Беруний туманида истиқомат қилувчи Умар Халлиев антиқа автотранспорт яратди.
Ғилдираклари «Spark» ники, мотори «Toyota» ники бўлган бир қарашда танкка ўхшайдиган ушбу автотранспорт йўл танламайди. Қуруқликда ҳам, сувда ҳам бирдек ҳаракатлана олади.
Ихтирочи Умар Халлиевнинг таъкидлашича, мазкур танксимон транспорт асосан қамиш ўриш учун ўйлаб топилган. Уни йиғиб, тайёр ҳолга келтиришга атиги 2 ой вақт кетган.
– Мен кўпинча хорижий давлатларда ишлайман. Эндиги мақсадим ўзимнинг юртимда бирон иш топиб қолиш. Қамишдан қурилиш материали ишлаб чиқарадиган ускуна харид қилиб тадбиркорлик қилмоқчиман. Бунинг учун қамиш керак. Қишнинг кунлари қамишни ўриш учун сувга тушишга тўғри келади, лекин кўлларимизда сув шўр бўлганлиги боис қаттиқ совуқ бўлмаса сув музламайди. Масалан, икки йилдан бери сув музламайди. Заруратга оид ушбу техникани яратдим. У сувда ҳам, қуруқликда ҳам бемалол юради ва қамишни ҳам ўриб кетаверади. Бизда кўпчилик қамишни янгиси чиқиши учун шунчаки ёқиб юборади. Бу албатта экологияга зарар етказади. Шунинг учун қамишлардан унумли фойдаланиш керак, – дейди У.Халлиев.
Е.Қаноатов, ЎзА