Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Республикада балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг замонавий ва инновацион услубларини жорий этган ҳолда ҳажмларини ошириш, соҳани тартибга солиш бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, уларнинг ижросини сифатли ва пухта таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Шу билан бирга, интенсив усулда балиқ етиштириш бўйича ишларга етарли даражада эътибор қаратилмаяпти, ҳудудларда балиқчилик тармоғини ривожлантиришда юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш, балиқчилик хўжаликларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар етарли даражада эмас.

Балиқчилик хўжаликларига бириктирилган сув ҳавза майдонларидан илмий ёндашув асосида самарали фойдаланиш, уларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, шунингдек, ресурс тежамкор технологиялар ва инновацияларни кенг кўламда жорий қилиш ишларига етарлича эътибор берилмаяпти.

Сунъий сув ҳавзалари ҳосилдорлигини ошириш учун балиқчилик хўжаликларининг минерал ўғитларга бўлган талаби тўлиқ қондирилмаяпти. Шунингдек, минерал ўғитни бошқа муқобил ўғитлар билан алмаштириш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш йўлга қўйилмаган.

Балиқни интенсив усулда етиштириш, овлаш ва қайта ишлаш учун зарур асбоб-ускуна, анжом ва механизмларни маҳаллий ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган. Бунинг оқибатида кўплаб тадбиркорлар вақт ва маблағини ортиқча сарфлаб, уларни чет элдан харид қилмоқда.

Балиқчилик соҳасига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни киритиш ишлари лозим даражада ташкил этилмаган, бу борада хорижий давлатлар ва ташкилотлар билан самарали, ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилмаган.

Республикада интенсив усулда балиқ етиштиришни босқичма-босқич йўлга қўйиш ва рағбатлантириш, мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳага инновацион ғоялар, илмий ишланмалар, замонавий технологиялар ва илм-фан ютуқларини кенг кўламда жорий қилиш, балиқчилик тармоғини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг узлуксиз сув таъминлаш имконияти бўлган сунъий сув ҳавза майдонлари мавжуд бўлган балиқчилик хўжаликларини босқичма-босқич интенсив усулда балиқ етиштиришга ихтисослаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ишлаб чиқилган 2019 йилда республикада:

балиқ етиштириш ва овлаш прогноз параметрлари 1 ва 1а-иловаларга мувофиқ;

балиқ етиштириш иншоотлари ва қурилмаларини барпо этишнинг прогноз параметрлари 2-иловага мувофиқ;

балиқчилик хўжаликларига омихта ем ва минерал ўғит (аммофос) етказиб беришнинг прогноз параметрлари 3-иловага мувофиқ;

репродуктор ҳовузларни ташкил этиш, балиқ чавоқлари етиштириш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш қувватларини ишга туширишнинг прогноз параметрлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ва “Ипотека банк” АТИБ билан биргаликда ушбу қарорга асосан ўрнатилган прогноз параметрларининг ижросини таъминлаш юзасидан туманлар ва балиқчилик хўжаликлари кесимида манзилли чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқибтасдиқласин, уларнинг самарали ва тўлиқ ижроси юзасидан тизимли мониторинг ўрнатсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағлари ҳисобидан эквиваленти 50 миллион АҚШ доллари миқдорида “Ипотека банк” АТИБнинг устав капиталидаги давлат улуши оширилсин.

Белгилансинки, “Ипотека банк” АТИБ устав капиталига йўналтириладиган Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 январдаги ПҚ-2718-сон “Озиқ-овқат, чарм-пойабзал ва фармацевтика саноатида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбаларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан очилган кредит линияси маблағлари ҳисобидан ажратилади.

Жамғарма уч ой муддатда ушбу бандда кўрсатилган маблағларни “Ипотека банк” АТИБ устав капиталига ўтказиб берилишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ўрнатилган тартибда “Ипотека банк” АТИБ томонидан чиқариладиган акцияларни рўйхатдан ўтказилишини таъминласин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

“Ипотека банк” АТИБ устав капиталига киритилаётган эквиваленти 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги Жамғарманинг валюта маблағларидан зарурат бўлганда балиқчиликни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун фойдаланилади;

тадбиркорлик субъектларига ушбу бандда назарда тутилган маблағлар эвазига кредитлар тижорат фоиз ставкаси бўйича унинг 50 фоизини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилган ҳолда берилади;

“Ипотека банк” АТИБ кейинги 5 йил давомида белгиланган тартибда Жамғарманинг улушини ҳар йилги соф фойда ҳисобидан акцияларнинг бозор қийматида, лекин номинал қийматидан паст бўлмаган қийматда сотиб олади.

