Бунчалар беғубор, юртим, тонгларинг,

Ҳар кўча, ҳар дарахт файзли, ораста.

Янги замон завқи – ҳаёт бонглари,

Шавқ ила шижоат дилга пайваста.

 

Мен овоз бераман доно халқ учун,

Ватан тақдирида барқ урар бахти.

Мен овоз бераман, овозим кучи

Бирлаштиргай халқнинг юракда аҳдин.

 

Садоқат учундир менинг овозим,

Авлод-аждодларим ҳикматларидан.

Жасорат учундир менинг овозим,

Мен танлаган номзод қудратларида.

 

Бағрикенглик учун овоз бераман,

Дўстлик, бирадорлик, сарҳадларида.

Мангу тинчлик учун овоз бераман,

Эл-тинчлиги ҳалол меҳнатларида.

 

Овозим жаҳонга кўз-кўз қилади,

Янги Ўзбекистон келбатларини.

Сомон йўлларига юлдуз илади,

Ошириб Ватан шон-шуҳратларини.

 

Мен овоз бераман, ҳар янги куннинг,

Асрга тенг кучли қадамлари деб.

Мен овоз бераман азиз юртимнинг,

Омон бўлсин азиз одамлари деб.

 

Менинг овозимда муҳаббат яшар,

Юртимнинг, халқимнинг раҳномасига.

Пайғамбарларини сийлаган башар,

Ҳавас қилсин башар халқ садосига.

 

Менинг овозимда ойдин келажак,

Узоқ авлодларга  салом йўллайди.

Менинг овозимда энг олий тилак,

Олий тилакларни Ватан қўллайди.

 

Саҳар, тонгларингда бахт балқар такрор,

Мангу сақла сулув кўркамлигингни.

Овозимда юртим раҳномаси бор,

Сақлар ҳар қадамнинг шаҳдамлигини.

 

Овозим Ватанга садоқат эрур,

Овозим ишончдир, овозим меҳр.

Менинг овозимга қўшилиб турур,

Келажаги буюк озод, ҳур умр.

 

Овозим Ватанга садоқат эрур…

 

Октябрь 2021 йил.

Гулистон МАТЁҚУБОВА,

Қорақалпоғистон халқ шоири.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги