Ўзбекистон Республикасида санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и

Мамлакатимизда сўнгги йилларда санитария-эпидемиологик осойишталикни сақлаш, яшаш муҳити хавфсизлигини ва инсон соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлаш, санитария-эпидемиология назорати хизмати тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳада малакали кадрларни тайёрлашга йўналтирилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, битта давлат органи доирасида бир вақтнинг ўзида давлат санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш функцияларининг ушбу соҳада рухсат бериш ва назорат функциялари билан бирга амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати фаолияти самарадорлигини таъминлашга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммолар юзага келишига олиб келди.

Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш, унинг институционал салоҳиятини ошириш, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилиши соҳасида таъсирчан мониторинг ва назоратни йўлга қўйиш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида белгиланган вазифаларга мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг:

а) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати хизмати ташкилотлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда – санитария-эпидемиология назорати хизмати) негизида:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмаларини (кейинги ўринларда – Давлат инспекцияси);

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигини (кейинги ўринларда – Агентлик) ташкил этиш;

б) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати бош бошқармасини тугатиш ва унинг штат бирликларини Агентликка ўтказиш;

в) қайта ташкил этилаётган Республика давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг лаборатория хизмати негизида, молиялаштиришнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинган ҳолда, Агентлик ҳузуридаги Лаборатория комплексини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қуйидагилар:

а) Давлат инспекциясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

санитария-эпидемиология назорати соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ва улар билан ҳамкорлик қилишни таъминлаш;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (СанҚваН) риоя қилиниши бўйича белгиланган тартибда текширишлар ўтказиш ва санитария-эпидемиологик осойишталик соҳасида қонун бузилишлар бўйича маъмурий жавобгарлик чораларини белгиланган тартибда қўллаш;

озиқ-овқат хомашёси ва истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва сотиш фаолияти билан шуғулланувчи объектлар фаолияти, шунингдек, зарур халқаро амалиётларни қўллаш тажрибасига асосланган стандартлар талабларига риоя қилиш устидан назорат қилиш методологиясини ишлаб чиқиш ва жорий этишда иштирок этиш;

хавф-хатарларни барвақт аниқлашни таъминлаш, баҳолаш ва бартараф этиш мақсадида келиб чиқиши озиқ-овқат билан боғлиқ касалликлар устидан миллий мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш тизимини жорий этиш;

тармоқнинг тегишли кадрларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор усулларини тизимли асосда жорий этиш;

б) Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш, давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасида давлат
ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ва улар билан ҳамкорлик қилишни таъминлаш;

санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини (СанҚваН) халқаро стандартлар ва нормаларга мувофиқ уйғунлаштириш ва долзарблигига қараб такомиллаштиришни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

юқумли бўлмаган, юқумли, паразитар касалликлар юзага келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган эпидемияга қарши ва санитария-гигиеник тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

юқумли ва паразитар касалликлар юзага келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган профилактик дезинфекция, дезинсекция, дератизация тадбирлари ўтказилишини ташкил қилиш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

жамоат саломатлигини таъминлаш соҳасида потенциал хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва бошқариш жараёнида хавф-хатарларни таҳлил қилиш ва илмий асосланган ёндашувлар асосида озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги сиёсатни амалга оширишга кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўлатнинг табиий ўчоқлари эпизоотологик мониторингини олиб боришни, ўлат ва ўта хавфли инфекциялар бўйича эпидемиологик назорат ҳамда профилактик ва эпидемияга қарши комплекс тадбирлар амалга оширилишини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

санитария, гигиена, эпидемиология, паразитология, микробиология, вирусологиянинг долзарб масалалари бўйича истиқболли йўналишларни белгилаш ҳамда фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб борилишини мувофиқлаштириш;

барча ижтимоий гуруҳларни қамраб олган ҳолда фуқароларни санитария-гигиеник ўқитиш ва тарбиялашни ташкил этишга қаратилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали аҳолининг санитария маданияти даражасини ошириш;

тармоқнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кадрларни ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор усулларини тизимли асосда жорий этиш.

3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясининг бошқарув ходимлари чекланган сони 28 нафардан иборат марказий аппарати тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Давлат инспекциясининг ҳудудий бошқармалари ходимларининг чекланган сони 4 179 нафардан иборат этиб;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаларининг намунавий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси туман (шаҳар) филиалининг намунавий тузилмаси 4-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг ташкилий тузилмаси 5-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг бошқарув ходимлари чекланган сони 45 нафардан иборат бўлган марказий аппарати тузилмаси 6-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси давлат санитария-эпидемиология хизматининг қўшиб олиш, қўшиб юбориш, ўзгартириш ва тугатиш йўли билан фаолияти оптималлаштирилаётган ташкилотлари (лабораториялари ва бўлинмалари) рўйхати 7-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4055-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар рўйхати 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қуйидагиларга:

Давлат инспекцияси бошлиғига зарур ҳолларда Давлат инспекцияси марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармалари тузилмасига уларнинг бошқарув ходимлари чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш;

Агентлик директорига зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири билан келишилган ҳолда Агентликнинг марказий аппарати тузилмасига бошқарув ходимлари чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

а) Давлат инспекцияси бошлиғи бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария инспектори ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Давлат инспекцияси бошлиғининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Давлат инспекцияси бошлиғи ва ўринбосари мақоми, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитлари бўйича тегишинча вазир ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

б) Агентлик директори бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Агентлик директорининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Агентлик директори мақоми, маиший, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосарига тенглаштирилади;

в) Давлат инспекцияси ва Агентлик ходимларига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади;

г) Давлат инспекцияси ва Агентлик, шунингдек, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари таъминоти билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

5. Давлат инспекцияси ва Агентлик ҳузурида юридик шахс ташкил этмасдан бюджетдан ташқари моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармалари (кейинги ўринларда – тегишинча Давлат инспекцияси жамғармаси ва Агентлик жамғармаси) ташкил этилсин.

Белгилансинки, тугатилаётган давлат санитария-эпидемиология назорати марказларининг бюджетдан ташқари ҳисобрақамларидаги барча маблағлар Агентлик жамғармасига тўлиқ ўтказилади.

6. Қуйидагилар маблағларни шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

а) Давлат инспекцияси жамғармаси:

санитария-эпидемиология қонунчилигини бузганлик учун қўлланилган жарималар суммасидан ва жарималарни тўлаш кечиктирилганлиги учун ҳисобланган пенялардан тушган маблағларнинг 50 фоизи;

жамғарма маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;

халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг белгиланган тартибда жалб этиладиган грант ва ҳомийлик маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

б) Агентлик жамғармаси:

идоравий мансуб ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ихтисослашган пуллик хизматлар кўрсатишдан тушган тушумларнинг уларни амалга оширишга кетган жами харажатлар қоплангандан кейин қолган суммасининг 15 фоизи;

жамғарма маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;

халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг белгиланган тартибда жалб этиладиган грант ва ҳомийлик маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Белгилансинки:

а) Давлат инспекцияси жамғармаси маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

Давлат инспекциясининг фармойиш бериш ва бошқариш функцияларини амалга ошириш билан боғлиқ, шу жумладан, текширишларнинг электрон маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш харажатларини қоплаш;

Давлат инспекцияси ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминлаш, шунингдек, уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;

Давлат инспекцияси олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш доирасида хорижий ва маҳаллий мутахассисларни жалб этиш бўйича харажатлар;

б) Агентлик жамғармаси маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

Агентликнинг фармойиш бериш ва бошқариш функцияларини амалга ошириш билан боғлиқ, шу жумладан, санитария-эпидемиологик осойишталикнинг электрон маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш харажатларини қоплаш;

Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминлаш, шунингдек, уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;

Агентлик олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш доирасида хорижий ва маҳаллий мутахассисларни жалб этиш бўйича харажатлар.

Белгилансинки, Давлат инспекцияси бепул асосда ўз ташкилотларини Агентлик биноларининг бўш майдонларида жойлаштириш ва унинг лабораториялари хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Давлат инспекцияси ва Агентлик фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, 2019-2026 йилларда санитария-эпидемиологик осойишталик хизматини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни тасдиқлаш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

а) 2019 йил 1 ноябрга қадар ушбу Фармон қоидаларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

б) 2019 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишган ҳолда, Агентлик ташкилотлари ходимларининг штат бирликлари нормативларини қуйидагиларни ҳисобга олиб, тасдиқласин:

замонавий лаборатория ускуналарини жорий этиш, штат жадвали ва лавозим мажбуриятларини ўрганиш, хизмат юкламасини таҳлил қилиш, хронометраж текширувига асосланган ҳолда ишлар ҳажмини ходимлар ўртасида тўғри тақсимлаш;

2020 йил 1 апрелга қадар санитария-эпидемиологик назорати хизматлари ходимлари сонини 7 минг штат бирлигига босқичма-босқич мақбуллаштириш ва штат бирликларининг бир қисмини Давлат инспекциясига бериш;

в) уч ой муддатда Агентлик ва Давлат инспекцияси фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини жорий этсин;

г) икки ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ушбу Фармонга мувофиқлаштирилишини таъминласин.

10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                              Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 9 сентябрь

 

ЎзА