Жамият ҳаётининг барча соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши, биринчи навбатда, давлат ҳокимиятининг барча бўғинларида ижро интизомининг зарур даражада ташкил этилишига боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги «Ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ф-5017-сон фармойишига мувофиқ вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимига (кейинги ўринларда – «Ijro.gov.uz» тизими) уланиши таъминланди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатаси томонидан «Ijro.gov.uz» тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 800 дан ортиқ қарорлари ва топшириқларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан тест режимида тизимли назорат олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, яратилган шароитларга қарамасдан, айрим вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро интизоми назоратини сифатли ва самарали ташкил қилиш, шунингдек, ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳанузгача талаб даражасида йўлга қўйилмаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларига риоя этиш масалаларида масъулиятсизлик ва расмиятчилик ҳолатлари учрамоқда, жамоатчилик назоратини ташкил этиш учун зарур шароитлар яратиш борасидаги чоралар самарасизлигича қолмоқда, иш юритишнинг ички жараёнларини автоматлаштириш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмаяпти, шунингдек, ижро интизомига консерватив-буйруқбозлик билан ёндашилишига йўл қўйилмоқда.
Ижро интизомини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва топшириқларининг ижроси устидан назорат тизимини такомиллаштириш, шунингдек, уларнинг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида:
1. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларининг тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилиши юзасидан назорат олиб борувчи, шунингдек, «Ijro.gov.uz» тизими бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги «Ijro.gov.uz» тизимини доимий асосда техник қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштиришни таъминловчи ишчи орган ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тузилмалари махфийлик белгиси остидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари маълумотлар базасини юритиш ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш учун масъул;
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази оммавий ахборот воситаларида вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларининг ижро этилиши ҳақидаги жамоатчилик фикрини баҳолаб бориш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Бош прокуратурасига ахборот киритиб бориш учун масъулдир.
2. «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимининг ишлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Ҳисоб палатаси, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар ушбу низомга мувофиқ «Ijro.gov.uz» тизимида доимий ишлашнинг ташкил қилинишини таъминласинлар.
3. Белгилансинки:
2019 йил 1 январдан бошлаб республика ва ҳудудлар даражасидаги мажлис ва йиғилишларни ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўтказиладиган йиғилишлар бундан мустасно, фақатгина «Ijro.gov.uz» тизимидаги мажлислар ва йиғилишлар махсус марказлашган маълумотлар базасигаўтказилаётган тадбирнинг мақсади, натижалари, иштирокчилар таркиби ва давомийлиги кўрсатилган қайдлар киритилганидан сўнг амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва топшириқларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тузилмалари ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан яқиндан ҳамкорлик қилади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва топшириқларида белгиланган ижро муддатлари фақатгина Ўзбекистон Республикаси Президенти рухсати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан келишилгандан сўнг узайтирилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Бош прокуратура билан биргаликда мажлислар ва йиғилишларнинг «Ijro.gov.uz» тизимидаги марказлашган маълумотлар базасида қайд этилмаган ҳолда ўтказилишига йўл қўймаслик юзасидан тизимли назоратни амалга оширади.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ҳисоб палатаси ва Бош прокуратурасига:
вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларининг аниқ амалий натижаларга эришилиши таъминланмасдан туриб, юзаки бажарилишига йўл қўймаслик;
вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларининг ижро ҳолати тўғрисида маълумотларнинг «Ijro.gov.uz» тизими орқали ўз вақтида тақдим этилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари ижро ҳолатини вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ҳар ойда муҳокама қилинишини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб бориш;
бюрократик тўсиқлар ва муаммоларни ҳал этиш муддатларининг чўзилиши ҳолатларини бартараф этиш орқали вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари ижро этилишида доимий равишда кўмаклашиб бориш вазифалари юклансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларини тўлиқ ва ўз вақтида бажармаган, шунингдек, «Ijro.gov.uz» тизими орқали ижро ҳолати тўғрисида маълумотларни тўлиқ бўлмаган ҳолда, нотўғри ва кечиктириб тақдим этган, буйруқбозликка ва масалаларни ҳал этишда муддат бузилишига йўл қўйган вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларини жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритиб борсин;
вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга «Ijro.gov.uz» тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларининг ижроси ҳолати тўғрисида маълумотларни тўлиқ бўлмаган ҳолда, нотўғри ва кечиктириб тақдим этган ходимларга нисбатан интизомий чоралар кўриш тўғрисида тақдимномалар киритиб борсин.
Белгилансинки, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг тақдимномалари ва талаблари бажарилмаган тақдирда тегишли материаллар жавобгарлик чораларини кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига тақдим этилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар Ягона интерактив давлат хизматлари портали фаолияти доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ижроси юзасидан аҳоли, сенаторлар, депутатлар, тадбиркорлик субъектлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан жамоатчилик назорати механизмининг амалга оширилишини таъминловчи «Jamoatfikri.uz» порталининг ташкил этилиши ва йўлга қўйилишини таъминласин.
7. «Ijro.gov.uz» тизими ва «Jamoatfikri.uz» порталини ташкил этиш, техник қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштириш чора-тадбирларини молиялаштириш Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгилансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:
икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тузилмалари ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасини «Ijro.gov.uz» тизимига мониторинг режимида уланишини таъминласин;
икки ой муддатда ҳар бир давлат органи ва ташкилотларида, уларнинг ҳудудий бўлинмаларида мажлислар ва йиғилишларни жисмоний шахслар иштирокисиз масофадан ўтказиш имконини берувчи замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш бўйича таклифлар киритсин;
2018 йил 1 декабрга қадар давлат органлари ва ташкилотларида мавжуд электрон ҳужжатлар алмашинуви тизимларининг хатловдан ўтказилишини таъминласин;
2019 йил 1 январга қадар «Ijro.gov.uz» тизимида республика ва ҳудудлар даражасида ўтказиладиган мажлис ва йиғилишлар марказлашган маълумотлар базасини яратсин ва йўлга қўйсин;
2019 йил 1 июлга қадар электрон ҳужжатлар алмашинуви тизимларини «Ijro.gov.uz» тизимига интеграция қилиш мақсадида ягона талаблар, шунингдек, ушбу тизимнинг давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларнинг электрон ҳужжат алмашинуви тизимлари билан мувофиқлаштириш бўйича интеграциявий шлюз ишлаб чиқилишини таъминласин.
9. 2019 йил 1 январдан бошлаб:
давлат органлари ва ташкилотларида қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларини махсус журнал ва ҳисоб варақаларида рўйхатга олиш тартиби;
қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари бўйича ҳисоб картотекаларининг қоғоз шаклида расмийлаштирилиши ва юритилиши бекор қилинсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва топшириқлари бўйича ижро интизомини назорат қилиш жараёнини, кейинчалик «Ijro.gov.uz» тизими билан интеграция қилган ҳолда, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишини таъминласин.
11. Белгилансинки, адлия органлари маҳаллий ижро ҳокимияти органларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда тайёрланиши ва келишилишида амалий ёрдам кўрсатадилар.
12. Қуйидагиларга:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири (Арипов), унинг ўринбосарлари (Раматов, Қўчқоров, Холмуродов, Султонов, Отажонов, Абдуҳакимов, Мирзаев, Норбоева), шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига (Абдуқодиров) – Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва топшириқларининг масъул вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан ишларнинг ташкил қилиниши учун;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарига (Низомиддинов), Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиларига – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида ижро интизомини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларининг амалга оширилишида кўмаклашиш учун;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига (Муродов) – вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари самарали ижро этилиши юзасидан тегишли прокурор назорати таъминланиши, шунингдек, уларни тўлиқ бўлмаган ҳолда ва кечиктириб бажарган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари кўрилиши учун;
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисига (Икромов) – вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларда ижро интизомини тегишли даражада таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва топшириқларининг сўзсиз, тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилиши учун;
Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирига (Содиқов) – «Ijro.gov.uz» тизими ва «Jamoatfikri.uz» порталининг такомиллаштирилиши, узлуксиз ишлаши ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича доимий асосда чоралар кўриб борилиши учун;
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирига (Давлетов) – норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида топшириқлар ижросининг аниқ муддатлари белгиланиши, шунингдек, уларнинг аниқ ва равшан баён қилиниши юзасидан назоратни таъминлаш учун;
вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига – Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва топшириқларининг тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилиши, шунингдек, уларнинг ижро ҳолати тўғрисидаги маълумотлар «Ijro.gov.uz» тизими орқали тўлиқ, тўғри ва ўз вақтида тақдим қилиниши учун шахсий жавобгарлик юклансин.
13. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
Вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси М.М.Икромов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2018 йил 5 октябрь