Ўзбекистон IT соҳасига япон инвестициялари жалб этилади

18

Рақамли технологиялар вазирлигида Япониянинг йирик савдо корпорацияларидан бири — “Itochu Corporation” вакиллари билан учрашув ўтказилди. Унда мамлакатимиз АТ бозорига инвестицияларни жалб қилиш ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Мулоқот давомида компаниянинг Ўзбекистонда авиация саноатига доир BPO ва KPO хизматларини IT Park резиденти сифатида амалга ошириш имкониятлари юзасидан музокаралар олиб борилди.

Шунингдек, хорижий компаниялар учун юртимизда “One Stop Shop” тамойили асосида қулай шарт-шароитлар яратилгани, хусусан, корхоналарни рўйхатдан ўтказиш, офис ва малакали кадрлар топишда бевосита кўмак кўрсатилаётгани қайд этилди.

Эътиборлиси, бугунги кунда IT Park’нинг 3500 дан зиёд резидентидан қарийб 1000 таси хорижий капитал асосида фаолият юритмоқда. Сўнгги бир йил ичида 27 та Япония компанияси ушбу мақомни олган.

Учрашувда Япониядаги АТ кадрлари танқислигини қоплаш мақсадида Ўзбекистон ёшларини тайёрлаш бўйича имзоланган англашув меморандуми (MoU) муҳим аҳамият касб этаётгани, умуман олганда Япония юртимиз учун стратегик ҳамкор экани таъкидланди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида Data-марказлар ва AI лойиҳалари учун яратилган махсус имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилиб, инвесторлар қаторида япон компаниялари ҳам таклиф этилди.

Якунда “Itochu Corporation” вакиллари мамлакатимиздаги очиқ бизнес муҳитини ижобий баҳолаб, келгусида амалга ошириладиган давлат-хусусий шериклик (PPP) лойиҳалари доирасида вазирлик ҳамда IT Park билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини маълум қилди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА