Подполковник Саёра

Саёранинг бу касбга ихлос қўйиши бежиз бўлмаган. Ҳуқуқ-тартибот ходилари етишиб чиққан оилада 1999 йили акаси Пўлат ИИВ Академиясига ўқишга кириб, форма кийиб уйига келган вақтда кичкина ўн яшар қизчанинг касбга бўлган қизиқиши уйғонган эди. «Катта бўлсам мен ҳам форма кийиб, милиция бўламан» деб ота-онасига айтганларини у бугун қувонч билан эслайди.
Орзулари ушалиб, чимбойлик қиз Саёра Кулимбетова Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясига ўқишга киради. Чаққон ва масъулиятни биринчи ўринга қўядиган қиз 2015 йилда ўқишни муваффақиятли тамомлаб, ўз меҳнат фаолиятини Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой тумани бўлимида терговчи лавозимида ишлашдан бошлайди.
Хотин-қизларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари соҳасида фаолият юритиши албатта осонлик билан бўлмайди. Форма кийиб, ҳавасингни келтирадиган бўлиб юрадиган гўзал аёлларнинг эркаклар билан бир сафда туриб, ўзига хос бўлган қийинчиликни енгиб, масъулият билан иш олиб бориши ҳар қандай таҳсинга лойиқ. 2019 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси Хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш бўлими инспектори лавозимида фаолият юритаётган Саёра ана шундай масъулиятни ўз зиммасига олиб, ўзининг касбга бўлган иштиёқи билан кўзга ташланиб келмоқда.
Ўзига берилган топшириқларни ўз вақтида сўзсиз бажариб, ички ишлар органлари соҳасида хизмат қилиш давомида амалий тажриба орттириб, хизмат вазифасига масъулият билан ёндашиши натижасида ҳамкасбларининг ҳурматига сазовор бўлиб, масъулиятли ва ташаббускор хизматкор сифатида соҳада хизмат қилаётган бир неча ёшларга устозлик қилиб келмоқда.
У фаолият олиб бораётган бўлимда ишлар яхши натижалар билан кўзга ташланади. Жумладан, Ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимлари томонидан ўтган 2025 йилда республикамизда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва уларнинг олдини олиш бўйича бир қатор тизимли профилактик тадбирлар ўтказилди. Амалга оширилган профилактик тадбирлар натижасида республикада хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 55 тага ёки 29,4 фоизга (132/187) камайишига эришилди.
Шу билан бирга, хотин-қизларнинг ҳуқуқий-психологик саводхонлигини ошириш мақсадида ташкилий тадбирлар амалга оширилиб, «Хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш,» «Турмуш,» «Хавфсиз оила» махсус профилактик тадбирлари, «Биз фирибгарликка қаршимиз,» «Биз зўравонликка қаршимиз,» «Фирибгарликка йўл йўқ,» «Зўравонликка қарши 16 кун» мавзуларида республикамиз бўйлаб маҳалла ва ташкилот, корхоналарда акциялар ўтказилди. Албатта, оила риштаси ва жамиятимизда алоҳида ўрни бор аёлларимиз учун ўтказилган ушбу тадбирларнинг олиб борилишида Саёранинг фидокорона олиб борган меҳнатлари таҳсинга лойиқ.
-Мен оиламизда бешинчи милициямизман. Аслида болалигимда фармацевт бўлмоқчи эдим. Ўзим ҳавас қилиб шу касбни танлашимга сабабчи бўлган Пўлат акамдан сўнг Ғайрат, Баҳодир, Самат акамлар ҳам ички ишлар вазирлиги соҳасида фаолият олиб бормоқда. Менда акаларим сингари касбимга меҳрим баланд. Бу касб менинг ҳаётим мазмунига айланган, – дейди у.
Саёра жамиятда форма кийган ички ишлар ходими бўлса, хонадонида умр йўлдоши Раҳим Саттаров билан ўғил-қизларини тарбиялаб, вояга етказаётган меҳрибон она. Раҳим ҳам фавқулодда вазиятлар бошқармасида иш олиб бормоқда. Қирғиз қизи билан қорақалпоқ йигитининг оиласи бугун халқлар дўстлигининг меваси бўлган фарзандларининг бахтли кунлари билан тўла.
Яқинда мамлакатимизда кенг нишонланган 8 март- Хотин-қизлар байрами арафасида Саёра Кулимбетова Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг махсус буйруғи билан хизмат лавозимида берилган топшириқларни ўз вақтида бажариб, самарали фаолият олиб борганлиги учун муддатидан олдин подполковник унвони берилди.


Байрам арафасида берилган эътибор ва ишонч уни касбга бўлган қизиқишини янада ошириб, бугун у ҳар қачонгидан ҳам шиддатли бўлиб, соҳада олиб борилаётган ишларда янада катта натижалар кўрсатишга бел боғлаган. Унга бу йўлда мардлик ва фидойилик доимо ҳамроҳ бўлиб, улкан муваффақиятларни қўлга киритишини тилаймиз.
Гулнора Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги