Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш: халқаро ҳамкорликдаги амалий ёндашув
Одил судлов академияси томонидан БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) билан ҳамкорликда судьялар учун малака ошириш курслари ташкил этилди.
Унда Академия ректори Шерзод Абдуқодиров болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлаб, судьялар зиммасидаги масъулият вa профессионал ёндашувнинг муҳим жиҳатларига алоҳида тўхталди.

Мазкур халқаро форматдаги ўқув курсларида масъул ташкилотлар вакиллари ҳамда республика бўйича 30 га яқин жиноят ишлари бўйича судлар судьялари фаол иштирок этди.
Икки кун давом этган машғулотлар доирасида иштирокчилар болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича миллий ва халқаро стандартларни ўрганди.
Жабрланувчи болалар билан мулоқотнинг психологик жиҳатлари, суд жараёнида болалар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш, халқаро тажриба ва амалий ёндашувлар бўйича билим ва кўникмаларини оширди.
Машғулотлар халқаро эксперт ҳамда миллий мутахассислар иштирокида интерактив ва амалий форматда ўтказилди.
Ушбу тадбир суд амалиётида болалар манфаатларини таъминлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашувини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА