Президент Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни миллий почта тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Почта тизимини хат, жўнатма ва товарлар етказиб бериш, банк, молия ва давлат хизматлари кўрсатишга ихтисослаштириш орқали соҳа барқарорлигини таъминлаш муҳим масала ҳисобланади. “Ўзбекистон почтаси” АЖ тизимида мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олган 2 мингдан зиёд бўлинма, 7 минг нафар ходим бор. Лекин йиллар давомида эътибор берилмагани оқибатида почта хизматининг ўрни пасайиб кетди. Хусусан, сўнгги ўн беш йилда 1 минг 300 та почта бўлинмаси ёпилган. Ўтган йили хориждан келган 6 минг тонна жўнатмаларнинг атиги 10 фоизи, курьерлик хизматларининг 30 фоизи миллий почта ҳиссасига тўғри келган.
Шу боис жойлардаги аҳвол ўрганилиб, Осиё тараққиёт банки экспертлари иштирокида почта тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тайёрланди. Йиғилишда ушбу чора-тадбирлар Сергели, Янгиқўрғон ва Тошкент туманлари почтаси мисолида тақдимот қилинди.
Давлатимиз раҳбари почта тизимини ривожлантириш учун уни даромад келтирадиган соҳага айлантириш зарурлигини таъкидлади. Хусусий операторлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшимча хизматларни тақдим этиш орқали почта бўлимлари даромадини ошириш мумкинлиги айтилди.
Масалан, ҳозирги кунда электрон савдо ривожланмоқда. Интернет орқали сотиб олинган товарни эгасига етказиб беришга доим талаб бор. Қолаверса, юртимизга кириб келган халқаро ташувчи компанияларнинг ҳудудларда филиаллари йўқ. Бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, почта жўнатмалари ва маҳсулотларни якуний манзилга етказиб беришни йўлга қўйиш яхши самара беради.
– Почта соҳасидаги энг асосий вазифа одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишдир, – деди Президент.
Йиғилишда якуний манзилга етказиш тизимини туманларда тажрибадан ўтказиб, келгуси йил 1 мартдан вилоят марказларида, 1 июлдан мамлакат бўйича жорий этиш режаси белгиланди. Бунинг учун жўнатмаларни қабул қилиш, саралаш ва онлайн кузатиш имконини берувчи автоматлашган ахборот тизимини ишга тушириш кераклиги таъкидланди.
Шунингдек, йил якунигача миллий онлайн савдо майдончасини жорий этиш бўйича топшириқ берилди. Бу тизим орқали тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулотини республика бўйича савдога чиқаради, миллий оператор уларни манзилига етказиб беради. Бунда “Ўзбекистон почтаси” харидор ва сотувчи ўртасида кафил бўлади. Шу мақсадда келгуси йили Тошкент шаҳрида логистика марказини ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Соҳа даромадини таъминлаш учун яна бир манба – унча мураккаб бўлмаган давлат хизматларини почта бўлимларида ҳам йўлга қўйиш. Шу нуқтаи назардан, “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг олис ҳудудлардаги 300 та бўлинмасида 13 хил давлат хизмати кўрсатишни ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Шунингдек, дастлаб Сергели, Янгиқўрғон ва Тошкент туманларидаги почта бўлинмаларида нақд пул инкассацияси, пластик карта амалиёти каби банк хизматларини жорий этиш вазифаси қўйилди.
Сўнгги тўрт йилда “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти томонидан матбуот тарқатиш ҳажми 3 баробарга камайиб, унинг жами матбуот тарқатишдаги улуши 13 фоизни ташкил этмоқда.
Мутасаддиларга босма нашрларни қўллаб-қувватлаш учун матбуот тарқатиш тизимини ривожлантириш, даврий нашрларга онлайн обуна хизматини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Янги почта хизматларини йўлга қўйиш учун ходимларни қайта тайёрлаш, почта биносини давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлар билан бирга ишлатиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
ЎзA