Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ–5847-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалар ижросини босқичма-босқич таъминлаш ҳамда Самарқанд давлат университетини илмий-технологик ва ижтимоий ривожлантириш, рақобатбардош илмий ва педагогик кадрлар тайёрлаш, флагман олий таълим муассасаси даражасига олиб чиқиш мақсадида:

1. Самарқанд давлат университетига атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов номи берилсин.

2. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигининг Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида (кейинги ўринларда – Университет) Трансформация офисини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Трансформация офиси қуйидагилар учун масъул этиб белгилансин:

Университетни трансформация қилиш ва комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш ҳамда 2026 йилга қадар халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатга киритиш;

Университет фаолиятини рақамлаштириш ҳамда таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни жорий этиш;

Университетни танитиш бўйича миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоғи ва бошқа воситалар орқали тарғибот тадбирларини ўтказиш.

Белгилансинки, Трансформация офиси раҳбари лавозими бўйича Университет проректорига тенглаштирилади.

3. Қуйидагилар:

2022-2025 йилларда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетини комплекс ривожлантириш дастури 1-иловага мувофиқ;

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетини 2025 йилга қадар ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ;

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети мутахассислик кафедраларини илмий-тадқиқот муассасалари, тармоқ корхоналари ва ташкилотларига бириктириш жадвали 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Университет таркибида қуйидагилар ташкил этилсин:

агрономия, биотехнология ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида кадрлар тайёрловчи Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти (кейинги ўринларда – Агробиотехнологиялар институти);

муҳандислик, автоматика, мехатроника, робототехника, рақамли электроника, электротехника, машинасозлик, материалшунослик ва янги материаллар технологияси соҳаларида кадрлар тайёрловчи Муҳандислик физикаси институти (кейинги ўринларда – Муҳандислик институти);

педагогика, ахборот технологиялари ва ҳудудда кадрларга эҳтиёж юқори бўлган бошқа соҳаларда кадрлар тайёрловчи Университетнинг
Ургут филиали (кейинги ўринларда – Филиал).

5. Қуйидагилар Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институти ва Филиалнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

меҳнат бозорида рақобатбардош, амалий кўникмаларни эгаллаган олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, таълим жараёнига илғор педагогик ва масофавий таълим технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;

ўқув режаларини тегишли соҳаларнинг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларини ҳисобга олган ҳолда шакллантириш, ўқув ва илмий-тадқиқот лабораторияларининг замонавий моддий-техника базасини яратиш;

ўқув жараёнини талабаларда мустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш ва амалий, жумладан, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга йўналтириш;

илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, ишлаб чиқариш ташкилотларининг муаммоларини ечишга қаратилган илмий, амалий ва инновацион тадқиқотларни ривожлантириш;

таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни жалб этиш, республика ҳамда етакчи хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

талабаларга таълим олиш ва илмий фаолият билан шуғулланиш учун шарт-шароит яратиш ҳамда чет эл фуқаролари учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш;

илмий-педагогик салоҳиятни ошириб бориш, жумладан, профессор-ўқитувчилар стажировкаси ва малака оширишини нуфузли республика ва хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш.

6. Белгилаб қўйилсинки:

Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институти ва Филиалда таълим фаолияти 2022/2023 ўқув йилидан бошланади ҳамда ўқув жараёни кредит-модуль тизими асосида олиб борилади;

Университетнинг агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида таълим олаётган талабалар ўқишини Агробиотехнологиялар институтида давом эттиради;

Университетнинг физика ва математика факультетлари таркибидаги амалий бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида таълим олаётган талабалар ўқишини Муҳандислик институтида давом эттиради;

Филиал Ургут туманидаги умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқитувчиларига илмий-услубий ёрдам кўрсатиб боради;

Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институтининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисоби Молия вазирлиги Ғазначилигида очилган Университетнинг шахсий ғазна ҳисобварақларида юритилади, Филиал эса Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;

Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институти ва Филиал директори, директор ўринбосари меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва миқдорлари бўйича тегишли равишда олий таълим муассасаси филиали директори ва филиал директори ўринбосарига, бошқа ходимлар эса олий таълим муассасалари ходимларига тенглаштирилади;

Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институти ва Филиал фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатлар, жумладан, бино ва иншоотларни таъмирлаш ва жиҳозлаш – Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

7. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

а) Университет билан биргаликда:

Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институти ва Филиал тузилмаси ҳамда штат жадвали нормативларга мувофиқ тасдиқланишини таъминласин;

Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институти ва Филиални танлов асосида амалий тажриба ва (ёки) илмий даражага эга бўлган мутахассислардан иборат юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан тўлдириш чораларини кўрсин;

Трансформация офиси раҳбари лавозимига етакчи хорижий олий таълим муассасаларида раҳбарлик иш тажрибасига эга бўлган мутахассисни жалб этсин;

б) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институти ва Филиални юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғига улаш ҳамда онлайн маъруза ўтказиш ва масофавий таълим технологияларини жорий этиш учун зарур телекоммуникация жиҳозлари билан таъминлаш чораларини кўрсин;

в) Фанлар академияси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда:

Агробиотехнологиялар институти талабаларининг амалий кўникмаларини ошириш мақсадида дарс жараёнларига соҳа мутахассислари ва олимларни, битирув малакавий ишларига раҳбарлик қилиш учун илмий ташкилотлар мутахассисларини жалб этиш, зарур ҳолларда амалий дарсларни ишлаб чиқариш ва дала шароитларида олиб бориш чораларини кўрсин;

Агробиотехнологиялар институти талабаларининг танишув ва малакавий амалиётларини замонавий технологиялар билан жиҳозланган агрокластерлар, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати ташкилотларида ташкил этсин;

Агробиотехнологиялар институти талаба ва профессор-ўқитувчиларига илмий-тадқиқот институтлари ҳамда етакчи ташкилотларнинг лабораторияларидан фойдаланишлари учун зарур шароит яратсин;

г) “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда:

Муҳандислик институти талабаларининг танишув ва малакавий амалиётларини саноат корхоналарида ташкил этиш чораларини кўрсин;

Муҳандислик институтига илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, кичик бизнес ва саноат корхоналари учун инновацион мини-технологиялар ишлаб чиқиш йўналишларида кўмак бериб борсин.

8. Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институти ва Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб Давлат бюджети маблағлари, тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари, хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар, ҳомийлик хайриялари ва грантлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.

9. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳар йилги инвестиция дастурига киритиш учун Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институти ва Филиал бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш ишларини соҳага ажратилган лимитлар доирасида амалга ошириш юзасидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига таклифлар тақдим этиб борсин.

10. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

Агробиотехнологиялар институтини Самарқанд тумани, Гулобод қўрғонидаги Университет ҳузуридаги Гулобод агротехнологиялар техникумининг бир қисмига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш;

Муҳандислик институтини Самарқанд шаҳри, Хишрав қўрғонидаги Университет ҳузуридаги Ядро физикаси лабораторияси ҳудудининг бир қисмига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида вақтинча жойлаштириш;

Филиалга Самарқанд вилояти, Ургут тумани, Вагашти маҳалласида жойлашган Ургут иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан биргаликда оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериш.

11. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Ҳ.Тошкулов ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими Э.О.Турдимов белгилансин.

Қарор ижросини назорат қилиш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                                                            Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2022 йил 13 январь