Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним бошчилигидаги делегация Фарғона вилоятида бўлиб, қатор учрашувлар ўтказди.
Ўзбекистон – Хитой муносабатлари айниқса, кейинги йилларда жадал ривожланмоқда. Ҳудудлараро ҳамкорлик йўлга қўйилиб, хитойлик ишбилармонлар билан инвестициявий лойиҳалар амалга оширилаётгани бунда муҳим аҳамиятга эга.
Фарғона вилоятида Хитой капитали иштирокидаги 55 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Жорий йил июль ойида вилоят ҳокими бошчилигидаги делегация Хитойда бўлиб, 407,3 миллион долларлик инвестиция киритиш борасида келишувларга эришди. Уларнинг 358 миллион доллари тўғридан-тўғри Хитой инвестицияси иштирокида амалга ошириладиган лойиҳалардир.
Вилоят ҳокими Ш.Ғаниев билан учрашувда вилоятга Хитой инвестициясини янада кенг жалб этиш, ишбилармонлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Хитойда Фарғона вилояти ҳокимлигининг ваколатхонасини ташкил этишга келишилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимида элчи хоним билан ташкил этилган мулоқот ҳам самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими билан Хитой журналистлар ассоциацияси ўртасида ижодий алоқалар ўрнатилган. Сўнгги уч йилда 28 фарғоналик журналист тажриба алмашиш учун Хитойда, 31 нафар хитойлик журналист Фарғонада бўлди. Ижодий ҳамкорлик натижалари икки мамлакат оммавий ахборот воситаларининг мақола ва кўрсатувларида акс этди.
Цзян Янь хоним Шаньдун, Шаньси провинциялари, Хитой Марказий телевидениесининг ССТV-4 канали, Циндао телевидениеси билан фарғоналик журналистлар ҳамкорлиги амалий натижаларга бой бўлаётганини таъкидлади. Келгусида Фарғона вилояти ва Шаньси провинциясига журналистлар медиатурини ташкил этишга келишиб олинди. “Доно” нашриётининг “Сиз Хитойни биласизми?” мегатанлови ва Хитой тилида болалар учун “Билимдон” журнали чоп этиш лойиҳаси ҳар томонлама қўллаб-қувватланди.
Хитой элчиси Фарғона давлат университетида ҳам бўлиб, таълим соҳасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида фикр алмашди. Бу ерда ёшларга хитой тилини ўргатиш курсини ташкил этишга келишиб олинди.
Меҳмонлар Фарғона шаҳридаги “Moderna ceramic industries Fergana“ қўшма корхонаси, Марғилон шаҳридаги “Наримтекс” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, ушбу корхоналар фаолияти, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, экспорт имкониятлари билан танишди.
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА