Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони
Мамлакатда туризмни миллий иқтисодиётни диверсификация қилиш, ҳудудларни жадал ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини ошириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишни таъминловчи стратегик тармоқлардан бири сифатида ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Виза режимининг либераллаштирилиши, чет эл фуқароларини рўйхатга олиш тартибининг соддалаштирилиши, туризм тармоғини ривожлантириш учун имтиёз ва преференциялар берилиши миллий туризм салоҳиятини ички ва ташқи бозорларда самарали тарғиб қилиш имконини берди.
Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар туризм тармоғини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий асоснинг номукаммаллиги, алоҳида туризм хизматларини кўрсатиш қоидаларининг, шунингдек чет эл фуқароларининг тоифалари, бўлиш муддатлари ва мақсадлари бўйича дунё амалиётида кенг қўлланиладиган алоҳида виза режимларининг мавжуд эмаслигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, жойлаштириш воситалари ва инфратузилма объектларининг, айниқса туризм мавсумида етишмаслиги, турли транспортларда йўловчиларни ташиш тизимининг етарли даражада мувофиқлаштирилмаганлиги, шунингдек, туристларни мавжуд туризм салоҳияти тўғрисидаги маълумотлар билан таъминлашни ташкиллаштириш даражасининг пастлиги, ички туризмни, мамлакат ҳудудларидаги маданий мерос объектларининг ва зиёратнинг ўзига хосликларини тарғиб қилиш бўйича маркетинг кампанияларининг самарасизлиги туризмни жадал ривожлантиришга салбий таъсир қилмоқда.
Туризмни, авваламбор, хусусий секторда ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, кўрсатилаётган хизматларнинг рақобатбардошлигини ва сифатини ошириш, миллий туризм маҳсулотини дунё бозорида фаол ва комплекс равишда тарғиб қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига 2018 йил 28 декабрда қилган Мурожаатномасида билдирилган таклифларни амалда татбиқ этиш мақсадида ҳамда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ:
1. Қуйидагилар:
а) қуйидагиларни назарда тутувчи 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ:
туризм фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, туризмни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган халқаро меъёр ва стандартларни имплементация қилиш;
туризм инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда мақбул ва қулай туризм муҳитини яратиш;
транспорт логистикасини ривожлантириш, ички ва ташқи йўналишларни кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш;
туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилиш;
республика ичида туризм хизматларига бўлган эҳтиёжни қондиришга йўналтирилган туризм фаолияти субъектларининг фаоллигини рағбатлантиришни таъминловчи ички туризмни ривожлантириш;
Ўзбекистон Республикаси туризм маҳсулотини халқаро ва ички туризм бозорларида тарғиб қилиш, мамлакатнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз сифатидаги имиджини мустаҳкамлаш;
туризм тармоғи учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш.
Белгилансинки, Концепция ҳар йиллик алоҳида чора-тадбирлар режасини тасдиқлаган ҳолда, унинг асосий йўналишлари ва мақсадли параметрларининг тегишли давр мобайнида бажарилишига қараб босқичма-босқич амалга оширилади;
б) 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш бўйича 2019 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси (кейинги ўринларда – Чора-тадбирлар режаси) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тегишли йил бўйича Чора-тадбирлар режасининг бажарилиши якунларини таҳлил қилган ҳолда ҳар йили 1 декабрга қадар кейинги йил учун Чора-тадбирлар режаси лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги ПҚ–3217-сон қарорига асосан ташкил этилган Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш (А.Н.Арипов) қуйидагиларни таъминласин:
барча режалаштирилган чора-тадбирларнинг самарали ташкил этилиши, ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
Концепция ва Чора-тадбирлар режасининг вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар томонидан бажарилишини мониторинг қилиш, шунингдек, ҳар чоракда ушбу Фармоннинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига батафсил маълумот киритиб бориш;
хорижда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш ва хорижий туристларни жалб қилишга қаратилган қўшма тадбирларни ўтказиш бўйича “Йўл харитасини” ҳар йил тасдиқлаш;
ҳар йиллик Чора-тадбирлар режасининг бажарилишидан келиб чиқиб, лозим бўлганда, Концепция параметрларига ўзгартириш киритиш.
3. 2019 йил 1 февралдан бошлаб 3-иловага мувофиқ мамлакатларнинг фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгилансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизматининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
а) 2019 йил 1 февралдан бошлаб фуқаролари электрон кириш визасини олиш имкониятига эга бўлган мамлакатлар рўйхатини 4-иловага мувофиқ кенгайтириш;
б) 2019 йил 15 мартдан бошлаб 30 кунлик амал қилиш муддати бўлган электрон кириш визасининг қуйидаги турларини бериш тизимини жорий этиш:
икки марталик, консуллик йиғими 35 АҚШ доллари миқдорида;
кўп марталик, консуллик йиғими 50 АҚШ доллари миқдорида;
в) Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрадиган хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун 5-иловага мувофиқ қўшимча (электрон бўлмаган) кириш визалари тоифаларини беришни жорий этиш.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрадиган хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун қўшимча (электрон бўлмаган) визалари тоифаларини жорий этиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўрcин.
5. 6-иловага мувофиқ хорижий мамлакатлар фуқароларига Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини олиш ҳуқуқи тақдим этилсин.
Белгилансинки, ушбу ҳуқуқ:
Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида – 400 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда;
Самарқанд, Бухоро, Наманган, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятларида – 200 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда;
Қорақалпоғистон Республикаси ва республиканинг бошқа вилоятларида – 100 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда кўчмас мулкни сотиб олган тақдирда берилади.
6. Ўзбекистоннинг логистика жозибадорлигини тубдан яхшилаш, шунингдек, маҳаллий аэропортларда парвозларга хорижий авиакомпанияларни жалб этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда – Ишчи гуруҳ) 7-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
Қуйидагилар Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
биринчи навбатда Европа ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси, ташиладиган йўловчилар сони ва инвестицияларни кўпайтириш учун республикадаги транспорт алоқа тизимини тубдан яхшилаш;
“зиёрат” туризми йўналиши орқали туристлар оқимини ошириш, шу жумладан Индонезиядан доимий авиақатновларни очиш учун авиакомпанияларни жалб қилиш масалаларини тезкорлик билан ҳал этиш;
туристлар оқимини жалб қилиш мақсадида парвозларнинг стратегик муҳим йўналишларини аниқлаш;
мамлакат аэропортларида янги йўналишларни йўлга қўйиш мақсадида хорижий ташувчилар учун мослашувчан чегирма ва преференциялар тизимини ишлаб чиқиш;
ўзаро боғловчи қатновларни, шу жумладан “мавсумдан ташқари” даврда ташкил этиш орқали узоқ магистрал йўналишларда йўловчилар сонини кўпайтириш;
хорижий ва маҳаллий авиакомпаниялар билан музокаралар ўтказиш, шунингдек, уларнинг таклифларини кўриб чиқиш ва уларни аэропортлар бўйича тўғри тақсимлаш;
чартер рейсларини келишиш механизмини соддалаштириш;
мамлакатдаги айрим аэропортларда “Очиқ осмон” режимини жорий этиш;
маҳаллий авиакомпаниялар ташкил этилишига кўмаклашиш мақсадида норматив-ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш;
мамлакат ичкарисида интермодал ташувларни (автобус, темир йўл ва авиаташувлар) таъминлаш учун туристларнинг транспорт ташувини янада ривожлантириш бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
авиакомпаниялар харажатларини камайтириш ва истеъмолчилар учун авиачипталар нархини оптималлаштириш;
мамлакат вилоятлари ўртасидаги ички авиаташувлар йўналишлари сонини кўпайтириш;
хорижий етказиб берувчилардан авиакеросин сотиб олиш механизмини харид жараёнида шаффофлик ва рақобатни таъминлаган ҳолда такомиллаштириш.
7. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Автомобиль транспорти агентлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда блокчейн технологиясидан фойдаланган ҳолда рейсларни (автобус, авиа ва темир йўл) қулай тарзда боғловчи йўл чипталарини сотишни назарда тутувчи республика транспорт тизимининг ягона электрон порталини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик механизмлари асосида ташкил этсин ҳамда унинг ишлаш тартибини белгиласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 8-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчиликка ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситаларида ушбу Фармоннинг мақсад ва вазифаларини тушунтиришга қаратилган нашрлар ва тематик дастурларни ташкил этсин.
11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш. Мирзиёев