“Ипотека банк” АТИБ балиқчилик соҳасини ривожлантиришни молиялаштириш учун тақдим этилган лойиҳаларни чуқур таҳлиллар асосида рентабеллик, самарадорлик ва пул оқимларининг кредит ҳамда улар бўйича фоизларни ўз вақтида қайтаришни таъминлайдиган лойиҳаларнинг кредитланишини амалга оширади.

5. Балиқчилик лойиҳалари ҳажми ва уни амалга ошириш учун зарур бўлган валюта туридан қатъи назар, тижорат банклари томонидан 2019-2020 йилларда ажратилаётган кредит фоизи учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация беришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:

айланма маблағларни тўлдиришга (балиқ чавоқлари, омихта ем, минерал ўғит ва бошқалар) тижорат банки томонидан ўрнатилган кредит ставкасининг 25 фоизимиқдорида;

наслли она балиқ ва балиқ увилдириғи, ёпиқ сув айланма тизими, қафас (садок) қурилмаларида ва бошқа интенсив усулларда балиқ етиштиришни ташкил этиш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, инкубация цехлари ва репродукторларни ташкил этиш, ҳовузлар қуриш ва қайта таъмирлаш, махсус техника ва бошқа асосий воситаларни харид қилиш ҳамда барпо этиш учун тижорат банки томонидан ўрнатилган кредит ставкасининг 50 фоизи миқдорида.

Тижорат банклари балиқчилик лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий банклар маблағларини жалб этиш бўйича зарурий чора-тадбирларни кўрсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили 15 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағларни 2019-2020 йиллар давомида тегишли йилнинг 1 февралига қадар балиқчилик лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига ўтказиб берсин.

7. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, “Ипотека банк” АТИБ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг балиқчилик соҳасида тўлиқ тизимли (инкубация цехи, чавоқ ва товар балиқ етиштириш, юқори оқсилга бой балиқ еми, қайта ишлаш ва сақлаш) ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган балиқчилик кластерларини ташкил этиштўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилансинки, ташкил этилаётган балиқчилик кластерларининг йиллик балиқ етиштириш қуввати камида 50 тонна бўлган тақдирда улар 2019 йил 1 январдан бошлаб дастлабки уч йил давомида барча солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, “Ипотека банк” АТИБ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2019 йил 1 февралга қадар муддатда салоҳиятли тадбиркорлик субъектларини, молиялаштириш манбалари ҳамда ер майдонларини аниқлаб, 2019-2021 йилларда балиқчилик кластерларини ташкил этишнинг манзилли дастури лойиҳасини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. “Ўзэлтехсаноат” АК Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда балиқни интенсив усулда етиштириш, овлаш ва қайта ишлаш учун зарур бўладиган асбоб-ускуна, жиҳоз ва механизмлар ишлаб чиқаришни 2019 йил якунига қадар маҳаллийлаштириш чораларини кўрсин.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси республикада балиқни интенсив усулда етиштириш, овлаш ва қайта ишлаш учун зарур бўладиган асбоб-ускуна, жиҳоз ва механизмларни ишлаб чиқиш мақсадида “Ўзэлтехсаноат” АК томонидан тақдим этилган лойиҳа ҳужжатларига асосан хорижий инвесторларни жалб этсин.

9. 2021 йил 1 ноябрга қадар муддатда:

наслли она балиқ, балиқ увилдириғи, шунингдек, республикада ишлаб чиқарилмайдиган инкубация, лаборатория, интенсив усулда балиқ етиштириш, балиқ овлаш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, музлатиш ва сақлаш учун зарур бўладиган асбоб-ускуна, анжом, механизмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, муқобил энергия таъминоти ускуналари, мелиорация ишлари учун махсус техникалар ва тирик балиқ ташувчи транспорт воситалари;

чет эл ташкилотлари ва уларнинг шўъба корхоналари, фирма дўконлари, дилерлик тармоқлари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжи учун четдан келтириладиган омихта ем ва минерал ўғит (аммофос) божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади.

10. “Ўзкимёсаноат” АЖ балиқчилиқ хўжаликларига талаб қилинадиган 30,7 минг тонна минерал ўғит (аммофос)нинг 2019 йил давомида ишлаб чиқарилиши ва биржа савдоларига қўйиб борилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги 2019 йил 1 апрелга қадар муддатда прогнозлаштирилган сув миқдоридан келиб чиқиб, ўрнатилган тартибда фаолият юритаётган балиқчилик хўжаликлари билан сувдан фойдаланиш бўйича шартнома тузилишини ва балиқчилик хўжаликлари учун белгиланган сув миқдорининг кафолатли етказиб берилишини таъминласин.

Сув танқислиги шароитида балиқчилик хўжаликлари томонидан сунъий сув ҳавзаларига бошқа манбалардан қўшимча сув олиб келиш чоралари кўрилади ҳамда мазкур ишлар балиқчилик хўжаликларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

12. Белгилаб қўйилсинки, янгидан ташкил этиладиган сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштириш лойиҳаларига ер участкалари:

фақатгина интенсив усул ва ресурс тежамкор технологиялар қўлланганда;

сув билан кафолатли таъминлаш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатига салбий таъсири йўқлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг хулосаси асосида ажратилади.

13. Балиқчилик хўжаликларининг сунъий сув ҳавза майдонлари ва ички канал, коллектор ва дренажлардаги мелиорация ва чуқурлаштириш
ишлари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Белгилансинки:

балиқчилик хўжаликлари сунъий сув ҳавза майдонларида ички канал, мелиорация ва чуқурлаштириш бўйича бажариладиган ишлар балиқчилик хўжаликларининг ўз маблағлари;

барча коллектор ва дренажларда мелиорация бўйича бажариладиган ишлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

14. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси:

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда балиқчилик соҳасида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада кучайтириш мақсадида узвий ҳамкорликни йўлга қўйсин, балиқчилик соҳасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилишини;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда балиқчилик соҳаси ривожланган хорижий давлатларнинг илғор ва замонавий технологиялари асосида сунъий сув ҳавза майдонларида интенсив усулда балиқ етиштиришни ташкил этиш бўйича услубий тавсиялар ва намунавий лойиҳалар ишлаб чиқилиб жойларга етказилишини;

“Ўзкимёсаноат” АЖ билан биргаликда сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштириш ҳосилдорлигини ошириш учун сарфланадиган минерал ўғитни (аммофос) бошқа муқобил ўғит билан алмаштириш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш, улар ҳақида балиқчилик хўжаликларига тушунтириш ишларини ташкиллаштирсин.

15. “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси Балиқчилик илмий-тадқиқот институтининг илм-фан соҳасини ривожлантириш, инновацион ғоялар, илмий ишланмалар, замонавий технологияларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш мақсадида 2019 йилда уюшманинг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 1 миллиард сўм йўналтирсин.

16. “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг илм-фан ва инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда янги турдаги балиқларни маҳаллийлаштириш масалалари бўйича раис ўринбосари лавозимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда инновацион ғоялар, илмий ишланмалар, замонавий технологиялар ва илм-фан ютуқларини балиқ етиштириш ва уни қайта ишлаш тармоғига йўналтириш самарадорлигини ошириш мақсадида янгидан жорий этилган лавозимга чет эллик мутахассисни жалб қилиш чораларини кўрсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фундаментал, амалий ҳамда инновацион тадқиқотлар давлат илмий-техник дастурларини шакллантиришда балиқчилик ташкилотлари сув ҳавза ер участкаларидан самарали фойдаланиш бўйича инновацион ишланмалар ва замонавий технологиялар ишлаб чиқилишини назарда тутувчи илмий лойиҳалар киритилишини таъминласин.

18. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3680-сон қарори 3-бандининг иккинчи хатбошиси “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг аъзолари бўлган балиқчилик фермер хўжаликларига нисбатан татбиқ этилмайди.

19. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда балиқчилиқ хўжаликларига сунъий сув ҳавза майдонларида етиштирилган балиқ ҳосилдорлигидан келиб чиқиб, шунингдек, бу соҳадаги илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда табақалаштирилган ягона ер солиғи ставкаларини қўллаш бўйича таклиф киритсин.

20. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда:

деҳқон бозорлари ва аҳоли гавжум бўлган ҳудудларда балиқ сотишни ташкил этиш учун аквариумлар ўрнатилиши ва ихтисослашган савдо нуқталари ташкил этилиши бўйича манзилли дастурларни тасдиқласин;

балиқчилик соҳасига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида инвестиция лойиҳаларининг рўйхатини пухта ишлаб чиқиб, хорижий ҳамкорларни жалб этиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва “Ипотека банк” АТИБга тақдим этсин.

21. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, бошқа вазирлик ва идоралар “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига мазкур қарор ва бошқа қонун ҳужжатлари билан юклатилган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши учун ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатсин.

22. Айдар-Арнасой кўллар тизимида интенсив усулда балиқ етиштиришни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этиш бўйича комиссия ташкил қилинсин ва унинг таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Комиссия (С.Р.Холмуродов) уч ой муддатда Айдар-Арнасой кўллар тизимида табиий фаунани муҳофаза қилиш, балиқларнинг янги турларини етиштириш, балиқчилик кластерларини ташкил этиш, рухсатсиз балиқ тутишга қарши курашишнинг самарали механизмини жорий этиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, шу жумладан, “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” ДУКнинг бошқарув самарадорлигини танқидий ўрганиб чиқиш, кўллар тизимини ишончли бошқарувга бериш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

23. Мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар, хорижий туристлар, турли мамлакатларнинг балиқчилик соҳаси вакиллари, эксперт ва мутахассисларни кенг жалб қилган ҳолда 2019 йилдан бошлаб ҳар йили ноябрь ойида балиқчиликка оид кўргазма ўтказиш амалиёти жорий қилинсин.

24. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р.Холмуродовга – ҳудудларнинг балиқчиликни ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун салоҳиятли инвесторларни излаш, балиқчилик соҳасига инвестицияларни жалб қилиш, жалб қилинаётган маблағларнинг ўз вақтида ўзлаштирилишини таъминлаш, шунингдек, Комиссиянинг самарали фаолиятини ташкил этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларига – қарор билан тасдиқланган прогноз параметрларининг ижросини таъминлаш юзасидан туманлар ва балиқчилик хўжаликлари кесимида манзилли чора-тадбирлар дастурларини ўз вақтида ишлаб чиқиб, тасдиқлаш ва уларнинг ижроси устидан доимий назорат олиб бориш;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоровга – мазкур қарорда белгиланган бюджетдан молиялаштириш тадбирлари учун маблағларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ажратилиши;

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Б.Т.Юсуповга – мазкур қарор билан тасдиқланган прогноз кўрсаткичлар ижроси устидан хўжаликлар кесимида мониторинг тизими ўрнатилиши ва уларнинг ҳисоботи юритилиши, балиқчилик кластерларининг фаолияти ташкил этилиши ҳамда уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилиши;

Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Р.Хамраевга – балиқчилик хўжаликлари билан сувдан фойдаланиш бўйича шартнома тузилиши ва уларга белгиланган сув миқдори кафолатли етказиб берилиши;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Т.Кучкаровга – табиий сув ҳавзаларини балиқлантириш ишлари, балиқ ресурслари муҳофаза қилиниши ва улардан оқилона фойдаланилиши ҳамда балиқ овлаш қоидаларига риоя этилиши устидан тизимли назорат ўрнатиш;

“Ўзкимёсаноат” АЖ раиси А.А.Абдуллаевга – минерал ўғит (аммофос)нинг вегетатив мавсумда белгиланган миқдорда биржа савдоларига чиқарилиши;

“Ўзэлтехсаноат” АК раиси А.А.Абдуллаевга – балиқни интенсив усулда етиштириш, овлаш ва қайта ишлаш учун анжом, асбоб-ускуна ва механизмларнинг республикада ишлаб чиқарилишини ташкил этиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

25. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда балиқчилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб бориш тавсия этилсин.

26. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 майдаги
“Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2939-сон қарорига 6-иловага мувофиқ ўзгартишлар киритилсин.

27. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қуйидагилар бўйича таклифлар киритсин:

тегишли рухсати бўлмай туриб ёки тақиқланган жойларда ёхуд тақиқланган муддатларда, тақиқланган қуроллар ёки усуллар билан балиқ тутганлик, шунингдек, балиқ тутишнинг бошқа қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни янада кучайтириш тўғрисида;

қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида.

28. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 6 ноябрь