Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Сўнгги йилларда дунёда талафотли зилзилалар сони ортиб, улар аҳоли ҳаёти ва мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмаларига жиддий таъсир кўрсатаётганлиги сабабли сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини доимий такомиллаштириб бориш доирасида мавжуд ва қурилаётган бино-иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини таъминлаш, зилзилани прогнозлаш, мониторинг қилиш ҳамда унга тайёргарлик кўришда давлат органлари ва ташкилотларининг ўзаро алоқаларини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Шу сабабли, сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасига замонавий ёндашувларни жорий қилиш, бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини янада ошириш, кучли зилзилаларни прогноз қилишнинг янги усулларини ишлаб чиқиш ва уларга тайёргарлик кўришнинг замонавий тизимини яратиш мақсадида:

1. 2024 йил 1 июндан бошлаб:

МСК-64 шкаласи бўйича 8 ва ундан юқори баллик сейсмик фаол зоналарда янги қурилиши режалаштирилаётган 5 қаватдан юқори тиббиёт объектлари ҳамда 9 қаватдан юқори биноларни актив сейсмик ҳимоялаш қурилмалари, шу жумладан, сейсмоизоляция ва демпфер ускуналари билан лойиҳалаш амалиёти йўлга қўйилсин;

актив сейсмик ҳимоялаш қурилмаларини ўрнатиш қурилиш ишларига масъул бўлган буюртмачи ташкилотлар томонидан молиялаштирилиши белгилансин.

Мазкур банднинг тўлиқ ва сўзсиз ижросини таъминлаш учун масъуллар этиб Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Б.Закиров), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари белгилансин.

2. 2024 йил 1 июлдан бошлаб:

янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили III – IV тоифа бўлган объектларга бино ва иншоотларнинг юк кўтарувчи конструкцияларини автоматик мониторинг қилиш ускунасини ўрнатиш мажбурий этиб белгилансин;

бино ва иншоотларнинг юк кўтарувчи конструкцияларини автоматик мониторинг қилиш ускуналаридан олинадиган маълумотларнинг ягона базасини юритиш орқали мониторинг қилиш тартиби жорий этилсин.

Мазкур банд доирасида бино ва иншоотларнинг юк кўтарувчи конструкцияларини автоматик мониторинг қилиш ускуналари мажбурий ўрнатилишини назорат қилиш учун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Б.Закиров), улардан олинадиган маълумотларнинг ягона базасини юритиш ва мониторинг қилиш учун Тошкент архитектура-қурилиш университети (Б.Тулаганов) масъул этиб белгилансин.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2024 йил 1 июлдан бошлаб:

МСК-64 шкаласи бўйича 5 ва ундан юқори баллик ер силкиниши содир бўлганда бино ва иншоотларнинг ҳолати бўйича юк кўтарувчи конструкцияларни автоматик мониторинг қилиш ускуналаридан олинган маълумотлар тезкор равишда таҳлил қилинади;

бино ва иншоотларда аниқланган хавф бўйича зудлик билан Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига (кейинги ўринларда – Республика кенгаши) ахборот киритилади;

Республика кенгаши уч кун муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда зилзила натижасида аниқланган бино ва иншоотларнинг заиф нуқталарини мустаҳкамлаш ва хавфни бартараф этиш чораларини белгилаб, уларнинг амалга оширилишини таъминлайди.

Мазкур бандда назарда тутилган тартибнинг йўлга қўйилиши ва бир маромда ишлашини таъминлаш учун масъул этиб Республика кенгаши (А.Арипов) белгилансин.

4. Бино ва иншоотлар ҳудудларнинг сейсмик фаоллигига мувофиқ равишда қурилишини ташкил этиш мақсадида:

2024 йил 1 июлга қадар республиканинг барча туман ва шаҳарлари ҳудудлари кесимида минтақавий акселерограммалар рақамлаштирилсин ҳамда уларнинг онлайн базалари шакллантирилсин;

2024 йил 1 августдан бошлаб хавфлилик омили III – IV тоифа бўлган объектларни ҳудуднинг зилзилалар кучини кўрсатиб берувчи минтақавий акселерограммалар базаларидан келиб чиқиб лойиҳалаш ва қуриш тартиби жорий этилсин.

Мазкур банд доирасида минтақавий акселерограммаларни рақамлаштириш учун масъул этиб Фанлар академияси (Б.Юлдашев) ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (А.Қўлдашев), бино ва иншоотларни минтақавий акселерограммаларга мувофиқ лойиҳалаш ва қуриш ишларини назорат қилиш учун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Д.Адилов) масъул этиб белгилансин.

