Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги ПФ-29-сон фармонига мувофиқ, шунингдек, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг ёрдамчилари (кейинги ўринларда – ҳоким ёрдамчилари) фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида:

1. Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда – Республика комиссияси) ташкил этилсин, унинг таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Республика комиссияси (Қўчқоров) бир ҳафта муддатда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида иқтисодиёт ва инвестиция комплексларига кирувчи вазирлик, идоралар, тижорат банкларининг масъул ходимларини (кейинги ўринларда – республика вакиллари) ҳар бир туман ва шаҳарга бириктирсин, уларнинг иш жойи, ойлик иш ҳақи ва бошқа ижтимоий тўловларини сақлаб қолган ҳолда, бириктирилган ҳудудга бир йиллик хизмат сафарига юборилишини таъминласин.

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари ҳамда маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари (кейинги ўринларда – марказлар) Республика комиссияси ва республика вакилларининг ишчи органлари этиб белгилансин.

3. Белгилансинки:

а) Республика комиссияси аъзолари:

шаҳарчалар, қишлоқлар, овулларда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги маҳаллаларда (кейинги ўринларда – маҳаллалар) тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ишларни тизимли ташкил этади;

ўзи бириктирилган ҳудуддаги республика вакиллари фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади, мақсадли кўрсаткичларга эришилиши учун масъул ва жавобгар бўлади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан бирга ўзи бириктирилган ҳудудга ажратилган маблағларнинг туман ва шаҳарлар кесимида тақсимланишини таъминлайди;

б) республика вакиллари:

туман (шаҳар) ҳокимининг биринчи ўринбосари билан бирга марказлар ҳамда ҳоким ёрдамчилари фаолиятига кўмаклашади;

ҳар куни битта маҳаллага чиққан ҳолда камида ўнта хонадонга шахсан ташриф буюриб, мавжуд ҳолатни ҳоким ёрдамчилари билан бирга ўрганади, аҳолига амалга оширилаётган давлат сиёсати ва ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиради, аниқланган муаммоларни жойида ҳал қилиш чораларини кўради;

ҳоким ёрдамчилари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича сектор раҳбарлари билан биргаликда ҳар бир маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўналишларини белгилайди, хонадонбай рўйхат асосида ҳар бир маҳалла кесимида ҳақиқий ижтимоий вазиятни аниқлайди ҳамда ойма-ой амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади;

ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқтаси”дан келиб чиқиб, етакчи тадбиркорлар ва ҳоким ёрдамчилари таклиф этаётган янги лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашади, маҳаллаларда аҳолининг кундалик эҳтиёжлари учун зарур бўлган хизматлар турларини ривожлантиради;

аҳолини, биринчи навбатда ишсиз ёшлар ва аёлларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш ишларини ташкил қилади;

туман (шаҳар) ҳокимлари ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиб, уй шароитида деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, уруғчилик, кўчатчилик, гулчилик каби фаолият турларини йўлга қўйишга кўмаклашади;

туман (шаҳар) ҳокимлари билан биргаликда ҳудудга ажратилган маблағларнинг маҳаллалар кесимида тақсимланишини таъминлайди;

в) ҳоким ёрдамчилари:

маҳалладаги ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш, уларга доимий даромад манбаини яратишга кўмаклашиш учун устувор равишда маҳалладаги муваффақиятга эришган тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда фаолиятини олиб боради;

республика вакиллари билан биргаликда ўзига бириктирилган маҳаллани ривожлантириш бўйича 2022 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқади ва ижросини таъминлайди;

ажратилаётган ресурслардан самарали фойдаланиш юзасидан доимий мониторингни амалга оширади;

амалга оширилган ишлар натижадорлиги юзасидан туман (шаҳар) ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари билан биргаликда доимий равишда ҳокимга ҳисобот бериб боради.

4. Республика комиссияси аъзолари ва республика вакилларига маҳаллий бюджет даромадларининг орттириб бажарилган қисмидан маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этишга йўналтириш бўйича таклифлар маҳаллий вакиллик органларига киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. Ҳоким ёрдамчилари ўз вазифаларини амалга оширишда фойдаланадиган молиявий инструментларнинг 2022 йил учун манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

а) оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар – 10 триллион сўм;

б) аҳолининг бандлигини таъминлаш, уларнинг ўзини ўзи банд қилиши, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун ажратиладиган маблағлар – 1 218 миллиард сўм, шундан:

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан иш билан банд бўлмаган аҳолига тадбиркорлик қилиш ва ўзини ўзи банд қилиш учун субсидиялар, кредит ресурслари ва бошқа харажатлар учун – 785 миллиард сўм, иш билан банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка ўқишга йўналтириш учун – 210 миллиард сўм;

Жамоат ишлари жамғармасидан ишсиз аҳолини ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш харажатлари учун – 222 миллиард сўм;

в) Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ажратиладиган субсидиялар – 50 миллиард сўм;

г) ҳоким ёрдамчилари тавсиялари асосида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун кўзда тутиладиган маблағлар – 250 миллиард сўм;

д) “Саховат ва кўмак” жамғармаси, “Аёллар дафтари” жамғармаси, “Ёшлар дафтари” жамғармаси – 851 миллиард сўм миқдорида.

Мазкур банднинг “б”–“д” кичик бандларида кўрсатиб ўтилган маблағларнинг республика ҳудудлари кесимидаги тақсимоти 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда бир ой муддатда мазкур қарорга 2-иловада кўрсатилган маблағларни туман (шаҳар) ва ҳар бир маҳалла кесимида маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва хонадонлар сонидан келиб чиқиб тақсимласин.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратишга масъул тижорат банклари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари мазкур бандда кўрсатилган маблағларнинг ойма-ой узлуксиз молиялаштириб борилишини таъминласин.

7. Белгилансинки:

мазкур қарорнинг 3-иловасида кўрсатилган, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги кредитлар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Жамоат ишлари жамғармаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, “Аёллар дафтари” жамғармаси, “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ўзини ўзи банд қилиш ва иш билан таъминлаш учун ажратиладиган субсидиялар ҳоким ёрдамчиларининг тавсиялари асосида ажратилади;

ҳоким ёрдамчилари юқоридаги йўналишлар бўйича кредитлар ва субсидиялар ажратиш кўзда тутилган ҳар бир лойиҳанинг самарадорлиги ва мақсадга мувофиқлигини чуқур ўрганган ҳолда уларни ажратиш учун масъул идора ва ташкилотларга ўз тавсиясини беради.

8. Ҳоким ёрдамчиларининг ойлик иш ҳақи миқдори улар бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгилансин:

хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари миқдорида;

хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6,5 баравари миқдорида;

хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 7 баравари миқдорида.

9. Белгилансинки:

ҳоким ёрдамчиларига тўланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори номзоднинг ушбу лавозимга ишга қабул қилингунга қадар аввалги иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлган тақдирда етишмаган қисми Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан компенсация қилиб борилади;

марказлар ходимларига туман (шаҳар) иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимлари ходимлари учун белгиланган ва Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.

10. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқласин, унда, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутсин:

бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида турар жой ижараси харажатлари учун компенсация тўлаш;

иш фаолиятида яхши натижаларга эришган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакилларини ҳар ой мукофотлаш;

ҳоким ёрдамчилари иш ҳақининг аввалги иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлган қисмини компенсация қилиб бориш;

ўз шахсий автомобилидан фойдаланаётган республика вакилларининг транспорт харажатлари, шунингдек, бир ойда бир маротаба доимий яшаш жойига темир йўл транспортида бориб келиши учун компенсация тўлаш;

йил якуни бўйича ўзига бириктирилган ҳудудда юқори натижаларга эришган республика вакилларига ва ҳоким ёрдамчиларига ипотека кредити асосида уй-жой харид қилиш учун уй-жой қийматининг 50 фоизигача субсидия тўлаш.

11. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда:

биринчи босқичда – 2021 йил 15 декабрга қадар республика вакиллари учун янги жорий этилаётган тизимнинг туб моҳияти ва самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича бир ҳафталик ўқув-семинарларини ташкил этсин;

иккинчи босқичда – 2021 йил 30 декабрга қадар республика вакиллари иштирокида ҳоким ёрдамчилари ва марказлар ходимлари учун амалий машғулотларни ташкил этсин;

учинчи босқичда – 2022 йил давомида ҳар чоракда республика вакиллари, ҳоким ёрдамчилари ва марказлар ходимлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш курсларини ташкил этсин.

Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров:

уч кун муддатда ўқув-семинарларига иқтисодий ва инвестиция комплексларига кирувчи идоралар, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа ташкилотларнинг етарли малака ва тажрибага эга бўлган раҳбар ходимларини жалб қилсин;

Ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этсин ҳамда доимий равишда уларнинг фаолияти мониторингини олиб борсин.

Ўқув семинарларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қопланиши белгилансин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига ўқув-семинарларини ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш вазифаси юклансин.

12. 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчиларини давлат олий таълим муассасаларининг иқтисодий таълим йўналишларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тавсиясига кўра давлат гранти асосида сиртқи таълим шаклига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш амалиёти жорий этилсин.

13. Қуйидагилар:

ҳоким ёрдамчиси лавозими ва марказлар фаолияти ташкил этилиши муносабати билан туман ва шаҳарлар ҳокимликларининг намунавий ташкилий тузилмаси 4-7-иловаларга мувофиқ;

Туман (шаҳар) маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ходимларининг чекланган сони 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

14. Белгилансинки, ҳоким ёрдамчилари ва марказлар ходимларининг штат бирликлари мос равишда маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари, туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказларининг ишга жойлаштириш инспектори, туманлар ва шаҳарлардаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан ташкил этилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан биргаликда штат бирликлари қисқартирилган ходимларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш чораларини кўрсин.

15. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда:

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни;

ҳоким ёрдамчилари ва марказларнинг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, ваколатлари ва жавобгарлигини белгилаш бўйича намунавий низомни тасдиқласин.

16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ҳафта муддатда туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан:

Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни, марказларнинг устави ва тузилмасини тасдиқланиши;

ҳоким ёрдамчилари ва марказларни тегишли бино (хона), моддий-техника ва замонавий ахборот воситалари (мебель, компьютер тўплами, алоқа, Интернет ва бошқалар) билан таъминланиши бўйича чоралар кўрсин.

17. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Х.Шерматов):

ҳоким ёрдамчилари ва республика вакилларига “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига уланган, масофадан туриб ҳисоботлар тақдим этиш ҳамда видео конференция алоқа шаклида йиғилишларда иштирок этиш имконини берувчи махсус планшетлар ажратилишини таъминласин.

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан бериладиган ижтимоий нафақалар, субсидия ва имтиёзли кредитлар учун аризаларни махсус планшетларда қабул қилиб олиш ва рўйхатдан ўтказиш кўникмалари бўйича ўқув-тренингларини ташкил этсин.

18. Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров:

ҳар ҳафтада Республика комиссияси, республика вакиллари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича сектор раҳбарлари, ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари ва ҳоким ёрдамчилари иштирокида маҳаллаларда амалга оширилаётган ишларни муҳокама қилсин;

ҳар ҳафтада ҳудудларга чиқиб, маҳаллабай ишлаш тизими асосида амалга оширилаётган ишларни жойида ўрганиб борсин, Ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари фаолиятининг самарали ташкил этилишини таъминласин;

ҳар ойда амалга оширилган ишлар натижалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.

Республика вакиллари ва ҳоким ёрдамчиларининг мазкур қарорда белгиланган вазифалардан бошқа ишларни бажаришга, шу жумладан, йиғилишларга Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров рухсатисиз жалб этиш тақиқлансин.

19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.А.Худайбергенов ҳар ойда бир маротаба Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилган ҳолда, ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг натижадорлигини ўрганиш, ўрганиш натижаларини халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида муҳокама қилиб бориш амалиётини йўлга қўйсин.

20. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ташкилий тузилмасини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.

21. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

22. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари С.М.Холхўжаев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига мазкур қарор ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш, ҳоким ёрдамчиси фаолиятини жойларда ташкил этиш ҳамда мазкур тизимни амалиётга тўлиқ татбиқ қилиш юзасидан кунлик назоратни амалга ошириш юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси (Р.А.Гулямов, Б.М.Мавлонов) амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар ой якуни бўйича ахборот киритиб борсин.

 

Ўзбекистон Республикаси

      Президенти                                                                            Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2021 йил 3 декабрь