Ўтган якшанбада Қозоғистонда парламенти Мажилиси (қуйи палата) ҳамда маслиҳатлар (маҳаллий вакиллик органлари) сайлови бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки ҳисоб-китобига қараганда, Қозоғистон ҳукуматини бошқараётган, собиқ президент Нурсултон Назарбоев раҳбарлигидаги «Нур Отан» партияси сайловда 71,09 фоиз овоз олишга муваффақ бўлган. Бу ҳақда МСК котиби Сабила Мустафина маълум қилди.

Парламентдан, шунингдек, «Ак жол» (ёрқин йўл) ва «Қозоғистон халқ партияси” ҳам жой олади. Улар тегишлича 10,95 ва 9,1 фоизга эга бўлган.

«Ауил» ва «Адал» партиялари МСК берган маълумотга кўра, мос равишда 5,29 ва 3,57 фоиз овоз тўплаб, 7 фоизлик тўсиқдан ўта олмади, яъни парламентдан ўрин ололмади.

Мажилис таркиби 107 депутатдан иборат бўлиб, уларнинг 98 нафари партиядан кўрсатилган рўйхат бўйича умумий, тенг ва тўғридан-тўғри яширин овоз бериш йўли билан сайланади. Мажилисдан жой олиш учун партиялар 7 фоизлик тўсиқдан ўтиши лозим. Мажилиснинг яна тўққиз депутати мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев раҳбарлик қилаётган маслаҳат-кенгаш органи бўлмиш Қозоғистон халқ Ассамблеяси томонидан сайланади. Мазкур орган республикада яшаётган барча элатлар манфаатини илгари суради. Мажилис депутатларининг ваколат муддати беш йил этиб белгиланган.

ЎзА