Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и

Акциз солиғига тортиладиган айрим маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ва реализация қилишни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги ПҚ–4086-сон қарорига мувофиқ:

  1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг:

2019 йил 15 августдан сиқилган газни якуний истеъмолчига реализация қилишда акциз солиғи ставкасини 20 фоизга;

2019 йил 1 октябрдан алкоголли маҳсулотнинг акциз солиғи ставкасини ўрта ҳисобда 10 фоизга, тамаки маҳсулотининг акциз солиғи ставкасини 20 фоизга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни лицензиялаш комиссияси томонидан илгари берилган, спирт ва алкоголли маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни амалга оширишга оид лицензияларнинг амал қилиш муддати 2020 йилнинг 1 январига қадар узайтирилсин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи ҳукумат қарорини қабул қилсин:

спирт ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни амалга оширишга нисбатан янги лицензия талабларини, жумладан, ишлаб чиқариш ускуналарини мажбурий рўйхатдан ўтказиш, унинг мулкдорларини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш тартибини тасдиқлаш;

техник спирт ишлаб чиқарувчилар фаолиятини лицензиялаш тартибини жорий этиш, пиво ишлаб чиқарувчилар учун эса 2021 йил 1 январдан бошлаб шундай тартибни жорий қилиш;

лицензия олувчилар томонидан ҳар йили лицензия тўловларини тўлаш бўйича талабларни жорий этиш, пиво ишлаб чиқарувчилар учун эса 2022 йил 1 январдан бошлаб шундай талабни жорий қилиш.

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2019 йил 15 августдан бошлаб иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
  2. Вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу Фармонга мувофиқлаштирсин.
  3. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                                               Ш.МИРЗИЁЕВ


ЎзА