Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони 

Меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мувофиқ узлуксиз таълим тизимини такомиллаштириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш, таълим хизматларининг очиқлиги ва сифати масалаларига давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўтган йилларда касб-ҳунар таълимини ривожлантириш, таълим жараёнини модернизациялаш ва мазмунини янгилашни таъминлаш мақсадида унинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди, иқтидорли ёшларнинг халқаро ва республика олимпиадалари ҳамда танловларда салмоқли натижаларга эришишларида уларни манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича қатор тизимли чора-тадбирлар кўрилди.

Шу билан бирга, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ривожланишини таҳлил қилиш натижалари тизимнинг бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини ва туб ислоҳотларга муҳтожлигини кўрсатди:

биринчидан, касб-ҳунар коллежлари аҳоли яшаш жойларига яқин бўлмаган масофада жойлаштирилганлиги, айниқса, ҳудудларда транспорт инфратузилмаси етарли даражада ривожланмаганлиги ҳамда об-ҳаво шароитлари туфайли ўқувчиларнинг вақти-вақти билан оммавий равишда дарс машғулотларини қолдиришларига сабаб бўлмоқда;

иккинчидан, касб-ҳунар коллежларининг моддий-техника базасини шакллантиришнинг мавжуд амалиёти касб-ҳунар коллежлари таълим йўналишларига жавоб бермайдиган ўқув устахоналари ташкил этилишига, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар билан етарли даражада таъминланмаслигига олиб келди. Касб-ҳунар коллежлари моддий-техник жиҳозланишининг ўртача даражаси бугунги кунда атиги 56 фоизни ташкил этади, 31 та касб-ҳунар коллежида ўқув устахоналари умуман мавжуд эмас;

учинчидан, етарли даражада молиялаштирилмаганлиги натижасида касб-ҳунар таълими тизими учун зарур бўлган кўплаб дарсликлар ва ўқув қўлланмалари нашр этилмади, дарсликларнинг 50 фоизи рус ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинмаган, амалдаги дарсликлар бирор марта янгиланмаган;

тўртинчидан, касб-ҳунар коллежларида кадрлар тайёрлаш тизими ҳудудлардаги иқтисодий тармоқларнинг реал эҳтиёжларидан ортда қолганлиги, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари учун белгиланган қабул квоталарида меҳнат бозори конъюнктураси ва ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш имкониятлари ҳисобга олинмаслиги битирувчиларни ишга жойлаштиришда қийинчилик туғдирмоқда;

бешинчидан, касб-ҳунар коллежларидаги мавжуд ўқув жараёнини ташкил этишнинг ҳозирги ҳолати, қўлланилаётган ўқув-норматив ҳужжатлар ҳамда ўқитиш муддатлари касбларнинг мураккаблик даражасига жавоб бермайди, ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этишдаги камчиликлар олинаётган билим даражаси тушиб кетишига ва тегишли равишда қатор таълим йўналишлари бўйича битирувчиларга бўлган эҳтиёжнинг пасайишига олиб келади ва натижада ўқишни тамомлагандан кейин иш жойларида уларни қўшимча ўқитиш заруратини келтириб чиқармоқда;

олтинчидан, аҳоли турли тоифаларини “Ҳаёт давомида таълим олиш” принципи бўйича касбга тайёрлаш тизимининг етарли ривожланмаганлиги аксарият катта ёшли аҳоли, шунингдек, ишсиз ёшлар ва ногирон шахсларнинг меҳнат бозорида кераксиз бўлиб қолишига олиб келмоқда;

еттинчидан, касб-ҳунар коллежларида ўқув жараёнини ташкил этишга ва ўқувчиларни интеллектуал, маънавий-маърифий тарбиялашга юзаки ёндашиш, уларнинг бўш вақтларини банд этишнинг самарасиз механизми ўқувчилар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноий қилмишлар сони ортишига, уларнинг ўқишга қизиқиши ҳамда давоматнинг тушиб кетишига сабаб бўлмоқда.

2017/2018 ўқув йилидан бошлаб 11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълим тизимига ўтилиши жамоатчилик, ота-оналар ва 9-синфлар битирувчилари томонидан кенг қўллаб-қувватланди.

Илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш учун шарт-шароитлар яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш мақсадида:

1. Белгилаб қўйилсинки:

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб мажбурий умумий ўрта ва ўрта махсус таълим умумтаълим мактабларида, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактабларда, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатларида, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларида ҳамда академик лицейларда узлуксиз ва 11 йиллик муддатда амалга оширилади;

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб касб-ҳунар коллежларига ўқишга қабул қилиш умумтаълим мактабларининг 11-синфлари битирувчилари ҳисобидан, ихтиёрийлик асосида, тегишли мутахассисликка (касбга) эга бўлиш учун 6 ойдан 2 йилгача бўлган ўқитиш муддатларида амалга оширилади;

касб-ҳунар коллежларига 2017/2018 ўқув йилига қадар (ушбу ўқув йили қўшилган ҳолда) ўқишга қабул қилинган ўқувчилар ўқишни ўзлари таълим олаётган касб-ҳунар коллежларида амалдаги ўқув дастурлари асосида белгиланган тартибда тугатадилар.

2. Қуйидагилар касб-ҳунар таълими соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимининг муҳим вазифалари деб ҳисоблансин:

иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларини, замонавий техника ва технологик тенденцияларни ҳисобга олиб эҳтиёж юқори бўлган ва турдош мутахассисликлар бўйича замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилган ҳолда ишлаш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлган ва камида иккита хорижий тилни биладиган малакали кадрларни тайёрлаш;

кадрларга бўлган реал эҳтиёжни, иш берувчи корхоналарнинг таклифларини ҳисобга олган ҳолда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқлари учун зарур мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш бўйича касб-ҳунар коллежлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

ёшларни ҳар томонлама баркамол қилиб, ватанпарварлик ва миллий мустақиллик ғояларига содиқлик руҳида тарбиялашга, шунингдек, ўқувчиларда бой илмий, маданий ва маънавий меросимизга, миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган маънавий ва ахлоқий сифатларни ривожлантиришга йўналтирилган педагогик жараённи янги педагогик шакллар ва усуллар асосида ташкил этиш;

етакчи маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, замонавий инновацион ўқув лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш учун касб-ҳунар таълими соҳасига юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш;

касб-ҳунар таълими миллий стандартлари талабларини халқаро таълим стандартлари таснифлагичига, халқаро малака талабларига мувофиқлаштириш, миллий малака талабларини босқичма-босқич халқаро аналогларга мослаштириш ва эътироф этилишига қаратилган ишларни ташкил этиш;

касбга ўргатиш билан бир қаторда таркибий жиҳатдан умумий таълим олишни биргаликда олиб борадиган, шунингдек, нодавлат таълим секторини узлуксиз давлат таълим тизими билан самарали интеграциялаш, табақалаштирилган таълим жараёнини ташкил этиш бўйича орттирилган амалий тажрибани тизимлаштириш ва келгусида амалиётга жорий этиш;

мамлакат иқтисодиётини янада ислоҳ қилиш, уни барқарор ўстириш ҳамда модернизациялаш жараёнларида самарали иштирок этишга қодир бўлган кадрларни тайёрлаш мақсадида ўқув жараёнига инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни фаол қўллаб касб-ҳунар таълими ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлаш;

юқори самарали ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси ва инновацион технологияларга асосланган парклар билан жиҳозланган касб-ҳунар коллежларининг замонавий моддий-техника базасини шакллантириш ва янада мустаҳкамлаш, ундан самарали фойдаланиш чора-тадбирларини амалга ошириш.

3. Қуйидагилар:

касб-ҳунар таълими тизимини янада такомиллаштиришни мувофиқлаштириш Республика комиссияси (кейинги ўринларда – Республика комиссияси) 1-иловага мувофиқ;

касб-ҳунар коллежлари фаолиятининг тизимли мониторингини олиб бориш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳларининг намунавий таркиби (кейинги ўринларда – ҳудудий ишчи гуруҳ) 2-иловага мувофиқ ташкил этилсин.

