Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда маданият ва санъатни қўллаб-қувватлаш, миллий маданий ва маънавий меросни сақлаш ҳамда кўпайтириш, халқимизни миллий ва жаҳон маданиятининг энг яхши намуналари билан таништириш, моддий-техник базани яхшилаш ва халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, ушбу соҳада маданият ва санъатни янада ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммолар
ва камчиликлар мавжуд. Жумладан:
биринчидан, меценатлар ва ҳомийлар ёрдамини жалб қилишни рағбатлантирадиган самарали ҳуқуқий механизмларнинг йўқлиги республика маданият ва санъат муассасалари фаолиятини, энг аввало, муқобил манбалар ҳисобидан муносиб тарзда молиялаштиришни таъминлаш имконини бермаяпти, бу эса бюджет маблағларига ҳаддан ортиқ қарамликни келтириб чиқармоқда;
 
иккинчидан, ходимларнинг касбга тайёргарлик даражаси ҳамда маданият ва санъат муассасалари томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг сифати замонавий талабларга ва халқаро стандартларга мос келмайди, бу эса уларнинг маҳаллий ташриф буюрувчилар ва туристлар учун жалб этувчанлигини пасайтирмоқда;
 
учинчидан, маҳаллий маданият ва санъат муассасаларининг жаҳон маданий маконига пухта интеграция қилинмаганлиги мамлакатимизнинг ижобий қиёфасини шакллантиришда ва минтақанинг маданий маркази сифатидаги мақомини мустаҳкамлашда мавжуд бой маданий-тарихий меросдан ҳамда маданият ва санъатнинг замонавий йўналишларидан тўлиқ фойдаланиш имконини бермаяпти;
тўртинчидан, маданий мерос объектлари, республиканинг музей, архив, кутубхона ва бошқа жамғармалари бутлигини таъминлашга лозим даражада эътибор қаратилмаяпти, бу эса мамлакат маданий-тарихий меросини сақлаш ва оммалаштиришга комплекс ёндашиш имконини бермаяпти.
Маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантиришни таъминлаш, маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш, аҳолининг уларга бўлган қизиқишини рағбатлантириш, мамлакатимизни жаҳон маданий маконига интеграциялашувини таъминлаш, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади), Молия вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи Музейлар реновация дастурини (кейинги ўринларда – Реновация дастури) эксперимент тарзида амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:
музейлар бюджетининг камида 30 фоизини тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган маблағлар ҳисобидан, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш орқали, шунингдек, музейлар бюджетининг камида 15 фоизини хайрия маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи ўзини ўзи таъминлаш принципига асосланган музейларни молиялаштириш моделини жорий этиш;
музейлар инфратузилмасини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш орқали кўрсатиладиган хизматларнинг интерактивлигини ошириш, шу жумладан “smart”-технологияларни (ахборот дўкончалари,  3D визуализация ва голограмма, QR-кодлар, чет тилларидаги электрон гидлар  ва ҳоказоларни) жорий этиш;
аҳоли, энг аввало, ёш авлод учун мўлжалланган, Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда, музейларнинг фаолиятига инновацион ахборот технологиялари кенг жорий этиш ва музей экспонатларининг рақамли шаклларини яратиш орқали музей экспонатларини кўриш имконини берадиган инфратузилмани яратиш, кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш учун музейларнинг маъмурий тузилмасини такомиллаштириш;
ходимларни, шу жумладан хорижий мутахассисларни энг яхши жаҳон амалиётларига мувофиқ музейларнинг раҳбар лавозимларига очиқ танлов асосида жалб қилиш амалиётини жорий этиш;
мамлакатимизнинг маданий-тарихий меросини оммалаштириш ва танитиш мақсадида музейларнинг ижтимоий маконга тўлиқ интеграциялашувини таъминлаш;
музейларда имкониятлари чекланган шахслар, кекса ёшдаги ташриф буюрувчилар, мактабгача ёшдаги болалар ва уларга ҳамроҳлик қилаётган шахсларга хизмат кўрсатиш ва қулайлик яратишнинг инклюзив услубларидан кенг фойдаланиш;
музейларда академик тадқиқотларни, шу жумладан Жамғарма маблағлари ҳисобидан грантлар ажратиш орқали маҳаллий ва хорижий тадқиқотчиларни жалб қилган ҳолда ривожлантириш.
Белгилаб қўйилсинки:
Реновация дастури Ўзбекистон амалий санъат музейида (Тошкент шаҳри), И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейида (Нукус шаҳри) ва Ойбекнинг уй-музейида (Тошкент шаҳри) амалга оширилади;
Реновация дастури Жамғарма, маҳаллий ҳамда хорижий донорлар ва меценатлар маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Жамғарманинг Ижро этувчи директори зиммасига Реновация дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи 2018–2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш “йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) иловага мувофиқ тасдиқлансин:
республикада маданият ва санъатни қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
маданият ва санъат муассасалари томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг сифат даражасини ошириш;
маданият ва санъат муассасалари ходимлари малакасини ошириш.
