Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш ва корпоратив бошқарув соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги “Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6207-сон фармони ва 2021 йил 3 апрелдаги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тузилмасини мақбуллаштириш ва штат бирликлари сонини қисқартириш тўғрисида”ги ПҚ-5053-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида:
1. 2021 йил 1 майдан бошлаб:
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилсин;
тугатилаётган Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг қимматли қоғозлар бозорини, шу жумладан, қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсини тартибга солиш, шунингдек, корпоратив бошқарувни ривожлантириш ҳамда лотереяларни ташкил этиш фаолияти бўйича вазифа, функция ва ваколатлари Молия вазирлигига ўтказилсин.
2. Молия вазирлигига капитал бозорини ривожлантириш соҳасида қуйидаги вазифалар юклатилсин:
қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш, ривожлантириш, тартибга солиш, назорат қилиш ва корпоратив бошқарув соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
қимматли қоғозлар амалиёти билан шуғулланувчи инвесторлар ҳамда қимматли қоғозлар эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;
қимматли қоғозлар бозори, акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини назорат қилиш;
маҳаллий капитал бозорининг ривожланиш ҳолати ва унинг профессионал қатнашчилари тўғрисида инвесторлар ва жамоатчиликни хабардор қилиш;
қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари ва қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал иштирокчиларнинг фаолиятини, шунингдек, букмекерлик ва лотереяларни ташкил этиш фаолиятини тартибга солиш;
қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш, профессионал иштирокчиларнинг мутахассисларини аттестациядан ўтказиш ва малака гувоҳномаларини бериш;
қимматли қоғозларни чиқариш ва рўйхатдан ўтказиш, улар юзасидан ҳисобот бериш ҳамда қимматли қоғозлар эгаларининг реестрларини ва қимматли қоғозларга доир битимларни ҳисобга олиш реестрини юритиш талабларини белгилаш;
ўз маблағлари етарли даражада бўлишига доир мажбурий нормативларни ва қимматли қоғозларга доир операциялар бўйича таваккалчиликларни чекловчи кўрсаткичларни ўрнатиш;
қимматли қоғозлар бозорининг ҳолати ва унинг иштирокчилари ҳақида, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган маълумотлар ошкоралигини таъминлаш орқали жамоатчиликни хабардор қилиш;
капитал бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш масалалари бўйича хорижий ва халқаро институтлар билан самарали ҳамкорлик қилиш.
3. Тугатилаётган Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг жами 110 нафар штат бирлиги (шундан, 90 нафар бошқарув ходими) ҳисобидан Молия вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида бошқарув ходимлари чекланган сони 54 нафардан (шундан, 16 нафар ҳудудларда фаолият кўрсатувчи марказий аппарат ходимлари) иборат Капитал бозорини ривожлантириш департаменти ташкил этилсин.
4. Белгилансинки:
Капитал бозорини ривожлантириш департаментининг ўз фаолиятини бевосита ҳудудларда олиб борадиган ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича Молия вазирлиги марказий аппарати ходимларига тенглаштирилади ва ушбу ходимларнинг ҳудудлардаги фаолияти билан боғлиқ харажатлар Молия вазирлиги томонидан молиялаштирилади;
Молия вазирлиги Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан аввал берилган ҳужжатлар ва илгари қабул қилинган қарорлар ўз кучини сақлаб қолади ва ушбу органни тугатиш муносабати билан уларни бекор қилиш ёки ўзгартириш талаб этилмайди;
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларида кўриб чиқиш жараёнида бўлган ҳужжатлар (тегишли фаолиятни лицензиялаш, қимматли қоғозлар чиқаришни рўйхатга олиш, мурожаатлар ва бошқа ҳужжатлар) 2021 йил 1 майдан бошлаб Молия вазирлигига ўтказилади ва кўриб чиқиш натижалари Молия вазирлиги томонидан расмийлаштирилади;
Капитал бозорини ривожлантириш департаменти штатлари биринчи навбатда тугатилаётган Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тизими ходимлари ҳисобидан бутланади.
5. 2021 йил 1 майдан бошлаб қуйидаги маблағлар Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига йўналтирилсин:
фонд биржасида қимматли қоғозлар савдосини амалга оширишда сотувчи томонидан тўланадиган йиғим;
эмиссиявий қимматли қоғозларнинг дастлабки чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тўланадиган йиғим;
эмиссиявий қимматли қоғозларни йириклаштириш жараёнида уларнинг номинал қиймати оширилганда эмитент томонидан тўланадиган йиғим;
қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш ва (ёки) аввал рўйхатдан ўтган қимматли қоғозларнинг чиқарилишига ўзгартиришлар бўйича ҳужжатлар кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган йиғим;
лотереяларни ташкил этиш фаолиятини тартибга солиш билан боғлиқ йиғимлар;
қимматли қоғозлар бозорида операцияларни ўтказиш ҳуқуқини берувчи малака аттестатини олишга талабгорларни (жисмоний шахсларни) аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш учун ундириладиган йиғим;
қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари ва қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал иштирокчиларнинг фаолиятини амалга ошириши учун лицензия олиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш учун ундириладиган йиғим;
белгиланган тартибда Молия вазирлиги томонидан ундириладиган бошқа йиғимлар.
6. Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) 2021 йил 1 майга қадар:
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасининг ҳамда ривожлантириш жамғармасининг қолдиқ маблағлари Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказилишини;
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги мол-мулкининг Молия вазирлигига топширилишини таъминласин.
7. Молия вазирлигининг Капитал бозорини ривожлантириш департаменти Тошкент шаҳри, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 107-уй манзилига жойлаштирилсин ва ушбу бино биринчи қаватининг чап қаноти ва тегишли ертўла қисми Молия вазирлигига оператив фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктирилсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Молия вазирлиги Капитал бозорини ривожлантириш департаментининг ҳудудий шўъбалари ходимлари Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳудудий бошқармаларининг ҳозирги жойлашуви бўйича биноларда (хоналарда) жойлаштирилишини таъминласин.
8. Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини;
қонунчиликка мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 13 апрель