Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Аҳолининг харид қобилиятини мустаҳкамлаш, асосий турдаги озиқ-овқат ва истеъмол маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни таъминлаш, товарлар таъминотининг глобал занжирларини диверсификациялаш ҳамда инфляция даражасини жиловлаш мақсадида:

1. 2024 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қўлланиладиган товарлар рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 майдаги “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга ва монополияга қарши чораларнинг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-145-сон фармонида:

1-банддаги ва 1-илованинг номланишидаги “2023 йил 1 июлга қадар” сўзлари “2024 йил 1 январга қадар” сўзлари билан алмаштирилсин;

4-банддаги “2023 йил 1 январга қадар” сўзлари “2024 йил 1 январга қадар” сўзлари билан алмаштирилсин.

3. Вазирлар Маҳкамаси (Ж.Ходжаев) бир ой муддатда:

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини республика ҳудудига олиб киришда давлат назоратидан ўтказиш жараёнининг самарадорлигини ошириш ҳамда уни хавфни таҳлил қилиш тамойили асосида йўлга қўйиш;

импорт қилишда божхона божининг ноль ставкаси қўлланиладиган кундалик истеъмол товарлари рўйхатини кенгайтириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.

4. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

5. Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А.Ходжаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                                                                                                                           Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2023 йил 23 март