Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Мамлакатимизда инвестиция сиёсатини тубдан такомиллаштириш ва ислоҳ қилиш, уни амалга ошириш юзасидан замонавий, самарали ёндашув ва механизмларни жорий этиш, шунингдек, инвестиция жараёнларини жадаллаштириш ва умуман ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар, авваламбор, иқтисодиёт тармоқларини, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини жадал ривожлантириш ва модернизация қилишни, саноат ишлаб чиқаришни комплекс диверсификация қилиш ва унинг рақобатбардошлигини оширишни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Фаол инвестиция сиёсатини давом эттириш, амалдаги ишлаб чиқаришларни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва янги юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича стратегик ва муҳим аҳамиятга эга бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун инвестицияларни, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш ҳамда самарали ўзлаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни инобатга олган ҳолда саъй-ҳаракатларни жамлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, бунинг асосида аҳоли бандлигини, уларнинг турмуш даражаси ва сифати оширилишини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Молия вазирлиги, манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда ишлаб чиқилган, қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури:

2019 йилда капитал қўйилмаларнинг асосий параметрлари 1-иловага* мувофиқ;

2019 йилда ижтимоий, уй-жой, муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси объектларини ишга тушириш прогнози 2-иловага мувофиқ;

2019 йилда объектлар ва ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш манзилли дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, 2019 йилда объектлар қуриш ва уларни реконструкция қилиш манзилли дастури 4-иловага мувофиқ;

б) марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан молиялаштириладиган:

2019 йилда мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, техникалар харид қилиш манзилли дастури 5-иловага мувофиқ;

2019 йилда автомобиль йўллари, кўприклар ва йўл ўтказгичлар қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, объектларни жиҳозлаш ва техникалар харид қилиш манзилли дастури 6-иловага мувофиқ;

2019 йилда олий таълим муассасалари, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, тиббий, илмий-тадқиқот, умумтаълим ва мактабгача таълим муассасалари объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш манзилли дастурлари 7, 7а, 7б, 7в, 7г, 7д ва 7е-иловаларга мувофиқ;

2019 йилда ичимлик суви таъминоти ва канализациятизимлари объектларини қуриш ва реконструкция қилиш манзилли дастури 8-иловага мувофиқ;

2019 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида лойиҳаларни молиялаштиришни ташкил қилган ҳолда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш манзилли дастури 9-иловага мувофиқ;

в) 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси давлат кафолатибилан хорижий кредитларни жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури 10-иловага мувофиқ;

г) 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури 11-иловага мувофиқ;

д) 2019 йилда тармоқ инвестиция лойиҳалари доирасида инвестицияларни ўзлаштириш йиғма манзилли дастури 12-иловага мувофиқ;

е) марказлаштирилмаган инвестициялар ҳисобидан молиялаштириладиган:

2019 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган тармоқ инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури 13-иловага мувофиқ;

2019 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган ҳудудий инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури 14-иловага мувофиқ;

ж) қуйидагилар:

2019 йилда лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлашни жадаллаштириш талаб этиладиган инвестиция лойиҳалари рўйхати 15-иловага мувофиқ;

2019 йилда кўриб чиқиладиган истиқболли инвестиция ва инфратузилма тармоқ лойиҳалари рўйхати 16-иловага мувофиқ;

2019 йилда лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиладиган ҳамда тасдиқланадиган, қурилиши ва реконструкция қилиниши Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши назарда тутилаётган объектлар рўйхати 17-иловага мувофиқ;

2019 йилда лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган, марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилиши назарда тутилаётган ижтимоий соҳа объектлари рўйхати 18-иловага мувофиқ маъқуллансин.

3. Белгилансинки:

лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича лойиҳалар (объектлар) юзасидан рўйхатларга ва капитал қўйилмалар лимитларига (қийматига) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплекси раҳбарининг қарорлари билан аниқлик ва тузатишлар киритилиши мумкин;

лойиҳалар (объектлар) бўйича тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан киритилади;

қурилиш ҳамда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнларига тегишли ваколатга эга бўлмаган шахсларнинг аралашувига йўл қўйилмайди.

4. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасига (кейинги ўринларда – Ривожланиш жамғармаси) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларини ўтказиш мазкур қарор билан маъқулланган манзилли дастурларга киритилган лойиҳаларни молиялаштириш учун аввал ажратилган маблағлар сарфланганлиги Ривожлантириш жамғармаси томонидан тасдиқланишига қараб амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги зиммасига лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган маблағлар Ривожланиш жамғармасига молиялаштириш жадвали асосида ўз вақтида ўтказилишини таъминлаш юзасидан жавобгарлик юклансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда жалб этилаётган кредитларнинг гаров таъминоти учун Ўзбекистон Республикаси ташқи қарзларининг ва давлат кафолатлари суммасининг чекланган ҳажми меъёрларини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари – мазкур қарор билан маъқулланган манзилли дастурларга киритилган лойиҳалар буюртмачилари (кейинги ўринларда – лойиҳалар буюртмачилари):

икки ҳафта муддатда – йилдан-йилга ўтиб келаётган лойиҳаларни молиялаштириш манбалари ва ҳажмларини қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг календарь жадваллари билан узвий боғлиқликда аниқлаштирган ҳолда, улар бўйича 2019 йилга мўлжалланган қурилишларнинг манзилли рўйхати ишлаб чиқилишини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлигига тақдим этилишини;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда уч ҳафта муддатда – марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан молиялаштириладиган, 2019 йилда янгидан бошланадиган лойиҳалар бўйича лойиҳа ҳужжатларинитасдиқлаш ишлари якунланишини;

икки ой муддатда тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари асосида –тендер (танлов) ҳужжатлари комплекс экспертизаданўтказилишини, белгиланган тартибда янги бошланадиган лойиҳалар бўйича харид қилиш тартиб-таомиллари якунланишини ва тендер (танлов) ғолиблари билан пудрат шартномалари тузилишини;

харид қилиш тартиб-таомиллари якунланганидан сўнг бир ҳафта муддатда – янгидан бошланадиган лойиҳалар бўйича қурилишларнинг якуний манзилли рўйхатлари келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлигига тақдим этилишини;

икки ҳафта муддатда – мазкур қарорнинг 10, 11, 12, 13 ва 14-иловаларига киритилган лойиҳаларни амалга оширишнинг комплекс тармоқ жадваллари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига тақдим этилишини;

бир ой муддатда – мазкур қарорнинг 15-иловасига киритилган лойиҳалар юзасидан лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича “йўл хариталари” Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун тақдим этилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

республика шаҳарлари ва шаҳар посёлкаларининг ишлаб чиқилган ва бугунги кунга қадар тасдиқланмаган бош режалари лойиҳаларини уларнинг асосий қоидалари ва техник-иқтисодий кўрсаткичлари асослантирилганлиги нуқтаи назаридан ўрганиб чиқилишини;

шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш тартибини, уларни ишлаб чиқиш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, хусусий лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини рағбатлантириш, ушбу соҳага инновацион ечимларни ва илғор хорижий тажрибани жорий этиш бўйича таклифлар тайёрланишини;

ажратилаётган маблағлар самарадорлигини оширишга, шунингдек, йўл инфратузилмасини ва умуман тармоқни ривожлантиришга қаратилган давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этишни инобатга олган ҳолда, автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасидаги ишларни янада такомиллаштириш, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини таъминласин.

8. Вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари зиммасига:

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурига киритилган лойиҳалар бўйича қурилиш-монтаж ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини, маблағларнинг тўлиқ ҳажмда ўзлаштирилишини ҳамда объектлар ва ишлаб чиқариш қувватлари белгиланган муддатларда ишга туширилишини таъминлаш;

мазкур қарорнинг 17 ва 18-иловаларига киритилган лойиҳалар бўйича лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини 2019 йилда ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

9. Ривожланиш жамғармаси кузатув кенгаши лойиҳалар буюртмачилари билан биргаликда:

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг ижобий хулосалари мавжуд бўлган ҳолда, 2019 йилнинг 6 ва 9 ойлиги якунлари бўйича капитал қўйилмаларнинг тежаб қолинган ёки фойдаланилмаган лимитларини, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурига киритилаётган тегишли ҳудуддаги сув таъминоти, канализация тизими, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва таълим объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришга мақсадли йўналтирган ҳолда белгиланган тартибда қайта тақсимлашни;

ҳар чоракда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10 санасига қадар мазкур қарор билан маъқулланган манзилли дастурларга киритилган лойиҳаларни молиялаштириш ҳолати тўғрисидаЎзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот тақдим этишни;

зарур ҳолларда, харид қилиш тартиб-таомиллари якунланганидан сўнг Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурида назарда тутилган маблағларнинг амалда ўзлаштирилишини ҳисобга олган ҳолда ва капитал қўйилмаларнинг параметрлари доирасида қурилишларнинг манзилли дастурларига аниқлаштириш ва тузатишлар киритилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда мазкур қарор билан маъқулланган манзилли дастурларга киритилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши юзасидан тизимли таҳлил ҳамда мониторинг ўтказилишини ҳамда ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига маълумотлар киритилишини таъминласин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р.Холмурадов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Г.К.Саидова зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                             Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 19 декабрь