Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш ва маъмурий тартибга солишни қисқартириш, юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни реализация қилишда бозор механизмларини ҳамда биржа савдоларида шаффофлик даражасини ошириш ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш учун биржа фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича изчил чоралар қабул қилинмоқда.
Шу билан бирга, юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларга нарх шакллантиришнинг бозор механизмларини яратиш ва биржа фаолиятини янада ривожлантириш учун фақат биржа савдолари орқали сотиладиган товарлар рўйхатини кенгайтириш, биржа савдоларининг динамикасини таъминловчи янги савдо инструментларини жорий қилиш лозим.
Мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни сотиб олишда тенг шароитлар яратиш ҳамда республикада биржа савдосини фаоллаштириш мақсадида:
1. 2020 йил 1 январдан бошлаб шундай тартиб белгилансинки, унга кўра:
устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ёки устав фонди (капитали)нинг 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар (кейинги ўринларда – давлат улуши мавжуд ташкилотлар) томонидан ишлаб чиқариладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ўрнатиладиган квоталар бўйича фақат биржа савдолари орқали экспорт қилинади;
монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан техник мой, омухта ем, хўжалик совуни, нефть эриткичи, нефть парафини ва мис купороси ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида барча тоифадаги харидорларга биржа савдоларида қатнашиш имконияти тенг таъминланган ҳолда реализация қилинади;
маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган шакар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида барча тоифадаги харидорларга биржа савдоларида қатнашиш имконияти тенг таъминланган ҳолда реализация қилинади, республиканинг олис ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларида жойлашган истеъмолчиларга тўғридан-тўғри шартнома асосида ўз савдо тармоқлари орқали сотиладиган, умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 10 фоизидан ошмайдиган ҳажми бундан мустасно;
монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан иситиш ёқилғиси, ёқиш мазути, суюлтирилган газ ва нефть битуми фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида барча тоифадаги харидорларга биржа савдоларида қатнашиш имконияти тенг таъминланган ҳолда реализация қилинади, махсус истеъмолчиларга ўрнатилган тартибда тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотиладиган ҳажмлар бундан мустасно;
товар-хомашё биржаларида томонларнинг келишувига мувофиқ биржа савдолари қоидалари асосида чет эл валютасида импорт битимлари тузилиши мумкин. Бунда тузилган шартномалар бўйича маълумотлар товар-хомашё биржалари томонидан Валюта операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Молия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 1 ноябрга қадар юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни товар-хомашё биржаларининг биржа савдоларида, шу жумладан, биржа товарларини 1 ойдан ортиқ муддатга кечиктириб етказиб бериш шарти билан олди-сотди битими (форвардлар) тузиш орқали реализация қилиш тартибини назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3. Белгилаб қўйилсинки, юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш жадваллари монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан товар-хомашё биржаларининг расмий веб-сайтларига, зарур ҳолларда, ҳар ойда янгиланган тарзда жойлаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни биржа савдоларига ўрнатилган тартибда қўйиб борилиши устидан назоратни таъминласин.
4. Биржада камида 100 та сотилган (бепул тақдим этилган) брокерлик ўринлари мавжудлиги ва биржа фаолиятини амалга оширишда товар-хомашё биржалари раҳбарлари малака талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги шартлар ва талаблар бекор қилинсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига:
Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда монополист корхоналар томонидан юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига мажбурий қўйиш бўйича қарорлар қабул қилиш;
биржа савдолари қатнашчилари доирасини чегаралаб қўйишнинг олдини олиш учун биржа савдоларига қўйиладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг битта лот бўйича максимал ҳажмини қайта кўриб чиқиш юзасидан товар-хомашё биржаларига кўрсатмалар бериш ҳуқуқи тақдим этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
8. Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Ғуломов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 8 октябрь