Федерацияси Кемерово вилоятининг Мариинск шаҳрида Усмон Носир хотирасига бағишланган ёдгорлик ўрнатиш ва унинг тантанали очилиш маросимини ўтказиш юзасидан Россия Федерациясининг тегишли идоралари билан музокаралар ўтказсин ҳамда натижаси бўйича Ташкилий қўмитага таклиф киритсин;

Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан шоир хотирасига ҳамда ўзбек адабиёти ва маданияти тарғиботига бағишланган тадбирларни Россия Федерацияси Кемерово вилоятидаги ўзбек диаспораси вакилларини жалб этган ҳолда ўтказиш чораларини кўрсин.

6. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Дунё” ахборот агентлиги, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

7. Мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш Давлат бюджети, Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси, ташкилотчилар маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгилансин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

       Президенти                                                                                               Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2022 йил 10 февраль