Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этишга ягона ёндашувни шакллантириш, ушбу мактаблар тармоғини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда таълим жараёнига малакали раҳбар ва педагог кадрларни жалб қилиш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш тизимини такомиллаштириш мақсадида:
1. Президент таълим муассасалари агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик), Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
а) Агентлик тизимида:
2022 йил 1 сентябрга қадар вазирлик, идора ва ташкилотлар тасарруфида бўлган таълим муассасалари негизида 19 та ихтисослаштирилган мактаб-интернатларни ҳамда 141 та ихтисослаштирилган мактабларни 1 ва 2-иловаларга мувофиқ;
2023 йил 1 июнга қадар Халқ таълими вазирлиги тасарруфида бўлган ва фаолияти тугатилган Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари негизида 5 та ихтисослаштирилган мактаб-интернатларни ҳамда 3 та ихтисослаштирилган мактабларни 3-иловага мувофиқ ташкил этиш;
б) 2022-2024 йилларда Агентлик тизимида 25 та ихтисослаштирилган мактаб-интернатларни 4-иловага мувофиқ қуриш;
в) 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Халқ таълими вазирлиги тизимидаги айрим фанларни чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар негизида айрим фанлар чуқур ўқитиладиган синфлари мавжуд умумий ўрта таълим мактабларини ташкил этиш;
г) келгусида янги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактабларни фақат Агентлик тизимида ташкил этиш.
Масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар бир ой муддатда мазкур Фармоннинг 1-3-иловаларида кўрсатилган таълим ташкилотларининг мол-мулки, бино ва иншоотларини оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Агентлик тизимига ўтказиш чораларини кўрсин.
Вазирлар Маҳкамасига зарур ҳолларда, мазкур Фармоннинг 1-4-иловаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари таклифига асосан Агентлик тизимида ташкил этиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактаблар сонини ошириш ҳуқуқи берилсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари 2023 йил 1 январга қадар Агентлик тизимига ўтказилаётган Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларини таъмирлаш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш ва улар ҳудудида янги ўқув биноларини қуриш ишларини тугатсин.
2. Белгилансинки:
Агентлик тизимидаги мавжуд ихтисослаштирилган мактаблар ўз фаолият йўналишидан келиб чиққан ҳолда, мазкур Фармонга мувофиқ ташкил этиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактабларга (кейинги ўринларда – Агентлик мактаблари) методик ёрдам кўрсатувчи таянч мактаб сифатида бириктирилади;
Агентлик мактабларига қабул параметрлари бир синфда ўқувчиларнинг энг кўп сони 24 нафардан ошмаслигини ҳисобга олган ҳолда Агентлик томонидан белгиланади;
2022/2023 ўқув йилида Агентлик мактабларининг аниқ фанлар йўналишига қабул 5-11-синфларга, табиий фанлар йўналишига 7-11-синфларга, кейинги ўқув йилларида тегишинча 5- ва 7-синфларга амалга оширилади;
Агентлик мактабларига ўқувчиларни қабул қилиш аниқ ва табиий фанлар, хорижий тиллар ҳамда мантиқий фикрлаш бўйича ўтказиладиган кириш имтиҳонлари натижаларига кўра амалга оширилади;
кириш имтиҳонлари Агентлик ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази томонидан халқаро ташкилотлар ҳамда Давлат тест маркази билан ҳамкорликда ўтказилади;
рўйхати Агентлик томонидан тасдиқланадиган халқаро, минтақавий ёки асосий фан олимпиадаларининг учинчи (вилоят) босқичида ғолиб бўлган (1, 2, 3-ўрин) умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари ўзи таълим оладиган ҳудудида жойлашган Агентлик мактабларига умумий қабул параметрлари доирасида кириш имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинади;
Агентлик мактабларининг таълим жараёни Агентлик томонидан тасдиқланган ўқув режалари ва таълим дастурлари асосида амалга оширилади;
Агентлик мактабларида аниқ ва табиий фанлар билан бир қаторда Ўзбекистон тарихи фани чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади;
ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларга кейинчалик ўқишини давом эттириш учун олий таълим муассасаларини танлашда кўмаклашиш мақсадида Агентлик мактаблари директорининг ихтисослик фанлари бўйича ўринбосари лавозими ўрнига “Мактаб маслаҳатчиси” лавозими жорий этилади;
Агентлик тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда ўқувчилар учун аутсорсинг асосида бепул соғлом овқатланиш ташкил этилади;
Агентлик мактабларига раҳбар ва педагог кадрларни ишга қабул қилиш уч босқичли танлов (саралаш босқичи, тест синови ва суҳбат) асосида амалга оширилади;
Агентлик мактабларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ходимлар иш ҳақи фондининг 100 фоизи миқдорида рағбатлантириш жамғармаси шакллантирилади.
3. Агентлик (Х.Умарова) 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Агентлик мактабларида:
ўқув жараёни халқаро таълим дастурлари асосида тайёрланган замонавий дарсликлар асосида олиб борилишини таъминласин;
ўқувчилар хорижий тилларни мукаммал ўзлаштириши учун зарур шарт-шароит ва таълим муҳитини яратсин, мазкур жараёнга хорижий
ҳамда маҳаллий педагог кадрларни жалб қилсин;
сунъий интеллект, робототехника, агротехнология, нанотехнология, биотехнология, IELTS, TOEFL ва SAT бўйича қўшимча курслар ташкил этсин;
ўқувчиларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда, асосий ўқув дастурлари билан биргаликда синфдан ташқари касбга йўналтирилган амалий машғулотлар ўтказилишини йўлга қўйсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 10- ва 11-синф ўқувчиларига яқин ҳудудларда жойлашган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида амалий машғулотлар ўтказиш тартибини жорий этсин;
таълим ва тарбия жараёнларига ватанпарварлик руҳи, миллий ғурур ва ифтихор, ўз халқига муҳаббат ва садоқат, Ўзбекистон тарихи, илмий-ижодий ҳамда маънавий-маърифий меросга ҳурмат, ўзликни англаш, меҳнатсеварлик ва масъулиятлилик, қатъият ва шижоатлилик ғоялари сингдирилишига алоҳида эътибор қаратсин;
ўқувчиларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва ёшларга яратилаётган шарт-шароитларни чуқур англайдиган, ҳар жиҳатдан рақобатбардош, кенг дунёқараш, мустақил фикр ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган шахс сифатида тарбиялаш учун таъсирчан педагогик технологиялардан фойдаланиш чораларини кўрсин.
4. Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил
1 сентябрга қадар Агентлик тизимига ўтказилган умумий ўрта таълим муассасаларининг саралаш имтиҳонларидан ўта олмаган ўқувчиларини халқ таълими тизимидаги бошқа умумий ўрта таълим мактабларига жойлаштириш ҳамда танловдан ўта олмаган раҳбар ва педагог кадрларни иш билан таъминлаш чораларини кўрсин.
5. Белгилаб қўйилсинки, Агентлик мактабларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, замонавий мебель ва жиҳозлар, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, ахборот-коммуникация технологиялари, мультимедиа ҳамда видео-кузатув воситалари билан таъминлаш – Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида ажратиладиган маблағлар, Давлат бюджети маблағлари, Агентлик ҳузуридаги Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси, халқаро молия институтларининг кредитлари ва грантлари, ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.Бобоев), Агентлик (Х.Умарова), Молия вазирлиги (Т.Ишметов) мазкур Фармоннинг 4-иловасида кўрсатилган Агентлик мактабларининг 2023-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилишини таъминласин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2022 йил 1 августга қадар мазкур Фармоннинг 1-2-иловаларида кўрсатилган Агентлик мактабларини таъмирлаш, замонавий ўқув қуроллари, ахборот-коммуникация технологиялари, мебель ва ўқув-лабораториялар билан жиҳозлаш чораларини кўрсин, ўқувчиларга яшаш ва овқатланиш учун зарур шароитларни яратсин.
6. Агентлик ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази (кейинги ўринларда – Марказ) этиб қайта номлансин.
Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Агентлик тизимидаги таълим муассасалари учун давлат таълим стандарти, ўқув режалари, таълим дастурлари ва дарслик мажмуаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни харид қилиш;
Агентлик тизимидаги таълим муассасалари битирувчиларини якуний давлат аттестациясидан ўтказиш;
таълим соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва мамлакатимизда жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, ўқитувчиларнинг билим
ва кўникмаларини баҳолаш ва сертификатлашни хорижий мамлакатларнинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда амалга ошириш;
раҳбар ва педагог кадрларни узлуксиз касбий ривожлантириш, уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат таълим талабларини ишлаб чиқиш ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда малака ошириш курсларини ташкил этиш;
Агентлик тизимидаги таълим муассасаларини илмий-методик жиҳатдан таъминлаш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш, тадқиқот натижаларини амалиётга кенг жорий этиш.
7. Агентлик ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази тузилмаси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Агентлик (Х.Умарова) бир ой муддатда Марказ низомини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
8. Марказга мулк шаклидан қатъи назар умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари педагог кадрларининг билим даражаси ҳамда касбий маҳоратини баҳолашга рухсат этилсин.
Белгилансинки:
а) Марказ томонидан педагог кадрларнинг билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш барча талабгорлар учун шартнома асосида амалга оширилади;
б) Марказ томонидан педагог кадрларнинг билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш натижаси бўйича 2 йил муддат давомида амал қилувчи “Илғор ўқитувчи”, “Устоз ўқитувчи” ҳамда “Профессионал ўқитувчи” даражали сертификатлар берилади;
в) Агентлик тизимидаги таълим муассасаларининг халқаро миқёсда тан олинадиган “Илғор ўқитувчи”, “Устоз ўқитувчи” ёки “Профессионал ўқитувчи” даражали сертификатни олган педагог кадрларига қуйидаги миқдорда қўшимча ҳақ тўланади:
“Илғор ўқитувчи” даражали сертификатни олган педагог кадрларга уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида;
“Устоз ўқитувчи” даражали сертификатни олган педагог кадрларга уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 70 фоиз миқдорида;
“Профессионал ўқитувчи” даражали сертификатни олган педагог кадрларга уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 100 фоиз миқдорида;
г) Агентлик тизимидаги таълим муассасаларига “Илғор ўқитувчи”, “Устоз ўқитувчи” ёки “Профессионал ўқитувчи” даражали сертификатни олган педагог кадрларни уларнинг малака тоифасидан қатъи назар ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилади;
д) Марказ Молия вазирлиги ғазначилик бўлинмасида шахсий ғазна ҳисоб рақамига эга бўлади ва унинг фаолияти Давлат бюджети маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
е) Марказнинг маъмурий-бошқарув ходимлари, профессор-ўқитувчилари ҳамда методистларига Давлат тест марказининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади;
ж) Марказга унга юклатилган вазифаларни бажариш учун таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи халқаро ташкилотлар билан махсус ахборот порталига эълон жойлаштирмасдан энг мақбул таклифлар танлови орқали тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқи берилади.
9. Агентлик (Х.Умарова):
а) раҳбар ва педагог кадрлар билим даражаси ҳамда касбий маҳоратини баҳолаш жараёнига таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи нуфузли халқаро ташкилотларни жалб қилсин;
б) Марказда таълим ташкилотларининг раҳбар ва педагог кадрлари учун узлуксиз малака ошириш курслари ҳамда методологик ўқув семинарларни ташкил қилсин;
в) 2022 йил 1 октябрга қадар Агентлик тизимидаги таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини ўқитиш ҳамда уларнинг билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш чораларини кўрсин;
г) 2022 йил 1 сентябрга қадар иқтидорли болалар билан ишлашнинг “Мактаб – Университет – Марказ” яхлит узлуксиз таълим тизимини жорий қилсин ва мазкур тизим доирасида:
Агентлик тизимидаги таълим муассасаларининг давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва таълим дастурлари ўзаро узвий боғланган ҳолда ишлаб чиқилишини;
“Янги Ўзбекистон” университети ва Марказ томонидан Агентлик тизимидаги мактабларда маҳорат дарслари, тўгараклар ва ёзги мактаблар ташкил этилишини;
“Янги Ўзбекистон” университети ва Марказнинг профессор-ўқитувчилари ҳамда иқтидорли талабалари Агентлик тизимидаги мактабларнинг таълим жараёнига кенг жалб қилинишини;
Агентлик тизимидаги мактабларнинг ўқитувчилари “Янги Ўзбекистон” университети ва Марказга стажировка ўташга жалб қилинишини;
Марказ томонидан фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказишда ҳамда тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этишда Агентлик тизимидаги таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларининг фаол иштирокини таъминласин.
Агентликка заруратга қараб бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан Марказнинг ҳудудий филиалларини очишга рухсат этилсин.
10. Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари Агентлик билан биргаликда ваколатхоналарга бириктирилган ҳудудларда жойлашган Агентлик тизимидаги таълим муассасаларига хорижий илғор тажрибаларни жорий этиш мақсадида:
Агентлик тизимидаги таълим муассасаларига халқаро таълим дастурлари бўйича малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда таълим жараёнини такомиллаштириш;
ўқитувчилар ва ўқувчиларни тажриба алмашиш дастурлари бўйича хорижий таълим муассасаларига юбориш;
нуфузли халқаро олий таълим муассасалари грант дастурлари асосида битирувчиларнинг таълим олишига кўмаклашиш;
ривожланган давлатлар билан таълим ва илм-фанни такомиллаштириш борасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;
дунё миқёсида тан олинган, ахборот-коммуникация технологиялари, тиббиёт, экология, муҳандислик ва бошқа соҳалардаги етакчи ташкилотлар билан Агентлик тизимидаги таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва янада ривожлантириш;
Агентлик тизимидаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган маҳаллий мутахассисларнинг хорижий илғор таълим муассасаларида малака ошириши ва стажировка ўташини ташкил этиш;
ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг халқаро конференциялар, анжуманлар, фан олимпиадалари, танловлар, ихтисосликка оид кўргазмаларда иштирок этишига кўмаклашиш;
Агентлик тизимидаги таълим муассасалари кутубхоналарини етакчи хорижий ахборот-кутубхона ресурслари фондларига улаш, уларни хорижий адабиётлар билан бойитиб бориш, ўқитувчилар ва ўқувчиларга ушбу кутубхона ресурсларидан кенг фойдаланиш учун имконият яратиш чораларини кўрсин.
11. Агентлик тизимидаги таълим муассасалари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича “йўл харитаси” 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Агентлик (Х.Умарова) бошқа вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда “йўл харитаси”да назарда тутилган
чора-тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминласин.
12. Агентликнинг:
Агентлик марказий аппарати тузилмасида соғлом овқатланишни ташкил этиш шўъбаси, ички аудит хизмати, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактаблар билан ишлаш бўлимини очиш ва Агентликнинг умумий чекланган штат бирликлари сонини 80 нафар этиб белгилаш;
Агентлик ташкилий тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлган ва ҳар бири 4 та штат бирлигидан иборат 13 та ҳудудий бўлимларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Белгилаб қўйилсинки:
Агентлик марказий аппарати ва ҳудудий бўлимлар учун зарур бўлган 67 та штат бирлигининг 50 таси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги, 17 таси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги тегишли штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобига шакллантирилади;
Агентлик ҳудудий бўлимлари ходимларига Агентликнинг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади.
13. Агентлик (Х.Умарова) икки ой муддатда Агентлик ва унинг ҳудудий бўлимларига зарур билим ва салоҳиятга эга малакали маҳаллий
ва хорижий мутахассисларни ишга жалб қилсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2023 йил 1 январга қадар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Агентлик ҳудудий бўлимларини биттадан енгил автомобиль билан таъминлаш чораларини кўрсин.
14. Халқ таълими вазирлиги тизимидаги айрим фанлар чуқур ўқитиладиган синфлари мавжуд умумий ўрта таълим мактаблари (кейинги ўринларда – фанлар чуқур ўқитиладиган мактаблар) ҳамда мактаб-интернатлар фаолиятини ташкил этишнинг шундай тартиби ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:
фанлар чуқур ўқитиладиган мактаблар ҳамда мактаб-интернатлар босқичма-босқич умумий ўрта таълим мактаблари сифатида қайта ташкил этилади;
фанлар чуқур ўқитиладиган мактаблар ҳамда мактаб-интернатлар фаолияти ушбу мактабларда ихтисослаштирилган дастурлар асосида таълим олаётган ўқувчилар ўқишини битиргунига қадар давом эттирилади;
фанлар чуқур ўқитиладиган мактаблар ҳамда мактаб-интернатларнинг раҳбарларига ҳамда ихтисослаштирилган фанлардан дарс ўтганлиги учун педагог кадрларига амалда белгиланган қўшимча устама ҳақлар ушбу мактаблардаги ихтисослаштирилган синфлар фаолияти тугатилгунига қадар сақлаб қолинади;
мактаб-интернатларда ўқувчилар белгиланган тартибда ётоқхона ва озиқ-овқат билан таъминланади;
фанлар чуқур ўқитиладиган мактаблар ҳамда мактаб-интернатларда лаборатория ва амалий машғулотларни ўтказиш, шунингдек, айрим фанларни чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиш учун ихтисослаштирилган фанлар икки гуруҳга бўлиб ўқитилиши мумкин;
кейинги ўқув йилларида фанлар чуқур ўқитиладиган мактаблар ҳамда мактаб-интернатларнинг ихтисослаштирилган дастурлар асосида таълим бериладиган синфларига қабул амалга оширилмайди.
15. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Агентлик тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарорини қабул қилсин.
16. Молия вазирлиги (Т.Ишметов) мазкур Фармонга мувофиқ янги ташкил этиладиган таълим муассасаларининг таъминоти учун зарур харажатларни:
2022 йилда Агентлик тизимига ўтказилаётган таълим муассасаларининг юқори турувчи биринчи даражали бюджет маблағлари олувчиларида бўшайдиган бюджет маблағлари ҳамда Агентликка Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирсин;
2023 йилдан бошлаб белгиланган тартибда Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 7-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
18. Агентлик (Х.Умарова) икки ой муддатда:
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов), Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (У.Ташкенбаев) ҳамда Давлат тест маркази (М.Каримов) билан биргаликда 2024/2025 ўқув йили қабулидан бошлаб Агентлик мактаблари битирувчиларига кимё, биология, физика, математика ва ахборот технологиялари соҳалари учун кадрлар тайёрлайдиган давлат олий таълим муассасаларига ўқишга киришда имтиёз бериш бўйича;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
19. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Агентлик директори Х.У.Умарова, халқ таълими вазири Б.О.Саидов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.
Фармон ижросини назорат қилиш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 14 апрель