Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Узлуксиз таълим ягона тизимининг муҳим бўғини сифатида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг муносиб шарт-шароитларини яратиш, юқори малакали кадрларни, шу жумладан, ёш битирувчиларни жалб этиш, жамиятда давлат мактабгача таълим муассасалари педагогларининг нуфузини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг давлат мактабгача таълим муассасалари ходимлари айрим тоифаларининг:
а) 2018 йил 1 мартдан бошлаб – мудирлар, тарбиячилар, методистлар, ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар, мусиқа раҳбарлари ва тарбиячининг ёрдамчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини 30 фоизга;
б) 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб:
тайёргарлик (5 ёшдан 6-7 ёшгача) гуруҳи тарбиячилари, олий маълумотли ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини, уларнинг базавий тариф ставкалари миқдорларини умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари миқдорларига тенглаштирган ҳолда 30 фоизга;
олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар педагогик маълумотли тарбиячининг ўринбосарлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини 20 фоизга;
мактабгача таълим муассасалари мудирлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини 10 фоизга табақалаштириб ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Касби, Миришкор, Қамаши, Чироқчи, Нишон, Яккабоғ ва Ғузор туманларида, Бухоро вилоятининг Олот, Шофиркон, Қоракўл, Пешку ва Ромитан туманларида, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Музработ, Олтинсой, Бойсун, Қумқўрғон, Узун, Сариосиё туманларида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларида болалар сақлангани учун амалдаги ота-оналар тўлови миқдори 2023 йил 1 январгача бўлган муддатда икки баравар пасайтирилсин.
3. 2018 йил 1 мартдан бошлаб давлат мактабгача таълим муассасаларида тарбиячининг ёрдамчиси меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби базавий тариф ставкаларидан келиб чиқиб жорий этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
2018 йилда ушбу қарорга мувофиқ давлат таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини ошириш бўйича қўшимча харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобига молиялаштирилишини таъминласин, 2019 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда ушбу харажатларни назарда тутсин;
давлат мактабгача таълим муассасаларини моддий рағбатлантиришнинг махсус жамғармасини шакллантиришга қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг қатъий равишда 15 фоизи миқдорида қўшимча маблағлар ажратилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги моддий рағбатлантиришнинг махсус жамғармаси маблағларидан мақсадли ва манзилли фойдаланилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин, давлат мактабгача таълим муассасалари харажатлари сметаларида улар алоҳида сатрда ажратилишини назарда тутсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сон қарорининг 32-иловасига иловага мувофиқ ўзгартириш киритилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.В.Акмалов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров ва мактабгача таълим вазири А.В.Шин зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти                     Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2018 йил 28 февраль
 
* * *
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига
ШАРҲ
Мамлакатимиз Президентининг ташаббуси билан ҳозирда узлуксиз таълим тизимининг муҳим бўғини бўлган мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш ва фаолиятини такомиллаштириш, тарбияланувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида “Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини эътироф этишимиз мумкин.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йиллар мобайнида мактабгача таълим тизимида фаолият олиб бораётган раҳбар ва педагог ходимларнинг, мактабгача таълим муассасасидаги таълим-тарбияга масъул ходимларнинг меҳнатини рағбатлантиришга етарли даражада эътибор қаратилмаган.
Масалан, 1993 йилга қадар мактабгача таълим муассасаларининг тарбиячиси ва умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқитувчиси меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори бир хил бўлган бўлса, Ҳукуматнинг алоҳида қарорлари билан ҳозирга қадар умумтаълим мактаблари педагог ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари бир неча марта оширилгани ҳолда мактабгача таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақи миқдорлари ўзгаришсиз қолдирилганлиги ҳисобига уларнинг ўртача иш ҳақи миқдори умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчисига нисбатан 60 фоизни ташкил этади, холос.
Бу эса, ўз навбатида, мактабгача таълим муассасалари педагог ходимлари истеъдоди, касб маҳорати ва иш фаолиятида шахсий ҳиссаси намоён бўлмаслигига ҳамда муассасанинг педагогик салоҳиятини пасайтиришга олиб келган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айнан мактабгача таълим соҳасида юқорида қайд этилган хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида қабул қилинган. Мазкур қарор билан мактабгача таълим муассасалари айрим ходимларининг иш ҳақи тўловларини қуйидаги миқдорларда 2 та босқичда ошириш кўзда тутилган:
1. 2018 йил 1 мартдан – мудир, тарбиячи, услубчи, ўқитувчи, дефектолог, психолог, мусиқа раҳбари ва тарбиячи ёрдамчиси 30 фоизга;
2. 2018 йил 1 сентябрдан:
олий маълумотга эга бўлган тайёрлов гуруҳи (5 ёшдан 6-7 ёшгача) тарбиячиси, ўқитувчи, дефектолог, психолог 30 фоизга;
олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар педагогик маълумотга эга бўлган тарбиячи ёрдамчиси 20 фоизга;
мактабгача таълим муассасаси мудири 10 фоизга.
Бунинг натижасида давлат мактабгача таълим муассасаларида меҳнат қилаётган жами 93555 нафар ходим, шундан 4908 нафар мудир, 3924 нафар олий маълумотли тарбиячи, 39523 нафар ўрта махсус маълумотли тарбиячи, 673 нафар методист, 3765 нафар дефектолог, 1450 нафар психолог, 33259 нафар тарбиячи ёрдамчиси ва 7503 нафар мусиқа раҳбарининг иш ҳақлари сезиларли даражада оширилади.
Ушбу қарорда 2018 йил сентябрь ойидан бошлаб олий маълумотга эга бўлган тайёрлов гуруҳи (5 ёшдан 6-7 ёшгача) тарбиячиси меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари миқдори умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари миқдорига тенглаштирилиши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, қарор билан мактабгача ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш мақсадида ҳамда қишлоқ жойлардаги аҳоли турмуш даражасини инобатга олиб, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Касби, Миришкор, Қамаши, Чироқчи, Нишон, Яккабоғ ва Ғузор туманларида, Бухоро вилоятининг Олот, Шофиркон, Қоракўл, Пешку ва Ромитан туманларида, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Музработ, Олтинсой, Бойсун, Қумқўрғон, Узун, Сариосиё туманларида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларида 2023 йилнинг 1 январигача ота-оналар бадал тўлови миқдорини 50 фоизга камайтириш назарда тутилган.
Ҳукуматимиз томонидан мактабгача таълим тизимида меҳнат қилаётган ходимларнинг моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши ҳамда қишлоқ ҳудудларда боғчалар учун ота-оналар тўловининг кескин пасайтирилиши мактабгача ёшдаги болаларни боғчаларга қамраб олиш даражасини оширишга ҳамда мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.