Ўзбекистон ва Германия муносабатлари ривожланиб бормоқда

8

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Раҳимжон Ҳакимовнинг Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси раҳбари Андре Алгермиссен билан учрашуви бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар — инновация ва технологиялар, “яшил” иқтисодиёт, муқобил энергетика, транспорт ва логистика, таълим ва маданият соҳаларида ривожланиб бормоқда.

Шунингдек, икки томонлама муносабатлар доирасида  сиёсий ва иқтисодий соҳадаги мулоқот фаоллашгани ижобий баҳоланди.

Ўз навбатида, А. Алгермиссен сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, кенг миқёсли янгиланишларни эътироф этди.

Шунингдек, бугунги кунда Парламент тадқиқотлари институти, Ёшлар парламенти билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани, соҳага янги амалиёт ва механизмлар жорий этишда қатор амалий ишлар қилинаётганлиги қайд этилди.

Суҳбат чоғида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан, бугунги кундаги парламентаризмнинг долзарб масалаларини тадқиқ этиш, илғор хорижий амалиёт ютуқларини ўрганишга келишиб олинди.

Шу билан бирга, парламент фаолиятида сунъий интеллектни қўллаш, ушбу йўналишда Германия тажрибасини ўрганиш юзасидан ҳамкорлик қилиш бўйича фикрлар алмашилди.

М.Комилова, ЎзА