Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Мамлакатимизда статистика маълумотларининг сифати ва ишончлилигини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилиб, бўлиб ўтаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларни, жумладан, халқаро ташкилотларнинг махсус нашрлари ва маълумотлар базаларида холис ва ишончли акс эттиришни таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Шу билан бирга, статистика маълумотлари сифатини янада яхшилаш, статистика кўрсаткичларининг тўлақонли маълумот базаларини яратиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, ижтимоий-иқтисодий ва демографик соҳаларда статистиканинг замонавий усулларини жорий этиш зарурати мавжуд.

Миллий статистика тизимини такомиллаштириш, давлат статистика органларининг мустақиллигини таъминлаш, статистика маълумотларининг холислиги ва ишончлилигини ошириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини такомиллаштиришнинг қуйидаги устувор йўналишлари белгилансин:

статистика органларини талаб юқори бўлган, сифатли ва ишончли маълумотларни шакллантиришга, статистика маълумотларининг шаффофлиги ва ошкоралигини оширишга қаратилган профессионал мустақил хизматга айлантириш;

статистика соҳасида ягона сиёсатни амалга оширишга қаратилган ваколат ва мажбуриятларни мустаҳкамлаш орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Статистика кенгашининг тўлиқ фаолият кўрсатишини таъминлаш;

илғор ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда статистика ахборотларини йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш, нашр этиш ва сақлаш бўйича яхлит тизимни ташкил этиш;

расмий статистикани ишлаб чиқариш, тарқатиш ва мувофиқлаштириш мақсадида мамлакатнинг бутун миллий статистика тизими доирасида қўлланиладиган услубий асослар ва бошқарув тамойилларини такомиллаштириш;

идоравий маълумотлар базаларини ягона маълумотларни бошқариш тизимига интеграция қилиш орқали кузатувларни босқичма-босқич оптималлаштириш ва респондентлардан ҳисобот топшириш юкини камайтириш, шунингдек, рўйхатга олиш ишларини ўтказиш ва ялпи статистика ҳисоботларини танланма кузатувлар билан алмаштириш ҳисобига статистикани шакллантириш тизимини такомиллаштириш;

статистика маълумотларидан фойдаланувчилар билан самарали ҳамкорлик сиёсатини йўлга қўйиш ва мавжуд статистика маълумотлари тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш орқали фойдаланувчиларнинг статистика ахборотларига бўлган ишончини ошириш;

давлат статистика органлари фаолиятини моддий-техник қўллаб-қувватлашни янада яхшилаш, ходимларнинг самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларининг самарали жорий этилиши ҳисобига ҳудудий статистика органлари тузилмалари ва уларнинг вазифаларини босқичма-босқич мақбуллаштириш;

давлат статистика органлари ходимларининг касбий даражасини ошириш, илмий тадқиқотларни олиб бориш ҳамда келгусида амалиётда қўллаш учун илғор статистика усуллари ва технологиялари, шу жумладан, очиқ маълумотлар соҳасида инновацион ишланмаларни ишлаб чиқиш.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Давлат статистика қўмитаси расмий статистикани шакллантириш билан боғлиқ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда амалга оширади;

статистика органларининг қонуний фаолиятига, шу жумладан, расмий статистика ҳисоботлари ва кузатувларини ўтказиш ҳамда уларни нашр қилиш ва эълон қилиш жараёнларига ҳар қандай аралашишга йўл қўйилмайди;

Давлат статистика қўмитаси томонидан шакллантириладиган статистика маълумотлари расмий статистика ахбороти сифатида эълон қилинади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари (кейинги ўринларда – ҳудудий бошқармалар), шунингдек, туманлар (шаҳарлар) статистика бўлимлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақилдирлар ва бевосита Давлат статистика қўмитасига бўйсунади;

ҳудудий бошқармалар бошлиқлари Давлат статистика қўмитаси раиси томонидан, туманлар (шаҳарлар) статистика бўлимлари бошлиқлари ҳудудий бошқармалар бошлиқларининг тақдимномасига кўра Давлат статистика қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

3. Давлат статистика қўмитасига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

бошқа расмий статистика ишлаб чиқарувчиларнинг статистика методологияларини халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан аудитдан ўтказиш ва аудит натижаларига кўра, вазирлик ва идораларга бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

кузатувларни ўтказиш, расмий статистика материалларини шакллантириш ва таҳлилларни амалга ошириш мақсадида вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан ўзаро электрон боғланиш.

Бунда, вазирлик ва идоралар раҳбарлари Давлат статистика қўмитасининг ўз ваколатлари доирасидаги сўровига мувофиқ ўзларининг ахборот тизимларига кириш ва ундан эркин фойдаланишни таъминлаш учун шахсан жавобгардирлар.

4. Қуйидагилар:

Жаҳон банки кўмагида ишлаб чиқилган 2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси статистикасини ривожлантиришнинг миллий стратегияси (кейинги ўринларда – Стратегия) 1-иловага мувофиқ;

2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси статистикасини ривожлантиришнинг миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Статистика кенгашининг таркиби 3-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Статистика кенгаши тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Вазирлар Маҳкамаси (Ж.А.Қўчқоров):

Стратегия ва “Йўл харитаси”нинг тўлиқ бажарилишини ташкил қилсин, белгиланган вазифалар бажарилиши устидан доимий мониторинг ўрнатсин;

бир ой муддатда Стратегиянинг йўналишлари бўйича тегишли чора-тадбирларнинг бажарилиши учун масъул бўлган манфаатдор вазирлик ва идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат тармоқ ишчи гуруҳларини шакллантирсин;

Стратегия ва “Йўл харитаси”нинг ижросини таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ўз вақтида, сифатли тайёрланиши ва белгиланган тартибда киритиб борилишини таъминласин;

Стратегиянинг ижроси юзасидан чора-тадбирларни амалга оширишда Жаҳон банки билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйсин ҳамда уларнинг ижроси учун Жаҳон банки томонидан ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан мониторинг ўрнатсин;

Стратегия ва “Йўл харитаси”нинг ижро ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига йиллик ахборотларнинг тақдим этиб борилишини таъминласин.

6. Давлат статистика қўмитаси ҳузурида ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланадиган Жамоатчилик кенгаши фаолият юритиши маълумот учун қабул қилинсин.

Жамоатчилик кенгашига қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:

Давлат статистика қўмитасининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифларни ва фойдаланувчиларнинг расмий статистика маълумотларига бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш;

статистика маълумотларининг шаффофлиги, ошкоралиги ва қулайлигини оширишни таъминлаш;

Давлат статистика қўмитаси томонидан долзарб, сифатли ва ишончли статистиканинг шакллантирилишига кўмаклашиш;

мавжуд статистика маълумотлари ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини ҳамда уларнинг статистика маълумотларига бўлган ишончини ошириш учун фойдаланувчилар билан яқиндан алоқа ўрнатиш.

7. Давлат статистика қўмитаси:

Жамоатчилик кенгаши фаолиятига нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, илмий жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакилларини, миллий ва халқаро экспертларни жалб қилиш чораларини кўрсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар йили 1 декабрга қадар мамлакатда миллий иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш жараёнларининг ишончлилиги ва тўлиқлигини инобатга олган ҳолда Давлат статистика ишлари дастурини ишлаб чиқсин ва Жамоатчилик кенгашига келишиш учун тақдим этиб борсин;

ҳар йили 1 октябрга қадар Давлат статистика ишлари дастурининг бажарилиши натижалари ва статистика соҳасида методологияни такомиллаштириш ҳамда ишларни ташкил этиш борасида олиб борилаётган фаолият самарадорлиги тўғрисидаги ҳисоботнинг Статистика кенгашига киритиб борилишини таъминласин.

8. Давлат статистика қўмитасига рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этиш ва ўтказиш учун 65 та қўшимча штат бирлиги, шу жумладан:

марказий аппарат учун – 17 та штат бирлиги;

ҳудудий бошқармалар учун – жами 48 та штат бирлиги ажратилсин.

Бунда, Давлат статистика қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари бошқарув ходимлари чекланган сонини ошириш давлат солиқ хизмати органлари ходимлари сонини қисқартириш ҳисобига амалга оширилади.

9. Мазкур қарорнинг 5-иловасига мувофиқ рўйхат бўйича вазирлик ва идоралар бир ой муддатда ходимларнинг чекланган умумий сони доирасида идоравий статистика маълумотларини шакллантириш ва Давлат статистика қўмитаси билан ахборот алмашинувини таъминлашга ихтисослаштирилган бўлимни ташкил этсин.

10. Молия вазирлиги:

Давлат статистика ишлари дастурини амалга ошириш учун маблағ ажратишда фойдаланувчиларнинг расмий статистика маълумотларига бўлган эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда Статистика кенгаши ва Жамоатчилик кенгаши томонидан шакллантирилган таклифларни инобатга олсин;

2020 йилда ушбу қарорни амалга ошириш доирасидаги сарф-харажатлар учун Давлат бюджети параметрлари доирасида зарур маблағларни ажратсин ва 2021 йилдан бошлаб ҳар йили зарур бюджет маблағларини назарда тутсин.

11. Давлат статистика қўмитаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига:

статистика ишлаб чиқарувчиларнинг статистика методологияларини аудитдан ўтказиш тўғрисидаги низом лойиҳасини;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 6-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 30 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Статистика кенгаши таркиби тўғрисида”ги Ф-1838-сон фармойиши ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Гулямов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

       Президенти                                                                                             Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 3 август

 

ЎзА