Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Тадбиркорлик субъектларини узоқ муддатли кредит маблағлари билан таъминлаш, уларнинг валюта хатарларини камайтириш, шунингдек, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш ҳамда тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича 2021 йил 20 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларининг валюта хатарларини камайтириш учун 1 миллион АҚШ долларигача миқдорда хорижий валютада ажратилган кредитлар миллий валютага ўтказиб берилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки, тижорат банкларидан хорижий валютада олинган кредитлар миллий валютага ўтказилганда амалдаги компенсация тақдим этиш тўғрисидаги шартномалари мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектларининг эквиваленти 1 миллион АҚШ долларидан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмайдиган кредитларнинг асосий ставкадан ошадиган, лекин 5 фоизли пунктдан кўп бўлмаган қисми бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) томонидан компенсация тақдим этилади.

Бунда, Жамғармага мазкур кредитлар бўйича амалдаги компенсациялар миқдорларини қайта ҳисоб-китоб қилиб, уларнинг умумий миқдорини мутаносиб равишда ўзгартиришга рухсат этилади.

3. Белгилаб қўйилсинки, 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси номидан чет эл валютасида тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари (кейинги ўринларда – ХМИ ва ХҲМТ) маблағлари ҳисобидан жалб қилинган кредитлар (қарзлар) лойиҳада иштирок этувчи молия ташкилотларига 10 йилдан кам бўлмаган муддатга ёки улар жалб қилинган муддатга қайта кредитланади.

4. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги ХМИ ва ХҲМТлар иштирокида қайта кредитланадиган лойиҳалар бўйича масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда лойиҳалар доирасида молиялаштирилган сублойиҳалар тўғрисида, шунингдек, уларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши устидан мониторинг натижалари юзасидан ҳар чорак якуни бўйича ахборотни ўз расмий веб-сайтида мунтазам эълон қилиб борсин.

5. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 февралдаги 77-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш киритилсин.

6. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

7. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб молия вазири Т.А.Ишметов, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари С.М. Холхўжаев, инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Б.Воитов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва С.Ў.Умурзаков зиммасига юклансин.

 

         Ўзбекистон Республикаси

                  Президенти                         Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2021 йил 27 октябрь