Кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Янги рақобатбардош ишлаб чиқаришлар ва кичик корхоналарнинг ривожлантирилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича узлуксиз равишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида 150 та кичик саноат зонаси ташкил қилинган бўлиб, уларнинг ҳудудида ҳар йили жами 1,7 триллион сўмдан ортиқ қийматдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмига эга бўлган 1 691 та кичик корхона фаолият юритади ва 27 мингдан зиёд иш ўринлари яратилди.
Кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг иштирокчилари учун фаолият юритиш шароитларини сифат жиҳатидан яхшилаш ва маҳсулотларни сотишга кўмаклашиш, инвестициялар жалб қилинишини фаоллаштириш, авваламбор, фойдаланилмаётган, фаолият юритмаётган ишлаб чиқариш майдонлари негизида ташкил қилинаётган импортбоп маҳсулотларни чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларнинг жорий этилишини жадаллаштириш, ушбу асосда янги турғун иш жойлари ташкил этилишини таъминлаш ва аҳоли даромадини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида давлат муассасаси шаклидаги кичик саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекцияларни (кейинги ўринларда – дирекциялар) ҳар бир кичик саноат зонасига дирекцияларнинг масъул ходимларини бириктирган ҳолда ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда янги ташкил қилинаётган дирекцияларнинг рўйхатдан ўтказилишини таъминласин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги “Иқтисодий ривожланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5621-сон Фармони билан кичик саноат зоналари иштирокчиларига қуйидаги ҳуқуқлар берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
ўз маблағлари ҳисобига қурилган бинолар ва иншоотлар (ёки уларнинг қисмлари)га мулк ҳуқуқини белгиланган тартибда расмийлаштириш;
реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлашни ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширган тақдирда, бироқ кичик саноат зонаси иштирокчиси мақомини олган кундан бошлаб камида 3 йил муддат ўтгандан кейин, бинолар ва иншоотлар (ёки уларнинг қисмлари)ни хусусийлаштириш;
инвестиция ва бошқа ижтимоий мажбуриятларни тўлиқ бажарган тақдирда, бироқ кичик саноат зонаси иштирокчиси мақомини олган давридан бошлаб камида 5 йил муддат ўтгандан кейин, ўзларига берилган бинолар ва иншоотлар (ёки уларнинг қисмлари)ни хусусийлаштириш.
3. Белгилаб қўйилсинки:
а) кичик саноат зоналари фақатгина транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси мавжуд ёки ўтказиш осон бўлган фаолият юритмаётган корхоналар негизида ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер майдонларида ташкил қилинади;
б) ер участкаларини бериш, кичик саноат зоналари ҳудудида амалга ошириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаш ва жойлаштириш тўғрисидаги қарорлар туман (шаҳар) ҳокимининг ер участкасини бериш тўғрисидаги алоҳида қарорини қабул қилмаган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгашлари (кейинги ўринларда – маъмурий кенгашлар) баённомалари шаклида расмийлаштирилади;
в) кичик саноат зонаси иштирокчиси томонидан инвестиция лойиҳасини кичик саноат зонасида жойлаштирилган кундан эътиборан уч ой мобайнида амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар кўрилмаганлиги, шунингдек, объектдан шартномада кўрсатилган мақсадга номувофиқ фойдаланилганлиги шартноманинг бир томонлама тартибда бекор қилинишига асос бўлади;
г) кичик саноат зонаси иштирокчиси томонидан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш объектив сабабларга кўра шартномада кўрсатилган муддатларда якунланмаган бўлса ёки охирги 6 ой мобайнида ишлаб чиқариш фаолияти амалга оширилмаган бўлса, маъмурий кенгаш унга лойиҳа амалга оширилишини тезлаштириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаган ҳолда қўшимча муддат тақдим этилиши ёхуд шартнома бекор қилиниши тўғрисидаги масалани кўриб чиқиши мумкин;
д) бинолар ва иншоотлар (ёки уларнинг қисмлари)ни хусусийлаштириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
ўз маблағлари ҳисобига реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлаш ишлари олиб борилган бинолар ва иншоотлар (ёки уларнинг қисмлари)да, бироқ кичик саноат зонаси иштирокчиси мақомини олган кундан бошлаб камида 3 йил муддат ўтгандан кейин – реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлаш ишларининг харажатлари чегириб ташланган ҳолда белгиланган тартибда аниқланадиган баҳолаш қиймати бўйича;
инвестиция ва бошқа ижтимоий мажбуриятларни тўлиқ бажарган тақдирда (иштирокчининг шахсий маблағлари ҳисобига реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлаш ишлари олиб бормаган ҳолда), бироқ кичик саноат зонаси иштирокчиси мақомини олган кундан бошлаб камида 5 йил муддат ўтгандан кейин – беш йил мобайнида тенг улушларда тўловларни киритиш ҳуқуқи берилган ҳолда белгиланган тартибда аниқланадиган баҳолаш қиймати бўйича.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги:
а) маъмурий кенгашлар ва дирекциялар билан биргаликда уч ой муддатда:
