Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ф а р м о н и
Жаҳон миқёсида кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси даврида, шунингдек, турли табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган, миллий қадрият ва анъаналаримизни муносиб давом эттириб, меҳр-оқибат, саховат, ҳиммат ва олижаноблик фазилатларини улуғлаб келаётган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга беминнат кўмак бериш борасидаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшган, жамиятимизда тинчлик-осойишталик, бирлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда фаол иштирок этиб, беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан кўпчиликка алоҳида ўрнак бўлаётган юртдошларимизни тақдирлаш мақсадида:
1. «Меҳр-саховат» кўкрак нишони таъсис этилсин.
2. Қуйидагилар:
«Меҳр-саховат» кўкрак нишони тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
«Меҳр-саховат» кўкрак нишонининг тавсифи 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда «Меҳр-саховат» кўкрак нишонлари ва уларнинг гувоҳномаларини белгиланган тартибда тайёрланишини таъминласин.
4. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 26 май
* * *
«Меҳр-саховат» кўкрак нишони тўғрисидаги
НИЗОМ
1. «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари:
– жаҳон миқёсида кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси даврида, шунингдек, турли табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатгани;
– танти ва олижаноб халқимизнинг буюк тарихий ва маънавий қадриятларини, миллий анъаналарини муносиб давом эттириб, меҳр-оқибат, саховат ва ҳиммат каби юксак фазилатларни улуғлаб келаётгани;
– аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшгани;
– хайрия ва саховат маблағларини тўғри ва холис йўналтириш, қийин аҳволга тушган аҳолига ўз вақтида беминнат кўмак беришдаги ташаббускорлиги;
– бугунги мураккаб ва оғир шароитда жамиятда тинчлик-осойишталик, бирлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашдаги фаоллиги;
– беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан кўпчиликка алоҳида ўрнак бўлгани учун мукофотланади.
2. «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.
3. «Меҳр-саховат» кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, вазирлик, идора ва жамоат бирлашмаларининг республика органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек, бунга вакил қилинган бошқа шахслар томонидан тантанали вазиятда топширилади.
4. Мукофотланганларга кўкрак нишони билан бирга унинг гувоҳномаси берилади.
5. «Меҳр-саховат» кўкрак нишони кўкракнинг чап томонига давлат мукофотларидан кейин тақилади.
* * *
«Меҳр-саховат» кўкрак нишонининг
ТАВСИФИ
«Меҳр-саховат» кўкрак нишони 0,25 микрон қалинликда олтин қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлади.
Кўкрак нишонининг марказида кўтарилаётган қуёш нурлари фонида ғамхўрлик билан қучиб турилган инсонларнинг рамзий тасвири акс эттирилган. Кўкрак нишонининг айланаси бўйлаб, юқори қисмида оқ эмаль фонида «MEHR-SAXOVAT» ёзуви ва қуйи қисмида иккита дафна новдаси жойлашган. Ҳарфлар баландлиги – 2,2 миллиметр.
Кўкрак нишонининг орқа томонида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган.
Кўкрак нишонининг қалинлиги – 3 миллиметр.
Ёзув ва тасвирлар – бўртма.
Кўкрак нишонининг олд ва орқа томонларининг четлари қабариқ доира билан ўралган.
Кўкрак нишони илмоқ ва ҳалқа ёрдамида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи рангларидаги шойи лента қопланган беш қиррали қадағичга уланган.
Қадағичнинг орқа томонига кўкрак нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.