Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Миллий Комиссия раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Мажлисда республикада чақалоқ савдосининг олдини олиш, унинг келиб чиқиш сабаблари, омиллари ва мавжуд муаммолар ҳамда жорий йилги пахта йиғим-терими мавсуми давомида мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар, кўрилган чоралар ва уларнинг самарадорлиги танқидий муҳокама қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Республикада чақалоқ савдоси жиноятларини эрта аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилишича, сўнгги уч йилда чақалоқ савдосидан 114 нафар чақалоқ ва бола жабрланган, уларнинг асосий қисми 3 ёшгача бўлган болалардир.

Республикада фарзанд асраб олиш учун навбатда бўлган ота-оналар 3 минг 978 нафарни ташкил этмокда. Болалар уйлари ва меҳрибонлик уйлари орқали ўртача бир йилда 220-230 нафар бола фарзандликка берилаётганини ҳисобга олсак, фарзандликка олиш бўйича навбатда турган оилаларнинг талабини қондириш учун 18 йил вақт керак бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги болалар уйларига ташлаб кетилган ҳолатлар таҳлил қилинганда 2017-2020 йилларда жами 594 та ҳолат қайд этилган. Уларнинг 167 таси қийин аҳволга тушган оилалар томонидан содир этилган.

2019-2020 йилларда чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятларда айбланган 49 нафар ота-она жиноий жавобгарликка тортилган. Ушбу жиноятларда воситачи сифатида иштирок этган 38 нафар шахснинг бор-йўғи 2 нафарига қамоқ жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлигининг Васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўз тизимидаги муассасаларда чақалоқ савдосининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.

Васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан жорий йилнинг январь-август ойлари давомида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, шунингдек, ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган 2 минг 747 нафар бола фарзандликка, 3 минг 954 нафари васийликка, 1 минг 534 нафар бола ҳомийликка 288 нафари оила тарбиясига берилган. 131 нафар бола болалар уйига ва 101 нафари меҳрибонлик уйларига топширилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасида чақалоқ савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш ишларини янада кучайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси лойиҳаси кўриб чиқилиб, маъқулланди.

Йиғилишда жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва теримчилар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича кўрилган чораларнинг самарадорлиги таҳлил қилинди.

Жумладан, сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, журналист ва блогерлардан иборат 13 та, давлат меҳнат инспекторлари иштирокида 6 та ишчи гуруҳ ташкил этилиб, аҳоли, корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари ўртасида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишлари ўтказилди. Жойлардан тушган мурожаатлар зудлик билан ўрганилгани ҳамда аниқланган муаммолар жойида бартараф этилгани, мажбурий меҳнатга йўл қўйган ва муносиб меҳнат шароитлари яратилишига етарли эътибор қаратмаган мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилгани таъкидланди.

Ишчи гуруҳлар томонидан республиканинг барча туманларидаги 5 минг 861 та объектда ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар давомида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун 170 нафар мансабдор шахсга жами 653 миллион 167 минг сўм миқдорда маъмурий жарима тайинланди.

Жумладан, мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 42 нафар мансабдор шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига асосан жавобгарликка тортилди ва яна 6 та ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар судларга киритилди.