Интеллектуал капитални сақлаб қолиш стратегияси
ХХI асрда давлатлар ўртасидаги рақобат табиий ресурслар ёки арзон ишчи кучи билан эмас, балки интеллектуал капитал, яъни билим, малака ва инновацион салоҳият билан белгиланмоқда. Жаҳон банки тадқиқотига кўра, замонавий иқтисодиётда миллий бойликнинг асосий қисми инсон капитали ҳиссасига тўғри келади. Бу эса малакали кадрлар ва илмий салоҳиятни сақлаб қолиш ҳар қандай давлат учун стратегик масалага айланганини англатади.
Глобал меҳнат бозори тобора очиқлашиб, истеъдодлар учун кураш кескинлашаётган бир пайтда, юқори малакали мутахассислар миграцияси ҳам ортмоқда. Халқаро миграция ташкилоти (IOM) ва OECD маълумоти шуни кўрсатадики, айниқса IT, тиббиёт, муҳандислик ва илм-фан соҳаларида кадрлар оқими жадал кечмоқда. “Google”, “Microsoft” ва “OpenAI” каби технология гигантлари бутун дунё бўйлаб иқтидорли ёшларни жалб қилиш учун рақобатлашмоқда. Бу жараён ривожланаётган мамлакатлар учун икки хил оқибатни юзага чиқаради: бир томондан глобал тажриба ва даромад имконияти, иккинчи томондан интеллектуал капитал чиқиб кетиши.
Ўзбекистон ҳам айни жараёндан четда эмас. Сўнгги йилларда юртимизда олий таълим қамрови сезиларли даражада кенгайди, IT-парклар ташкил этилди, хорижий университетлар филиаллари очилди, ёшлар учун стартап дастурлари йўлга қўйилди. Ижобий ўзгаришлар кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилмоқда. Интеллектуал капитални сақлаб қолиш стратегияси айнан шу нуқтада долзарб аҳамият касб этади. Бугунги ёш кадр нафақат маош, балки илмий эркинлик, инновацион муҳит, профессионал ривожланиш ва барқарор ижтимоий кафолат излайди.
Халқаро тажриба кўрсатадики, жараённи маъмурий усул билан тўхтатиш самара бермайди. Аксинча, “brain drain”ни бошқариладиган “brain circulation” моделига айлантириш муҳим. Жанубий Корея ва Ҳиндистон диаспорадаги олим ва мутахассислар билан фаол ҳамкорлик ўрнатиб, уларнинг тажрибасини миллий ривожланишга йўналтиришга эришган. Бошқача айтганда, истеъдодлар грант дастурлари, қайтиш лойиҳалари ва қўшма илмий марказлар орқали билим оқимини ўз мамлакатига йўналтирмоқда.
Интеллектуал капитални сақлаб қолиш масаласи аслида иқтисодий ўсиш суръати, инновацион ривожланиш ва миллий хавфсизлик билан чамбарчас боғлиқ. Яъни, билимли ва ташаббускор авлод давлатнинг узоқ муддатли барқарорлигини белгилайди. Шундай экан, стратегия фақат бугунги муаммога жавоб эмас, балки келажак тараққиёти учун асос бўлиши керак.
Интеллектуал капитални сақлаб қолиш стратегиясининг кейинги босқичи аниқ ва ишлайдиган механизм жорий этишдир. Юқори малакали мутахассис учун рақобатбардош иш ҳақи, солиқ имтиёзи ва ижтимоий кафолат мавжуд бўлмаса, глобал бозор билан рақобат қилиш қийин. Жаҳон банки ва OECD тадқиқотида инсон капиталига йўналтирилган сармоя узоқ муддатда ялпи ички маҳсулот ўсишига бевосита таъсир кўрсатиши қайд этилган.
Иккинчи муҳим йўналиш – илмий ва инновацион муҳитни кучайтириш. Илм-фан грантлари, стартапларни йирик миқдорда молиялаштириш, университетлар ҳузурида илмий лаборатория ва технопарклар очиш орқали интеллектуал салоҳиятни ички бозорда ушлаб қолиш мумкин. Инновация экотизими нафақат иш ўрни яратади, балки иқтидорли ёшларга ўз ғоясини амалга ошириш имконини беради.
Учинчи стратегик йўналиш – диаспора билан тизимли ҳамкорлик. Хорижда фаолият юритаётган мутахассислар билан доимий алоқа ўрнатиш, қўшма илмий лойиҳалар ва масофавий менторлик дастурларини йўлга қўйиш “braincirculation” моделини кучайтиради.
Тўртинчи омил – таълим тизимини иқтисодиёт билан уйғунлаштириш. Университет битирувчиси олган билимини амалиётда қўллай олиши керак. Бунинг учун олий таълим муассасаси ва реал сектор ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик зарур: дуал таълим, амалиёт дастурлари, корпоратив буюртмалар асосида кадр тайёрлаш механизми жорий этилиши лозим. Акс ҳолда диплом бозор талабига мос келмайди ва ёш мутахассис чет элдан имконият излайди.
Бешинчи муҳим йўналиш – бошқарув ва институционал ислоҳот. Шаффоф танлов тизими, меритократия тамойили ва адолатли мансаб ўсиши интеллектуал капитални ушлаб туришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Ёш мутахассис ўз меҳнати қадрланишини, касбий ривожланиш йўли очиқлигини ҳис қилиши шарт.
Ўзбекистон сўнгги йилларда IT-парклар ташкил этиш, стартапларни қўллаб-қувватлаш, олий таълим қамровини кенгайтириш орқали муҳим қадамлар ташлади. Энди асосий вазифа – ташаббусларни ягона, узвий стратегияга бирлаштириш. Интеллектуал капитални сақлаб қолиш сиёсати алоҳида лойиҳа эмас, балки иқтисодий ривожланиш моделининг ажралмас қисмидир.
Хулоса шуки, энг улкан миллий бойлик ҳисобланадиган билимли ва ташаббускор авлодни сақлаб қолиш учун иқтисодий рағбат, илмий муҳит, очиқ бошқарув ва глобал ҳамкорлик бир бутун тизим сифатида ишлаши керак. Акс ҳолда истеъдодлар учун глобал курашда ортда қолиш хавфи юзага келади. Интеллектуал капитални асраш бугун эмас, келажакнинг стратегик танловидир.
Мусулмон Зиё, ЎзА