республиканинг барча ҳудудларидаги кичик саноат зоналарини инвентаризация қилиш ва уларнинг фаолиятини ўрганиш ҳамда натижаси бўйича уларнинг ҳар бири кейинчалик фаолият юритиши мақсадга мувофиқлиги ҳақида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилишини;
кичик саноат зоналари иштирокчилари билан тузилган бинолар ва иншоотларнинг ижараси тўғрисидаги шартномаларни, зарур ҳолларда, белгиланган тартибда фойдаланилмаётган ва мақсадга номувофиқ фойдаланилаётган бинолар ва иншоотларни қайтариш чора-тадбирларини кўрган ҳолда ёки қўшимча лойиҳаларни жойлаштириш ҳисобига улардан оқилона фойдаланиш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқилишини;
белгиланган муддатларда инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши бошланишини таъминламаган кичик саноат зоналари иштирокчилари билан инвестициялаш тўғрисидаги битимларнинг бекор қилинишини;
ишлаб чиқаришнинг қисқа муддатларда фойдаланишга топширилишини кўзда тутган ҳолда орқада қолаётган лойиҳалар бўйича тармоқ жадвалларининг ишлаб чиқилишини таъминласин;
б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда ижтимоий-иқтисодий ривожланиши орқада қолаётган туманлар ва шаҳарларда ҳудуднинг салоҳияти, рақобатдаги устувор йўналишлари, табиий ва меҳнат ресурсларидан келиб чиқиб, уларнинг ихтисослашувини белгилаган ҳолда янги кичик саноат зоналарини ташкил қилиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
в) Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда янги ташкил қилинаётган кичик саноат зоналари ҳудудларида талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини назарда тутган ҳолда ҳудудлар кесимида транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
г) оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, электрон ва интернет нашрларини жалб қилган ҳолда мамлакатнинг кичик саноат зоналари, инвестиция киритишнинг афзалликлари ва яратилаётган имтиёзли шароитлар, кичик саноат зоналари ҳудудларидаги мавжуд бўлган инфратузилма, таклиф қилинаётган хизматлар, шунингдек, амалга оширилиши тавсия этилаётган инвестиция лойиҳалари тўғрисидаги батафсил маълумотларнинг доимий асосда нашр этилишини ташкил этсин.
5. Белгилаб қўйилсинки:
маъмурий кенгашлар котибининг кичик саноат зоналари фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштиришга оид функциялари Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва саноат бош бошқармалари бошлиқлари зиммасига юклатилади;
дирекциялар директорларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш маъмурий кенгашлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади;
кичик саноат зоналарининг архитектура-режалаштириш ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шу жумладан, ер участкаларини танлаш ва ажратиш бўйича материалларни тайёрлаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг бюджети ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобига лойиҳа ташкилотларини жалб қилган ҳолда таъминланади;
дирекциялар кичик саноат зоналари ҳудудларининг архитектура-режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича буюртмачилар бўлиб қатнашишга ҳақли.
6. Кичик саноат зоналари дирекциялари 2022 йил 1 июлга қадар ер солиғи ва мол-мулк солиғи тўлашдан озод этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда кичик саноат зоналари ҳудудларида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг тегишли маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобига кичик саноат зоналарининг бўлиниш чегарасигача зарурий ташқи муҳандислик коммуникациялари ва инфратузилмасининг кичик саноат зоналарида тадбиркорлик субъектларини жойлаштиришга оид ишлаб чиқилган лойиҳаларга биноан қурилишини ва модернизация қилинишини таъминласин.
9. Қуйидагиларга:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоровга – ушбу қарор билан қўйилган вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш доирасида вазирлик ва идоралар фаолиятини самарали мувофиқлаштириш учун;
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири Б.А.Ходжаевга – маъмурий кенгашлар томонидан кичик саноат зоналари ҳудудида ишлаб чиқаришларни жойлаштиришга инвестиция талабномаларининг ўз вақтида кўриб чиқилиши ҳамда улар бўйича қарорлар қабул қилиниши, шунингдек, кичик саноат зоналарининг салоҳиятидан самарали фойдаланилиши, лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши ва жорий этилиши учун;
Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С.Султановга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига– қурилишнинг ўз вақтида тугатилиши, модернизация ва кичик саноат зоналари иштирокчиларини ташқи муҳандислик коммуникациялари ва инфратузилмага уланиши, уларнинг объектлари реал ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мувофиқ электр энергияси ва табиий газ билан узлуксиз таъминланиши учун шахсий жавобгарлик юклатилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги икки
ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига:
ушбу қарор талабларини ҳисобга олган ҳолда Кичик саноат зоналари тўғрисида янгиланган низом лойиҳасини;
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Г.К.Саидова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
 
Президенти                                         Ш.МИРЗИЁЕВ

 

ЎзA