Киберхавфсизлик ва сунъий интеллект соҳаларида халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида киберхавфсизлик ва сунъий интеллект бўйича бой тажрибага эга бўлган “ARRTECH Corp” ва “Relisecure Corp” компанияларининг ижрочи директори Алпер Жем Йилмаз, шунингдек, Марказий Осиёдаги етакчи IT-дистрибьюторларидан бири “Elcore Distribution Kazakhstan” компаниясининг мамлакатлар бўйича директори Назгул Таимова ва етакчи коммуникация менежери Айнур Максим билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми Рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологиялари сектори бошлиғи Қуанишбай Сейтназаров, институт ректори вазифасини вақтинча бажарувчиси Қувондиқ Қодиров институтда ахборот технологияларини ривожлантириш, ўқув жараёнини рақамлаштириш, киберхавфсизликни таъминлаш, шунингдек, сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Тадбирда меҳмонлар “Siberkoza” лойиҳаси орқали Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Покистон давлатларидаги 7 та университетда ташкил этилган лабораториялар ёрдамида янги авлод киберхавфсизлик ва сунъий интеллект мутахассисларини тайёрлаш ҳамда қўллаб-қувватлаш ишлари олиб борилаётганини таъкидлади.
Учрашув давомида институтда ушбу лойиҳа доирасида, шунингдек, киберхавфсизлик, сунъий интеллект ва илғор технологиялар бўйича стратегик инвестиция ҳамда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирдан сўнг меҳмонлар институтнинг IT-инкубация маркази фаолияти билан танишди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги