Бундай тадбир Ўзбекистон парламентаризми тарихида илк бор ташкил этилди.Анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, шунингдек, дунё парламентларининг халқаро нуфузли ташкилоти – Парламентлараро иттифоқ, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажаришда Ўзбекистон парламенти ролини ошириш мавзуси муҳокама қилинган мазкур мулоқотга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламентлараро иттифоқ Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари Aкмал Саидов модераторлик қилди.
Халқаро парламент форумида Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари вакили Жанни Магазени, Ўзбекистон парламенти палаталари раҳбарлари, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижлик экспертлар, депутатлар, Сенат аъзолари иштирок этди.
Таъкидланганидек, миллий парламентлар халқаро муносабатлар, фаровонликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш қонун устуворлигини ҳам миллий, ҳам халқаро даражада мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди.
Парламент аъзолари учун амалий мулоқотнинг онлайн-майдонига айланган тадбирда Парламентлараро иттифоқ ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси масъул вакиллари ҳамда Ўзбекистон парламенти палаталари раҳбарларининг маърузалари тингланди.
– Ўзбекистоннинг БМТ, Парламентлараро иттифоқ билан ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида эътиборга молик, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева. – Бугунги кунда мамлакатда суд ҳокимияти, сиёсий партиялар ва парламентнинг роли ўзгарганини алоҳида қайд этиш жоиз.
Ўзбекистон парламенти қонунчилик ишлари билан бир қаторда, ҳаётий муҳим масалаларни амалга ошириш бўйича мониторинг функцияларини ҳам кучайтирди. Хусусан, Гендер тенглик масалалари бўйича комиссия, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий комиссия, шунингдек, парламент юқори палатасида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси тузилди.
Қолаверса, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия ва Ташқи ишлар вазирликларининг ҳисоботлари эшитилиши тизими йўлга қўйилган. Бинобарин, “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” тамойили амалда намоён бўлишини таъминлаш эътиборимиз марказида. Шунинг учун ҳам халқ билан мулоқот ўрнатиш ва жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратиб келинмоқда. Зотан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш – бош мақсадимиздир, дея қайд этди Олий Мажлис Сенати Раиси.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов мамлакатда қонунчилик-ҳуқуқий база такомиллаштирилаётгани, Ўзбекистонда миллий парламент қадриятлари вужудга келгани, бу борада энг илғор халқаро тажрибадан фойдаланилаётганини таъкидлади. Бу эса давлатнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги сифатини ошириш, парламент назоратини кучайтириш, фуқаролар ҳаётини яхшилашга хизмат қилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласини фаол илгари сурмоқда. Бу фаолият халқаро мажбуриятларни бажариш ва миллий қонунчиликка татбиқ этиш, қабул қилинган қонунлар самарадорлигини мониторинг қилиш, БМТнинг устав ва шартномавий органлари тавсиялари ижроси ва бошқа йўналишлар бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқиш орқали олиб бориляпти.
– Ўзбекистон парламенти халқаро парламент жамоатчилигининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида Парламентлараро иттифоқ ҳамда бошқа халқаро парламентлар форумларида фаол иштирок этяпти, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов. – Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқ ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг “Парламент ва инсон ҳуқуқлари принциплари”ни қабул қилиш, БМТнинг 75 йиллиги бўйича Декларацияга бугунги халқаро муносабатларда миллий парламентлар ва Парламентлараро иттифоқнинг роли тўғрисидаги қоидаларни киритиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.
Видеоконференцияда шунингдек, Ўзбекистон парламентининг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги роли ва механизмлари бўйича БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши тавсияларини бажаришга доир ишлар истиқболи хусусида сўз юритилди.
Мулоқот якунида иштирокчилар Парламент форуми парламент аъзоларининг амалий мулоқотини давом эттириш, инсон ҳуқуқлари, барқарор тараққиёт ва ҳамкорлик йўналишларидаги парламентлараро алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини эътироф этди.
Форум 30 июнь – Халқаро парламент кунига бағишланди.
Маълумот учун: Жаҳон ҳамжамияти томонидан айнан 30 июнь – Халқаро парламентаризм куни этиб белгилангани бежиз эмас. Бундан 131 йил олдин, 1889 йили худди шу санада Парижда дунё давлатлари парламентларининг асосий халқаро органи ҳисобланувчи Парламентлараро иттифоқнинг илк халқаро конференцияси очилган.
Бугунги кунда Парламентлараро иттифоққа 179 мамлакат парламентлари аъзо. Бу мамлакатларнинг ҳар бирида давлат ҳокимияти вакиллик органи фаолият олиб боради. БМТга аъзо 193 давлатдан 79 тасида икки палатали, 114 тасида эса бир палатали парламент тизими амал қилмоқда. Дунё парламентларининг жами 272 та палатаси таркибида қарийб 46 минг нафар парламент аъзоси бор.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар эътирофи сифатида тарихда биринчи бор мамлакатимиз вакили 2020-2023 йилларда Парламентлараро иттифоқ Ижроия қўмитаси аъзолигига қабул қилинди. Яъни, 2020 йил бошида Парламентлараро иттифоқ бошқарув органларининг янги таркибини шакллантириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари A.Саидов Парламентлараро иттифоқ Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари, шунингдек, тузилманинг молия бўйича кичик қўмитаси аъзоси этиб тайинланди.
Ўзбекистон парламенти вакили дунё қонун чиқарувчи органларининг бундай нуфузли форуми ишида қатнашиши Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни янада самарали амалга оширишга хизмат қилмоқда. Қолаверса, халқаро парламентлараро ҳамкорлик кун тартибини шакллантиришда мамлакатимиз иштирокини таъминлаш имконини ҳам бермоқда.