Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида​

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 
қарори 
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш самарадорлигини янада ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Миллий гвардияси ва Ички ишлар вазирлигининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида юридик кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалини (кейинги ўринларда – Филиал) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Филиалнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
юриспруденция соҳасида базавий ва амалий касбий тайёргарликни таъминлашга қаратилган ўқув режалари ва дастурлари асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;
назарий тайёргарликнинг ҳуқуқни қўллаш фаолияти билан узвий боғлиқлигини таъминлашга қаратилган замонавий шакл ва усуллар, ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ўқув жараёнини таълим беришнинг модул тизими асосида ташкил этиш;
таълим олувчиларнинг психологик тайёргарлиги, ҳуқуқий, сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишнинг самарали тизимини яратиш;
таълим олувчиларнинг аҳоли ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш кўникмаларини такомиллаштириш;
ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолиятини услубий ва консультатив таъминлаш;
юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни амалга оширувчи таълим ва илмий-тадқиқот, шу жумладан, хорижий мамлакатлардаги муассасалар билан ўзаро самарали идоралараро ҳамкорликни чуқурлаштириш.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Филиал Тошкент давлат юридик университетининг таркибий бўлинмаси – юридик шахс мақомига эга олий таълим муассасаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири ва давлат тилида номи туширилган муҳри ва бланкларига, мустақил балансига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ҳисобрақамларга эга бўлади;
Филиалга Ўзбекистон Республикаси адлия вазири тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимига тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади;
Филиал директори меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосарига, директор ўринбосарлари эса – Тошкент давлат юридик университети проректорларига тенглаштирилади.
4. Қуйидагилар:
Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали тузилмаси 1-иловага;
Тошкент давлат юридик университети Ихтисослаштирилган филиалининг самарали фаолиятини ташкил этиш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Филиал директорига Тошкент давлат юридик университети ректори
ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда Филиал тузилмасига ходимларнинг белгиланган штат бирликлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
5. Белгилансинки:
Филиалда “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш” соҳа мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш кундузги таълим шаклида бакалавриатнинг махсус
уч йиллик дастури бўйича белгиланган намунадаги диплом берилган ҳолда амалга оширилади;
Филиалда “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш” мутахассислиги бўйича олий ноюридик маълумотга эга бўлган кадрларни қайта тайёрлаш кундузги таълим шаклида махсус олти ойлик дастур бўйича белгиланган намунадаги диплом берилган ҳолда амалга оширилади;
Филиалда ўқитиш давлат грантлари асосида амалга оширилади;
Филиал бакалавриатига қабул квотаси йилига 255 кишини, кадрларни қайта тайёрлаш дастури бўйича эса – ҳар олти ойда 50 кишини ташкил этади;
Адлия вазирлигига Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиянинг буюртмаларига мувофиқ ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида юридик кадрларга бўлган эҳтиёжини инобатга олиб, Филиалга қабул квоталарини кўпайтириш ёки камайтириш ҳуқуқи берилади;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиясига бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан алоҳида шахсларни юридик кадрларни тайёрлаш дастурлари бўйича белгиланган квоталар (давлат грантлари)дан ташқари Филиалда ўқитиш учун тўловни амалга ошириш ҳуқуқи берилади;
Филиал дипломининг мавжудлиги ички ишлар органларига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида махсус касбий тайёргарликни ўтмасдан, “лейтенант” махсус унвони берилган ҳолда хизматга қабул қилиш учун асос бўлади.
6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
бакалавриат дастури бўйича Филиалга қабул танлов асосида амалга оширилади;
Филиалга қайта тайёрлаш дастури бўйича ўқишга Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ва Миллий гвардия қўмондони тавсиялари асосида олий ноюридик маълумотга эга бўлган амалдаги ходимлар ва ҳарбий хизматчилар белгиланган тартибда эгаллаб турган лавозими ва пул таъминоти сақлаб қолинган ҳолда қабул қилинади;
ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиларига ўрнатилган қабул квоталари доирасида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан белгиланадиган алоҳида квоталар бўйича Филиалга ўқишга кириш учун танловда иштирок этиш ҳуқуқини тақдим этадиган Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиқларининг тавсиялари берилиши мумкин;
Филиалда ўқишни тамомлаган шахслар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида камида 5 йил ишлаб бериш мажбуриятини оладилар;
Филиал суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, адвокатлар, шунингдек, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари, вазирликлар, идоралар мутахассислари ва бошқа мутахассисларни ўриндошлик тартибида ёки меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартларида педагогик фаолиятни амалга оширишга жалб этиш ҳуқуқига эга;
Тошкент давлат юридик университети фаолиятини тартибга солувчи нормалар, агар қонунчилик ёки университет қарорлари билан бошқа қоидалар назарда тутилмаган бўлса, Филиал фаолиятига ҳам татбиқ этилади.
7. Филиалнинг Васийлик кенгаши 3-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
Белгилансинки, Васийлик кенгаши Филиалнинг ҳар томонлама ривожланишига кўмаклашади, жумладан:
манфаатдор вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ходимларни моддий рағбатлантириш учун Филиалнинг молиялаштирилишини таъминлайди;
Филиалнинг педагог ва бошқа ходимларининг меҳнат шароитлари ва ижтимоий таъминотини яхшилаш бўйича чораларни кўради;
олий юридик таълимнинг ривожланишига кўмаклашувчи янги шакл, дастур ва истиқболли ташаббусларни, илмий ишланмалар натижаларини қонун ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига самарали жорий этишда қўллаб-қувватлашни амалга оширади;
ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шериклик келишувлари тузилиши ва уларни рўёбга чиқаришда мувофиқлаштиришни амалга оширади;
таълим соҳасида халқаро ҳамкорликнинг ривожланишига кўмаклашади.
8. Қуйидагилар Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
Филиалда таълим олиш учун тўланган маблағлар;
бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;
халқаро молия институти грантлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
9. Белгилаб қўйилсинки:
Филиал таъминоти учун бюджет маблағлари 2019 йилда Адлия вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил ижтимоий соҳа учун тасдиқланган кўрсаткичлари доирасида ажратилади, 2020 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг харажатлари параметрларида назарда тутилади;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларидан ишга қабул қилинган Филиал ходимларига олдинги иш жойидаги барча устама ва қўшимча тўловлар, тиббий хизмат кўрсатишнинг имтиёз ва шартлари уларни тегишли органнинг амалдаги кадрлар захирасига қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказган ҳолда сақлаб қолинади;
Филиалнинг ходимларига Тошкент давлат юридик университетининг тегишли лавозимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари татбиқ этилади;
Филиал ходимларига мартаба даражалари ва узоқ йиллик хизмати учун устама ва қўшимча тўловлар тўлаш бўйича харажатларни бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш орқали Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасаларининг мартаба даражалари қонунчиликда белгиланган тартибда берилади;
ўз хизмат вазифаларини виждонан ва самарали бажарган Филиал ходимларига директор буйруғи асосида Васийлик кенгаши билан келишган ҳолда тариф ставкасининг 200 фоизигача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устамалар белгиланиши мумкин;
Филиал ходимларига тариф ставкасининг 200 фоизигача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устамаларни тўлаш учун маблағлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси, Адлия вазирлиги, Тошкент давлат юридик университетининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан ажратилади.
10. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг Филиални беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтининг Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Қулоқтепа кўчаси, 9-уйда жойлашган бино ва иншоотларида жойлаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 сентябрга қадар ҳудудларнинг юридик кадрларга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда Тошкент давлат юридик университетининг ҳудудий филиалларини ташкил этиш юзасидан таклифларни киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси ва Миллий гвардияси билан биргаликда икки ой муддатда Жиззах политехника институти негизида мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда Жиззах вилояти ички ишлар органларининг олий ноюридик маълумотга эга бўлган ходимларини қайта тайёрлаш сайёр курсларини ташкил этсин;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияси билан биргаликда Тошкент шаҳар ҳокимияти кўмагида икки ой муддатда чет эл ўқув марказлари ва таълим муассасаларига танишув сафарларини ташкил этишни назарда тутган ҳолда пойтахт ҳудудининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари учун юридик кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасидаги илғор хорижий тажрибанинг ўрганилишини таъминласин;
манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
12. Тошкент шаҳар ҳокими белгиланган тартибда Филиал бино ва иншоотларининг замонавий талаблар асосида реконструкция қилинишини ҳамда юклатилган вазифаларнинг ўзига хос жиҳатлари ва таълим олувчиларнинг яшашини инобатга олган ҳолда унинг ишини самарали ташкил этиш учун зарур бўлган мебель, ўқув-лаборатория ва криминалистик ускуналар, компьютер техникаси ва бошқа моддий-техника воситалари билан жиҳозланишини таъминласин.
13. Филиалга иккита енгил, шу жумладан, битта шахсан бириктирилган автотранспорт воситаси таъминоти учун лимит белгилансин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А.Артикходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
 
Президенти                                                       Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 7 февраль

 

ЎзА