Баҳорги чарчоқ ва ундан чиқиш йўллари

Баҳор одатда янгиланиш фасли сифатида тасвирланади. Дарахтлар куртак ёзади, гуллар очилади, кунлар узаяди. Аммо шунга қарамай, кўпчилик айнан баҳор ойларида ўзини ҳолсиз, чарчаган ва руҳий жиҳатдан суст ҳис қилади. Бу ҳолат халқ орасида “баҳорги чарчоқ” ёки “баҳорги депрессия” деб аталади.
Баҳорги депрессия — вақтинчалик ҳолат
Фасллар алмашинуви инсон организмига маълум даражада таъсир кўрсатади. Қиш давомида организм совуқ об-ҳаво ва қисқа кунларга мослашади. Баҳор келиши билан эса биологик ритм ўзгаради. Натижада уйқу режими бузилиши, тез чарчаш, асабийлик ва иш қобилиятининг пасайиши кузатилиши мумкин.
Бу ҳолат руҳий касаллик эмас, балки организмнинг янги фаслга мослашиш жараёнидир. Шунга қарамай, эътиборсиз қолдирилса, кундалик ҳаёт сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Витамин етишмаслиги муаммоси
Баҳорги чарчоқнинг асосий сабабларидан бири — витамин ва минерал моддалар танқислигидир. Қиш мавсумида инсон рационида янги сабзавот ва мевалар миқдори камаяди. Айниқса, D витамини, C витамини ва темир етишмаслиги тез-тез учрайди. D витамини қуёш нури орқали ҳосил бўлади. Қиш давомида қуёш кам кўрингани сабабли организмда ушбу витамин миқдори пасаяди. Бу эса иммунитетнинг сусайиши ва кайфиятнинг тушишига олиб келади. Шунингдек, темир етишмовчилиги ҳам ҳолсизлик ва бош айланишига сабаб бўлиши мумкин.
Баҳорги чарчоқдан халос бўлиш учун мутахассисларнинг қуйидаги тавсияларини синаб кўринг:
- Тўғри овқатланинг — рационингизга витаминларга бой маҳсулотларни, айниқса, яшил сабзавотлар ва меваларни қўшинг.
- Етарлича суюқлик ичинг — кунига камида 1,5-2 литр сув ичишга ҳаракат қилинг.
- Жисмоний фаолликни оширинг — енгил юриш, югуриш ёки эрталабки бадантарбия кайфиятингизни кўтаради.
- Уйқу тартибини сақланг — ҳар куни бир вақтда ётиб, 7-8 соат ухлаш организмни тиклайди.
- D-витаминини унутманг — қуёш нурлари остида сайр қилиш ва балиқ маҳсулотлари истеъмол қилиш бу витамин етишмаслигини олдини олади.
Ўзингизга ғамхўрлик қилинг ва баҳорни тетик кутиб олинг!
Шоира Хайтбаева
Бердақ номидаги ҚДУ Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультети талабаси
Қорақолпоғистон ахборот агентлиги