Тошкентда 17 декабрь куни Япония ҳукуматининг “Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам” дастури доирасида грант шартномасини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Япония элчихонаси ва Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернат ўртасида қиймати 41 минг 270 АҚШ долларлик грант шартномаси имзоланади. Мазкур маблағ таълим масканини ўқув ускуналари билан таъминлашга йўналтирилади.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабрь ойида Японияга расмий ташрифи натижасида Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди, – деди Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фуджияма. – Жорий йил пандемия шароитига қарамай, мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алмашувлар фаол давом эттирилди.
Ўтган йиллар мобайнида Япония ҳукумати томонидан Ўзбекистонда кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам доирасида кўплаб лойиҳалар ҳаётга жорий қилинди. Дастур доирасида 1995 йилдан то ҳозирги кунгача мамлакатимизда тиббиёт ва таълим муассасалари, маҳаллий ҳокимият органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари учун 28 миллион 547 минг АҚШ долларидан ортиқ 399 та лойиҳа амалга оширилган.
Тадбирда мазкур грант маблағлари Ўзбекистонда катта шаҳарлар билан ҳудудлар ўртасида таълим ва тиббиёт соҳасидаги тафовутни йўқотишга ёрдам бериши кўзда тутилган. Шунингдек, келаси йилда ҳам ушбу йўналишда бир қатор ишлар амалга оширилиши таъкидланди.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА