Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ–5847-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалар ижросини изчил таъминлаш, шунингдек, олий таълим муассасаларининг мустақиллигини кенгайтириш, улар фаолиятида давлат маъмурий бошқарувини кескин камайтириш ҳамда шу орқали ўзгарувчан меҳнат бозори талабларига жавоб бера оладиган юқори малакали кадрлар тайёрловчи давлат олий таълим муассасаларини шакллантириш мақсадида:
1. 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларига қуйидаги қўшимча ваколатлар берилсин:
а) академик мустақиллик соҳасида:
ўқув режалари, ўқув дастурлари, малака талабларини касбий стандартлар асосида тасдиқлаш, таълим тилини ҳамда таълим йўналишлари ва мутахассисликлари хусусиятларини инобатга олган ҳолда таълим олиш шаклини белгилаш;
бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун ўқиш давомийлиги муддатларини белгилаш;
докторантурада тўлов-контракт асосида ўқиш қийматини белгилаш, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан грант ажратиш орқали докторантурага танлов асосида квотага қўшимча равишда қабул қилиш;
докторант ва мустақил изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиш тартибини тасдиқлаш;
магистратура босқичида таълимнинг сиртқи, масофавий ва кечки шаклларини жорий этиш, таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича қўш малакалар, шу жумладан, амалий малакалар бериш тизимини жорий қилиш;
ўзаро келишувлар асосида олий таълим муассасалари билан академик мобилликни амалга ошириш;
олий таълим муассасаси ва унинг тузилмасидаги таълим муассасалари учун ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш;
таълим сифатини ички назорат қилиш механизмларини белгилаш ва жорий этиш;
б) ташкилий-бошқарувдаги мустақиллик соҳасида:
фаолиятининг асосий йўналиши таълим, илм-фан, унинг натижаларини жорий этиш ҳамда тижоратлаштириш билан боғлиқ бўлган, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмайдиган таркибий тузилмалар, тижорат ва нотижорат ташкилотларни ташкил этиш;
олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативлардан қатъи назар муассасанинг тузилмасини тасдиқлаш ва штат бирликлари сонини белгилаш;
меҳнат бозоридаги эҳтиёждан келиб чиқиб, янги таълим йўналишлари ва мутахассисликларни очиш, амалдаги таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликларни тугатиш;
педагог ва бошқа ходимларни ишга қабул қилиш, ишдан озод этиш ва ички ротациясига оид тартибни белгилаш;
хорижий давлат фуқароларини тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш ва масофавий таълим олиш шаклида ўқитишни ташкил этиш.
Белгилансинки, ушбу бандда назарда тутилган ваколатлар олий таълим муассасалари томонидан қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ мустақил равишда амалга оширилади.
2. Вазирлар Маҳкамасининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
а) Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик (идора)ларнинг қуйидаги ваколатларини таълим муассасаларига ўтказиш:
чет эл фуқароларининг ўқишини хорижий олий таълим муассасаларидан республика давлат олий таълим муассасаларига кўчириш;
олий таълим муассасаси қабул комиссияси раиси ва масъул котибини, шунингдек, олий таълим муассасаси томонидан ўтказиладиган имтиҳонлар бўйича қабул комиссияси раиси ва аъзолари, имтиҳонлар жадвали, имтиҳон олинадиган фанлар дастурлари ва баҳолаш мезонларини тасдиқлаш;
олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таълим олувчиларнинг амалиётни ўташ тартибини тасдиқлаш ва уни ташкил этиш;
олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ички тартиб қоидалари, жумладан, таълим олувчиларнинг кийим-бошига доир талабларни белгилаш.
б) Вазирлар Маҳкамасининг олий, ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасидаги қуйидаги ваколатларини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига (кейинги ўринларда – Вазирлик) ўтказиш:
олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ўқитиладиган таълим йўналишлари, мутахассисликлар ва касблар рўйхатини тасдиқлаш;
бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқиш давомийлигининг энг кам муддатларини белгилаш;
кечки, сиртқи ва масофавий таълим шакли жорий этилмайдиган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини белгилаш;
дарсликлар, ўқув ва илмий адабиётларни тайёрлаш, нашр этиш тартибини, шунингдек, уларни етказиб беришга ва улардан таълим ташкилотларида фойдаланишга қўйиладиган талабларни белгилаш;
таълим муассасаларига нисбатан моддий-техник, инфратузилмавий ва параметрик талабларни белгилаш;
в) илмий кенгаш аъзоларининг ярмидан кўпи мазкур кенгашни тузган таълим муассасаси (илмий ташкилот)да фаолият юритувчи олимлардан иборат бўлиши ҳақидаги талабни бекор қилиш.
3. 2022 йил 1 январдан бошлаб молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида васийлик кенгашлари тугатилсин ҳамда таркибининг камида 70 фоизи тегишли вазирлик, идоралар, кадрлар буюртмачилари, жамоатчилик вакиллари ва ҳомийлардан иборат бўлган юридик шахс мақомисиз олий таълим муассасаларининг Кузатув кенгашлари ташкил этилсин.
Белгилаб қўйилсинки:
Кузатув кенгашининг таркиби тизимида олий таълим муассасаси мавжуд тегишли вазирлик (идора) томонидан тасдиқланади;
молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаси ректори Кузатув кенгаши томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
Кузатув кенгаши ўз ваколатларини олий таълим муассасаси кенгашига топширишга, шунингдек, олий таълим муассасаси кенгашига кирувчи ваколатларни ўз зиммасига олишга ҳақли.
4. Белгилансинки, Вазирлик давлат ва давлат улуши мавжуд олий таълим муассасаси ректори (директори) лавозимига номзодлар захирасини шакллантиради, шунингдек, номзодлар ва ректор (директор)ларнинг бошқарув қобилиятини ривожлантириш, таълим сифатини ошириш, тақдим этилаётган академик, молиявий ва ташкилий-бошқарув мустақилликдан самарали фойдаланиш мавзуларида ташкил этиладиган мақсадли малака ошириш курсларида ўқишини ташкил этади.
5. Вазирлик тизимида олий таълим муассасаси мавжуд вазирлик (идора)лар билан биргаликда:
икки ой муддатда давлат олий таълим муассасаларининг халқаро илмий-техникавий маълумотлар базаларига доимий аъзолигини таъминласин ҳамда улардан талаба, тадқиқотчи ва ўқитувчиларнинг бепул фойдаланишини йўлга қўйсин;
2022 йил якунига қадар барча давлат олий таълим муассасалари кутубхона фондидаги ўқув адабиётларининг тўлиқ электрон шаклга ўтказилишини таъминласин ҳамда Вазирлик ҳузурида ягона “Электрон кутубхона” платформасини ишга туширсин.
Белгилансинки, “Электрон кутубхона” платформасини ишлаб чиқиш ва юритиш Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
6. Вазирлик томонидан олий таълим муассасаларида ҳисоботларни тайёрлашнинг қоғоз шаклидан воз кечиш ҳамда таълим муассасаси фаолиятини автоматлаштириш бўйича Жаҳон банки билан ҳамкорликда Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими (кейинги ўринларда – Ахборот тизими) ишлаб чиқилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Вазирлик Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда тизимида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик (идора)лар билан биргаликда:
а) биринчи босқичда – 2022 йил 1 мартга қадар:
Ахборот тизимининг “Ўқув жараёнини бошқариш” қисмини жорий қилсин. Бунда олий таълим муассасасининг академик фаолияти, хусусан, талабанинг давомат ҳисоботи, ўзлаштириш қайдномаси ва рейтинг дафтарчаси, шунингдек, гуруҳ журнали, дарс ва имтиҳон жадваллари рақамлаштирилади;
Ахборот тизимининг “Илмий жараённи бошқариш” қисмини жорий қилсин. Бунда профессор-ўқитувчиларнинг илмий лойиҳалари, мақолалари, илмий-услубий нашрлари, илмий изланувчилар тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилади ҳамда профессор-ўқитувчилар ва кафедраларнинг илмий салоҳиятини баҳолаш масалалари автоматлаштирилади;
Ахборот тизимининг “Маъмурий жараённи бошқариш” қисмини жорий қилсин. Бунда олий таълим муассасасининг тузилмаси, бошқарув кадрлари, профессор-ўқитувчилар таркиби ва талабалар тўғрисидаги маълумотларни юритиш ҳамда тегишли ҳисоботларни тайёрлаш рақамлаштирилади;
Ахборот тизимининг “Молия-хўжалик фаолиятини бошқариш” қисмини жорий қилсин. Бунда тўлов-шартномалар электрон кўринишда тақдим этилади, стипендия тўловлари тўғрисидаги маълумотлар тизим орқали амалга оширилади;
б) иккинчи босқичда – 2022 йил 1 майга қадар Ахборот тизимининг “Таълим сифатини назорат қилиш” қисмини жорий қилсин. Бунда таълим сифати бўйича олий таълим муассасалари кўрсаткичларининг маълумотлар базаси шакллантирилади ва олий таълим муассасалари миллий рейтингини юритиш автоматлаштирилади ҳамда таълим сифати мониторингини масофавий шаклда олиб бориш имконияти яратилади;
Белгилансинки:
Ахборот тизими 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ўқишга қабул қилинган талабаларни тўлиқ қамраб олган ҳолда босқичма-босқич жорий этилади;
таълим жараёнларини бошқаришнинг бошқа дастурий таъминотига эга олий таълим ташкилотлари учун Вазирлик ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан белгиланган талаблар бўйича ўз тизимининг Ахборот тизимига интеграция қилиши мажбурий ҳисобланади;
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Ахборот тизимидан текин фойдаланади ҳамда унга таълим сифатини мониторинг қилиш, жумладан, талаба, докторант ва профессор-ўқитувчилар ўртасида ижтимоий сўров ўтказиш имконияти яратилади;
Ахборот тизимини жорий этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар олий таълим муассасаларининг маблағлари, техник қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштириш харажатлари Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади;
давлат олий таълим муассасаларига Ахборот тизимини жорий этиш ва унга хизмат кўрсатиш бўйича Вазирлик тизимидаги ташкилотлар билан тўғридан-тўғри шартнома тузишга рухсат берилади.
7. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси уч ой муддатда, жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Таълим сифатини таъминлаш ва назорат қилишнинг самарали механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин:
таълим ташкилотларини аккредитациялашнинг институционал ва махсус (таълим йўналишлари, ихтисослик турлари ва бошқалар бўйича) шаклларини жорий этиш;
таълим сифатини таъминлаш ва назорат қилиш жараёнига нодавлат ташкилотларни жалб этиш ҳамда нуфузли халқаро аккредитациядан ўтган таълим ташкилотини навбатдаги давлат аккредитациясидан озод қилиш;
таълим сифатини назорат қилишда “таҳлика-таҳлил” тизимини жорий этиш ҳамда ўрганишлар қамрови, давомийлиги ва даврийлигини таълим сифатининг ўзгариши даражасига қараб белгилаш;
олий таълим муассасаларига берилаётган академик мустақилликни инобатга олган ҳолда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ваколатларини қайта кўриб чиқиш.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Вазирлик уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х.Тошкулов ҳамда тизимида олий таълим муассасаси мавжуд вазирлик ва идоралар раҳбарлари белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига 2022 йил 1 июль ва 2023 йил 1 январга қадар ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 24 декабрь