Вазирлик ва идоралар раҳбарлари “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.
3. Реновация дастурини, “Йўл харитаси”ни ҳамда республиканинг маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантиришга қаратилган бошқа тадбирларни молиялаштиришнинг қўшимча манбаларини яратиш мақсадида Жамғармага лотореялар ташкил этиш ва ўтказиш ҳуқуқи берилсин.
Белгилаб қўйилсинки:
лотореялар ташкил этиш ва ўтказишдан тушадиган даромадлар Жамғарманинг ихтиёрида қолади ва улардан ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган мақсадлар учун фойдаланилади;
лоторея чипталарини тарқатиш ва улар бўйича ютуқларни тўлаш Жамғарма билан тузилган агентлик битимлари асосида “Ўзбекистон почтаси” АЖ ва акциядорлик тижорат Халқ банки томонидан амалга оширилади;
лоторея чипталари рекламаси ижтимоий реклама ахбороти ҳисобланади.
4. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Жамғарманинг харажатлар сметасига ўзгартириш  ва қўшимчалар киритсин, унда лоторея ташкил этиш ва ўтказиш, шу жумладан зарур тираж ускунасини харид қилиш ва лотореяларни уюштирувчиларга қонун ҳужжатларига мувофиқ қўйиладиган лицензия талаблари ва шартларини қондириш учун зарур бўлган маблағлар назарда тутилсин.
5. Лоторея ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган технологиялар ва асбоб-ускуналарни белгиланган тартибда тузиладиган рўйхат бўйича олиб киришда Жамғарма 2021 йил 1 сентябргача божхона тўловлари тўлашдан озод этилсин (бундан божхона расмийлаштирувчи учун тўловлар мустасно).
6. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Жамғарма ва бошқа манфаатдор идоралар, шунингдек, маданият ва санъат соҳасидаги етакчи халқаро ташкилотлар билан биргаликда икки ой муддатда “Меценатлик фаолияти ва маданий ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва киритсин. Қонун лойиҳасида бошқалар қаторида қуйидагилар назарда тутилсин:
маданият ва санъат муассасаларига, шу жумладан жисмоний шахсларга ёрдам кўрсатувчи меценатлар ва ҳомийларга солиқ имтиёзлари (чегирмалар) тақдим этиш учун ҳуқуқий асослар яратиш;
солиқ имтиёзлари (чегирмалар) олиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда маданият ва санъат муассасаларини қўллаб-қувватлаш шаклларини ва услубларини кенгайтириш (муайян ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш, мол-мулк ҳуқуқини бериш ва ҳоказо);
маданият ва санъат муассасаларини жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватлашнинг замонавий услубларини жорий этиш;
меценатлик ва ҳомийлик ёрдамини олаётганларнинг ҳисоб бериш тизимини, шунингдек, улардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни такомиллаштириш.
7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Жамғарма, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қуйдагиларни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
маданият ва санъат муассасаларида блокчейн технологиясидан фойдаланган ҳолда Чипта операцияларининг ягона электрон тизимини (кейинги ўринларда – ЧОЯЭТ) жорий этиш ва унинг ишлаш тартибини белгилаш;
ЧОЯЭТга уланган республика маданият ва санъат муассасалари томонидан чипталарни сотиш, ҳисобга олиш ва тасдиқлаш автоматик тизимларидан мажбурий фойдаланиш;
электрон чипталарни чипта аппаратлари ва автоном босма ускуналардан фойдаланиб, электрон чипталарни, шу жумладан чипта тарқатувчи юридик шахслар томонидан воситачилик шартномалари асосида эркин муомалага чиқариш ва реализация қилиш учун ҳуқуқий асослар яратиш;
электрон чипталар реквизитларига, шунингдек, маданият ва санъат муассасаларининг электрон чипталарни муомалага чиқариш, ҳисобга олиш ва тасдиқлаш учун фойдаланадиган моддий-техник базасига энг кам талабларни жорий этиш;
ЧОЯЭТ доирасида чипталарни реализация қилиш бўйича операцияларни ҳимоя қилишга, чипталарни кейинчалик баландроқ нархда қайта сотиш учун ёппасига сотиб олинишига йўл қўймасликка доир чораларга энг кам талабларни жорий этиш;
ЧОЯЭТ доирасида чипталарни сотишдан тушган тушумдан ЧОЯЭТни сақлаш, шунингдек, Реновация дастурида ва “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш учун Жамғармага юбориладиган йиғим жорий этиш.
8. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.М. Султонов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси  Президенти  Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2018 йил 26 август