Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Халқимиз учун асрлар давомида эзгулик, меҳр-оқибат, хайру саховат, маънавий покланиш айёми бўлиб келаётган муборак Рамазон ойини бу йил юртимиз мўмин-мусулмонлари ўзгача шукуҳ ва ҳамжиҳатлик билан ўтказдилар. Айниқса, раҳмат ва мағфират нурлари ёғиладиган ушбу саодатли кунларда кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилаётгани, барча ҳудудларимизда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида эҳсон дастурхонлари ёзилиб, эл-юртимизнинг тинчлиги, бахти ва келажаги учун дуойи фотиҳалар қилинаётгани бу ойнинг файзу тароватини янада оширмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, бундай савобли ва олийжаноб ишлар ер юзидаги барча инсонларни доимо дўст ва биродар бўлиб яшашга даъват этадиган муқаддас ислом динимизнинг эзгу ғояларини чуқур ҳис этган ҳолда, мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликни, турли миллат ва конфессиялар ўртасидаги тотувликни мустаҳкамлашга, бугунги ёруғ ҳаётимизнинг қадрига етиб, уни янада обод ва фаровон этишга хизмат қилмоқда.

Муборак Рамазон ҳайити кунларида янада яққол намоён бўладиган ана шундай анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш мақсадида:

1. Жорий йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 10 апрель – чоршанба кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, мамлакатимизда 2024 йил 10 апрель куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Рамазон ҳайитини халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.

Туризм қўмитаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошларимиз учун Рамазон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратсин.

3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси М.М. Камилов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.Мирзиёев