4. Республика комиссияси (К.Акмалов), ҳудудий ишчи гуруҳлар қуйидагиларни таъминласин:

а) уч ой муддатда мавжуд таълим дастурларига кирадиган мутахассисликлар бўйича меҳнат бозоридаги реал эҳтиёжни аниқлаш, уларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг мақсадли кўрсаткичларига мувофиқлиги, кейинчалик битирувчиларни бириктириш мақсадида тармоқларда потенциал иш берувчиларни аниқлаш юзасидан касб-ҳунар коллежлари фаолиятини ҳар томонлама танқидий ўрганиб чиқиш;

б) 2018 йил 1 июлгача тегишли Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш, унда қуйидагиларни назарда тутиш:

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг мақсадли параметрларига ва меҳнат бозори прогнозига мувофиқ, кадрларга бўлган мавжуд реал эҳтиёжни инобатга олиб касб-ҳунар коллежларини тармоқ бўйсунуви асосида тегишли вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналар тасарруфига ўтказиш;

тадбиркорлик соҳаси, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун меҳнат бозорида талаб қилинаётган касблар бўйича кадрларни мақсадли тайёрлайдиган кўп тармоқли касб-ҳунар коллежларини ташкил этиш;

тармоқ вазирликлари, идоралари, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналар – кадрлар буюртмачилари томонидан алоҳида мутахассисликлар (касблар)га эҳтиёж ва талаб паст бўлган касб-ҳунар коллежлари умумий сонини оптималлаштирган ҳолда уларни қисман қайта ташкил этиш;

оптималлаштирилиши керак бўлган касб-ҳунар коллежларининг моддий-техника базасидан, уларда умумтаълим мактаблари, ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ва мактабгача таълим муассасалари жойлаштирилишини назарда тутиб, бино ва иншоотларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш.

Белгилансинки, ушбу бандда назарда тутилган тадбирлар бажарилгандан сўнг Республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлар ўз фаолиятини тугатади.

5. Иқтисодиёт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ҳар йил якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига киритиладиган ўзгаришларни инобатга олган ҳолда касб-ҳунар коллежларида янги йўналишлар ва мутахассисликлар очилиши бўйича таклифлар киритсин.

6. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:

касб-ҳунар коллежлари аксарият ҳолларда вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда йирик корхоналар – тармоқ бўйсунуви бўйича кадрларга буюртмачилар таркибида фаолият юритади;

касб-ҳунар коллежларининг бериладиган бинолари, иншоотлари, жиҳозлари, мебель ва инвентари қиймати қўшимча қиймат солиғи ва даромад солиғини ҳисоблаб чиқишда солиқ солиш объекти ҳисобланмайди;

2017/2018 ўқув йилигача (ушбу ўқув йили ҳам шу жумлага киради) касб-ҳунар коллежларига қабул қилинган ўқувчилар ўқишни тўлиқ тугатгунига қадар ушбу касб-ҳунар коллежларининг харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланади;

вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналарнинг тасарруфидаги касб-ҳунар коллежларини сақлаш, кадрларни ўқитиш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга мақсадли тарзда йўналтирилган маблағлари барча турдаги солиқлардан ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан биргаликда:

бир ҳафта муддатда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги қарори лойиҳасини;

икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

8. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С.Қосимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                           Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 25 январь

* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига
ШАРҲ

Узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштиришга, сифатли таълим хизматларидан фойдаланишни оширишга, меҳнат бозорининг замонавий талабларига мувофиқ юқори малакали кадрлар тайёрлашга давлат томонидан алоҳида эътибор берилмоқда.

Ўтган йилларда таълим тизимини ислоҳ қилиш жараёнида республикада мустаҳкам ҳуқуқий, ташкилий, моддий-техник база яратилди, бу интеллектуал салоҳияти юқори ва баркамол ёш авлодни ўқитиш ва тарбиялашнинг мазмунини янгилашга кўмаклашди.

Шу билан бирга, ислоҳотлар амалга оширилган йилларда умумий ўрта, шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш, 12 йиллик мажбурий таълимга ўтиш натижаларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳозирги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини ва тубдан ислоҳ қилишга муҳтож эканлигини кўрсатди.

Жумладан, касб-ҳунар коллежларини ҳудудларда жойлаштиришга тизимли ёндашиш мавжуд эмаслиги, минтақаларда йўл-транспорт инфратузилмасининг етарлича ривожланмаганлиги ўқувчиларнинг вақти-вақти билан машғулотларга оммавий қатнашмаслигига сабаб бўлди;

касб-ҳунар коллежлари ва уларнинг ўқув устахоналари ўқув-лаборатория ускуналари билан таъминланганлиги илм-фан, ишлаб чиқариш технологиялари ва техниканинг ривожланиши суръатларидан орқада қолди, касб-ҳунар коллежларининг моддий-техник жиҳозланиши даражаси ўртача 56 фоизни ташкил этди;

дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини тайёрлаш ва нашр этиш бўйича ишлар самарасиз ва ўз вақтида молиялаштирилмаслиги касб-ҳунар таълими тизимини янги авлод дарсликлари ва ўқув қўлланмалари билан таъминлашда жиддий равишда орқада қолишга олиб келди;

касб-ҳунар коллежларидаги минтақаларда иқтисодиёт тармоқларининг реал эҳтиёжларини таъминламайдиган кадрлар тайёрлашнинг мавжуд тизими, меҳнат бозори конъюнктураси ва ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш учун имкониятлар мавжудлиги ҳисобга олинмасдан белгиланадиган касб-ҳунар коллежларига қабул қилиш квоталари битирувчиларни ишга жойлаштириш кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатди;

касб-ҳунар коллежларидаги амалга ошириладиган ўқув жараёни, қўлланиладиган ўқув-норматив ҳужжатларнинг камчиликлари, касбларнинг мураккаблиги даражаси ҳисобга олинмасдан таълимнинг ягона муддатлари белгиланиши, ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этишдаги камчиликлар олинадиган билимлар даражаси пасайишига ва бир қанча йўналишлар бўйича битирувчиларга талаб пастлигига, ўқиш тугаллангандан кейин иш жойларида уларни қўшимча равишда ўқитиш зарурлигига олиб келди;

аҳоли турли тоифаларини “Ҳаёт давомида таълим олиш” принципи бўйича касбга тайёрлаш тизимининг заиф ривожланганлиги катта ёшдаги аҳолининг салмоқли қисми, шу жумладан, ишга жойлашишга муҳтож бўлган ёшлар ва ногирон шахслар меҳнат бозорида талаб этилмаслигига олиб келди;

касб-ҳунар коллежларида ўқув жараёнини ташкил этишга ва ўқувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялашга расмиятчилик билан муносабатда бўлиш, уларнинг бўш вақтини ташкил этишнинг самарасиз механизми машғулотларга қатнашиш пасайишига ва бунинг оқибатида улар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар сони кўпайишига олиб келди.

Ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш, илғор хорижий мамлакатларнинг тажрибаси асосида касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш, мавжуд касб-ҳунар коллежларининг моддий базасидан оқилона ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, тегишли вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналарга идоравий бўйсунувчи касб-ҳунар коллежларида малакали ва меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган кадрларни тайёрлаш самарадорлигини ошириш учун шарт-шароитлар яратиш, аҳоли барча қатламларининг эҳтиёжларини ҳисобга олиш ва бандлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармонда қуйидагилар назарда тутилган:

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб мажбурий умумий ўрта таълим узлуксиз ва бепул 11 йиллик таълим негизида амалга оширилади;

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб касб-ҳунар коллежларига ўқишга қабул қилиш умумий ўрта таълим мактабларининг 11-синф битирувчилари ҳисобидан, ихтиёрийлик асосида, тегишли мутахассисликка (касбга) эга бўлиш учун 6 ойдан 2 йилгача бўлган таълим муддатларида амалга оширилади.

Фармонда касб-ҳунар таълими соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимининг қуйидаги энг муҳим вазифалари ҳам белгиланган:

талаб этилган касблар бўйича иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларини, замонавий техника ва технологик тенденцияларни ҳисобга олган ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилган ҳолда ишлаш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлган ўрта бўғиннинг малакали мутахассисларини тайёрлаш;

иқтисодиёт соҳалари ва тармоқлари учун зарур мутахассислар тайёрлаш, кадрларга бўлган реал эҳтиёжни, иш берувчи корхоналарнинг таклифларини ҳисобга олган ҳолда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида талаб қилинган мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан ошириш бўйича касб-ҳунар коллежлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

ёшларни ҳар томонлама баркамол шахс қилиб, ватанпарварлик ва миллий мустақиллик ғояларига содиқлик руҳида тарбиялашга, шунингдек, ўқувчиларда бой илмий, маданий ва маънавий меросимизга, миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган маънавий ва ахлоқий сифатларни ривожлантиришга йўналтирилган педагогик жараённи янги педагогик шакл ва усуллар асосида ташкил этиш;

етакчи маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, инновацион ўқув лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш учун юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш;

касб-ҳунар таълими миллий стандартлари талабларини халқаро таълим стандартлари таснифлагичига, халқаро малака талабларига мувофиқлаштириш, миллий малака талабларининг ривожланган мамлакатлар малака талабларига мувофиқлигини босқичма-босқич таъминлаш ва эътироф этилишига қаратилган ишларни ташкил этиш;

нодавлат таълим секторини узлуксиз давлат таълим тизими билан самарали интеграциялаш, табақалаштирилган таълим жараёнини ташкил этиш бўйича орттирилган амалий тажрибани тизимлаштириш ва келгусида амалиётга жорий этиш;

мамлакат иқтисодиётини янада ислоҳ қилиш, уни барқарор ўстириш ҳамда модернизациялаш жараёнларида фаол ва самарали иштирок этишга қодир бўлган кадрларни тайёрлаш мақсадида ўқув жараёнига инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни фаол қўллаб касб-ҳунар таълими ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлаш;

касб-ҳунар коллежларининг замонавий моддий-техника базасини шакллантириш ва янада мустаҳкамлаш, ундан оқилона фойдаланиш бўйича юқори самарали ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси ва бошқа ахборот-коммуникация ускуналари билан жиҳозлашни ўз ичига оладиган тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш.

Фармон билан касб-ҳунар таълими тизимини янада такомиллаштиришни мувофиқлаштирувчи Республика комиссияси ҳамда тегишли ҳудудий ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Қуйидагилар уларнинг вазифалари ҳисобланади:

таълим олинадиган мутахассисликлар бўйича кадрларга меҳнат бозоридаги эҳтиёжни, уларнинг минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқлигини, кейинчалик битирувчиларни бириктириш учун потенциал тармоқ иш берувчиларини аниқлаш юзасидан касб-ҳунар коллежлари фаолиятини ўрганиш;

минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг мақсадли параметрларига ва меҳнат бозори прогнозига мувофиқ кадрларга бўлган мавжуд реал эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда касб-ҳунар коллежларини тегишли вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналарнинг тармоқ бўйсунишига бериш, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан, кичик ва хусусий бизнес корхоналари учун меҳнат бозорида талаб этиладиган ишчи касбларига ўқитиш учун кўп тармоқли коллежлар тармоқларини ташкил этиш, айрим мутахассисликлар (касблар) бўйича талаб йўқлиги муносабати билан касб-ҳунар коллежларини оптималлаштириш ёхуд уларда умумтаълим мактаблари ва ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ҳамда болалар мактабгача таълим муассасаларини жойлаштириш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш.

Ушбу Фармоннинг қабул қилиниши мавжуд касб-ҳунар коллежларининг моддий-техника базасидан оқилона ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, малакали ва меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва умуман касб-ҳунар таълими тизимини янада ривожлантириш имконини беради.