5. 2024 йил 1 июндан бошлаб янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили III – IV тоифа бўлган объектларда газ ва электр тармоқларини кучли зилзила пайтида автоматик блоклаш тизими билан лойиҳалаш тартиби жорий этилсин.

Бунда, сейсмик фаол зоналарда янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили III – IV тоифа бўлган объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари уларда кучли зилзила содир бўлганда газ ва электр тармоқларини автоматик блоклаш тизими мавжуд бўлган ҳоллардагина шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасидан ўтказилиши белгилансин.

Мазкур банднинг тўлиқ ва сўзсиз ижросини таъминлаш учун масъул этиб Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Б.Закиров) белгилансин.

6. Содир бўлган зилзилалар ва фасллардаги намгарчиликлар таъсиридан чўккан ҳамда деформациялар пайдо бўлган бино ва иншоотларни мустаҳкамлаш ишларига илғор, замонавий ва хавфсиз ёндашувларни жорий этиш мақсадида:

2024 йил 1 июлга қадар техник ҳолати қониқарсиз деб топилган мавжуд бино ва иншоотларни “компенсацион инъекция технологияси орқали мустаҳкамлаш ва деформацияни олдинги ҳолатига қайтариш” услуби орқали қайта тиклаш ишлари эксперимент тариқасида амалга оширилсин;

2024 йил 1 октябрга қадар эксперимент натижалари асосида бино ва иншоотлар пойдеворини мустаҳкамлаш ва деформацияларини бартараф этишда ер остидан “компенсацион инъекция технологияси орқали мустаҳкамлаш ва деформацияни олдинги ҳолатига қайтариш” услубини амалиётга тўлиқ жорий этиш чоралари кўрилсин.

Мазкур банд доирасида “компенсацион инъекция технологияси орқали мустаҳкамлаш ва деформацияни олдинги ҳолатига қайтариш” услубини амалиётга жорий этиш учун масъул этиб Тошкент архитектура-қурилиш университети (Б.Тулаганов), эксперимент учун объектларни тақдим этишга масъул этиб Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси (К.Тўлаганов) белгилансин.

7. Қурилишда давлат назорати сифатини ошириш мақсадида 2024 йил 1 июлдан бошлаб янги қурилаётган объектларнинг хавф-хатар тоифасини ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий инспекторларнинг иш тажрибасини инобатга олган ҳолда давлат назоратини амалга ошириш ишлари ташкил этилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ ва сўзсиз ижросини таъминлаш, қурилишда давлат назоратини амалга оширишда уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциялари штат бирликлари сонини қайта кўриб чиқиш учун масъул этиб Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси (К.Тўлаганов) белгилансин.

8. Қуйидагилар:

Сейсмик хавфсизликни таъминлаш ҳамда бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 1-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри бўйича сейсмик хавфсизликни таъминлашга қаратилган ҳудудий чора-тадбирларни амалга ошириш режалари (кейинги ўринларда – ҳудудий чора-тадбирлар режалари) 2 – 15-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

9. “Йўл харитаси” ва ҳудудий чора-тадбирлар режаларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш юзасидан:

“Йўл харитаси” бўйича – тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарларига;

ҳудудий чора-тадбирлар режалари бўйича – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларига шахсий масъулият юклатилсин.

Республика кенгаши давлат органлари ва ташкилотлари томонидан “Йўл харитаси” ва ҳудудий чора-тадбирлар режаларида белгиланган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш учун масъул этиб белгилансин.

10. Республика кенгаши (А.Арипов), Тошкент архитектура-қурилиш университети (Б.Тулаганов) 2024 йил 1 августга қадар Республика кенгаши аъзолари ҳамда соҳага масъул вазирлик ва идоралар мутахассисларини сейсмик хавфсизликни таъминлаш ва қурилиш назорати соҳаси бўйича ривожланган хорижий давлатларга қисқа муддатли хизмат сафарига юборишни ташкил этсин.

Республика кенгаши аъзолари ҳамда соҳага масъул вазирлик ва идоралар мутахассисларини хорижга юбориш билан боғлиқ харажатлар (транспорт, меҳмонхона, кунлик ва бошқалар) Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланиши белгилансин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда 2024 йил 1 майга қадар ҳудудларнинг зилзилага тайёргарлик кўриш режаларини тасдиқласин ва қонунчиликка мувофиқ ушбу режа асосида аҳолини зилзилага тайёрлаш ишларини ташкил этиб борсин.

12. Ҳудудларда кучли зилзилаларга тайёргарлик кўриш ишларини аниқ илмий прогнозларга асосан ташкил этиш мақсадида 2024 йил 1 майдан бошлаб:

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази (кейинги ўринларда – Марказ) томонидан зилзила хавфи ва прогнозига оид хулосаларни ҳар ойда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига киритиш амалиёти йўлга қўйилсин;

хулосаларда кучли зилзила хавфи ҳақида огоҳлантириш бўлганда, тегишли ҳудудлар раҳбарлари томонидан ҳудудларнинг зилзилага тайёргарлик кўриш режаларига мувофиқ ишлар ташкил этилсин.

Мазкур банднинг тўлиқ ва сўзсиз ижросини таъминлаш учун масъуллар этиб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази (Қ.Қўчқоров), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари белгилансин.

13. 2024 йил 1 июндан бошлаб республика ҳудудида бўлиб ўтган зилзилалар мониторинги, уларнинг илмий таҳлили ва фаол тектоник ер ёриқларининг ҳаракатлари орқали яқин келажакда кутилаётган кучли зилзила хавфи бор ҳудудларни аниқлаш амалиёти йўлга қўйилсин.

Бунда:

сейсмопрогностик мониторинг амалга оширилишини ташкил этиш, бўлиб ўтган зилзилаларнинг рақамли маълумотлар базасини шакллантириш ва қайта ишлаш – Марказ томонидан;

зилзилаларнинг вужудга келиш механизми, даражаси ва зилзила даракчиларининг турли геодинамик жараёнларда намоён бўлиши, шунингдек, яқин келажакда кутилаётган кучли зилзила хавфи бор ҳудудларни аниқлаш – Фанлар академияси томонидан амалга оширилиши белгилансин.

Кучли зилзила хавфи бор ҳудудлар аниқланганда, бу ҳақидаги маълумотлар зудлик билан Республика кенгашига киритиб борилсин.

14. 2024 йил 1 майдан бошлаб ҳар бир ҳудудда кучли зилзилада аҳолини қутқариш ишларига жалб этиш учун волонтёрлик гуруҳларини шакллантириш амалиёти йўлга қўйилсин.

Бунда, волонтёрлик гуруҳларига жалб қилинган фуқароларга ҳар чоракда қонунчиликка мувофиқ кучли зилзилада ҳаракатланиш қоидалари ва тартиби ўргатилиб, бу йўналишдаги билим ва кўникмалари ошириб борилсин.

Мазкур бандда назарда тутилган амалиётни тўлиқ жорий этишволонтёрлар гуруҳлари фаолиятини доимий рағбатлантириб бориш учун масъул этиб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (А.Қўлдошев) ва Ёшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев) белгилансин.

15. Фанлар академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Фанлар академияси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Зилзила муҳандислиги олимлари ассоциациясини (кейинги ўринларда – Ассоциация) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Ассоциацияга 16-иловага мувофиқ асосий вазифалар юклатилсин.

16. Қуйидагилар:

Ассоциация вазирлик ва идораларнинг соҳага масъул мутахассислари ва олимлар ҳамда хорижий мутахассислардан иборат таркибда Фанлар академияси томонидан Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда шакллантирилиши ва ҳар уч йилда янгилаб борилиши белгилансин;

Ассоциация томонидан ҳар чоракда тайёрланадиган таклифлар Республика кенгаши томонидан ҳар ярим йилда муҳокамадан ўтказилиши ва асосланган таклифлар зудлик билан амалга оширилиши таъминлансин.

17. Сейсмик хавфсизликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар моҳиятини аҳоли ва кенг жамоатчиликка тушунарли тарзда етказиш ишларини ташкил этиш мақсадида:

а) Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Джурабаев):

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (А.Қўлдошев) билан ҳамкорликда фуқароларнинг зилзила вақтида тўғри ҳаракатланишига бағишланган кўрсатувлар, лавҳалар, роликлар ва эшиттиришлар тайёрланишини;

ишлаб чиқилган медиа маҳсулотлар Миллий телерадиокомпаниянинг барча теле- ва радиоканалларида тизимли равишда эфирга узатилишини таъминласин;

б) Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.Ходжаев) Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (А.Қўлдошев) билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда сейсмик хавфсизлик тадбирларини амалга ошириш жараёнлари, шу жумладан, фуқароларнинг зилзила вақтида тўғри ҳаракатланиши бўйича ташкил этилаётган қўмондонлик-штаб, махсус-тактик ва объект ўқув машқлари ҳақидаги тўлиқ маълумотларнинг кенг ёритилишини ташкил этсин.

18. Фанлар академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

19. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб фавқулодда вазиятлар вазири А.Х.Қўлдошев ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Б.И.Закиров белгилансин.

Қарор ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Амалга оширилган чора-тадбирларнинг натижадорлиги тўғрисида ҳар ярим йил якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб борилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси

             Президенти                                                                                                               Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2024 йил 17 апрель